Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нуротани комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури маъқулланди
Фото: KUN.UZ
Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2021 йилларда Навоий вилоятининг Нурота туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари томонидан ишлаб чиқилган 2019-2021 йилларда Навоий вилоятининг Нурота туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури маъқулланди.
Қуйидагилар Дастурнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди:
туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолининг, хусусан хотин-қизлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадларини ва турмуш даражасини ошириш;
кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш;
мавжуд фойдали қазилмалар - мармар, гранит конларини ўзлаштириш натижасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва уларни қайта ишлаш даражасини ошириш;
муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини тоза ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси билан таъминланганлик даражасини ошириш;
ҳунармандчилик, шу жумладан ҳудуд учун хос бўлган қадимий каштачилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш;
туман маркази ва бошқа аҳоли яшаш жойлари меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириш ҳамда ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш;
аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан самарали фойдаланиш чора-тадбирларига оид дастур доирасида 2019-2021 йилларда туманда рақамли технологиялар ўқув марказини ташкил этиш ва унда бепул таълим бериш.
Қуйидагилар:
2019-2021 йилларда Навоий вилояти Нурота туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини молиялаштириш манбалари;
Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;
2019-2021 йилларда Навоий вилояти Нурота туманида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш бўйича лойиҳалар;
Навоий вилоятининг Нурота туманида йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини қуриш, реконструкция қилиш ва модернизация қилиш чора-тадбирлари;
Таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш чора-тадбирлари;
Суғориш тик қудуқлари тизимини яхшилаш чора-тадбирлари;
2019-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жойларни таъмирлаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар;
2019-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жойлар ҳудудларини ободонлаштириш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар;
Навоий вилояти Нурота туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тасдиқланди.
Навоий вилояти ҳокимлигига Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда тижорат банклари билан келишган ҳолда лойиҳаларнинг қиймати ва иш ўринлари сонини сақлаб қолиш шарти билан Дастурда белгиланган лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига заруратга кўра ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилди.
Тижорат банкларига Дастур доирасида мармар ва гранит тошларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлашни назарда тутувчи лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида мазкур лойиҳаларнинг ўзини ўзи қоплаш давридан келиб чиқиб, халқаро молия институтлари ва хорижий банклар кредит линия маблағлари ҳамда миллий валютадаги кредитлар ҳисобидан молиялаштириш тавсия этилди.
Дастур доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида кредитлар қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган гаров таъминотлари асосида ажратилиши тавсия этилди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Нурота туманида:
мавжуд норуда фойдали қазилмалари конларини ўзлаштириш учун салоҳиятли инвесторларни, биринчи навбатда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги инвестицияларни жалб қилган ҳолда қазиб олиш ва қайта ишлаш;
мармар ва гранит тошларини қазиб олиш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган ташкилотлардан иборат кластерни барпо этиш ҳамда мармар ва гранит тошларни чуқур қайта ишлаш орқали жаҳон стандартларига мос экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш чораларини кўради.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Навоий вилояти ҳокимлиги 2019 йил 1 октябрга қадар Нурота туманининг инвестицион жозибадорлиги, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда хорижий инвесторлар учун таклиф этилаётган шарт-шароит ва имкониятлар ҳақидаги инглиз ва рус тилларида видео-тақдимот материалларини тайёрлаш, “Инвестиция портали” ва оммавий ахборот воситаларига жойлаштириш, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарига юбориш ва улар орқали кенг ёритишни таъминлайди.
Навоий вилояти ҳокимлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Нурота туманидаги “Чашма” тарихий-меъморий мажмуасини янада обод қилиш, мажмуа атрофида қўшимча меҳмонхона қуриш, унаби ва бошқа мевали дарахтлар боғини яратиш чораларини кўради ҳамда “Чашма” тарихий-меъморий мажмуаси моддий маданий мерос давлат кадастрига киритилганлиги ва давлат муҳофазасига олинганлигини инобатга олиб, унинг атрофида амалга ошириладиган барча қурилиш лойиҳаларини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 2020 йил 1 февралга қадар туманда ҳар икки йилда анъанавий тарзда ўтказилиши белгиланган “Нурли наволар” халқаро фестивали юқори савияда ўтказилишини ташкил этиш учун туман марказида икки минг ўринли замонавий амфитеатр биносини янгидан қуриш чорасини кўради;
Навоий вилояти Нурота тумани ҳокимлиги буюртмачи этиб белгиланди;
амфитеатр биносини ҳомийлик маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қуриш белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда 2019-2021 йилларда Нурота туманида мавжуд 1 350 гектар бошоқли дон экин майдонларини қисқартириш ҳисобига ҳамда қўшимча 8 650 гектар лалми ва яйлов ер майдонларида “гибрид турдаги муқобил энергия манбалари”ни қўллаш асосида томчилатиб суғоришни жорий қилган ҳолда, юқори даромадли ва экспортбоп экинларни экиш, жумладан интенсив боғ, ёнғоқ, бодом, листа плантацияларини ва токзорларни барпо этиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Бунда, бошоқли дон экин майдонларини қисқартириб ўрнида сув тежовчи технологиялар жорий этиш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган ер майдонларини сув билан таъминлаш учун ер ости ресурслари жойлашуви бўйича тақдим этиладиган хулосаларга кўра қурилиши талаб этиладиган тик суғориш қудуқларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қуриш ва эксплуатация қилиш учун талаб этиладиган маблағларнинг молиялаштириш манбаси аниқ белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Узумчиликни ривожлантириш агентлиги, “Асакабанк” акциядорлик тижорат банки, Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда 3 600 гектарда токзорлар барпо этиш бўйича чора-тадбирлар режасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Нурота давлат ўрмон хўжалигининг ўзлаштирилган ер майдонларига белгиланган тартибда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 10 дона тик қудуқ қазиш ҳамда моддий-техник базасини тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлимининг “Қизилқум” илмий-тадқиқот тажриба станцияси негизида “Қизилқум илмий-тадқиқот тажриба станцияси” давлат унитар корхонаси ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий ишлаб чиқариш маркази бир ой муддатда Фанлар академиясининг Навоий вилояти бўлимига қарашли “Қизилқум илмий-тадқиқот тажриба станцияси” давлат унитар корхонаси томонидан Нурота туманида 500 гектар ер майдонида, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий ишлаб чиқариш марказига қарашли Бухоро чўл яйлов озуқабоп ўсимликлари уруғчилик илмий-ишлаб чиқариш маркази томонидан яйлов ўсимликлари уруғчилигини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режасини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.
Мавзуга оид
12:31 / 11.12.2025
Барча дорихоналар “Электрон рецепт” орқали ишлашга ўтади
13:11 / 18.11.2025
Бинолар зилзилабардошлигини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар жорий этилмоқда
12:59 / 06.11.2025
Қатағон қурбонлари меросини тарғиб этиш бўйича дастур тасдиқланди
19:07 / 02.11.2025