Ўзбекистон | 17:37 / 27.02.2023
5890
5 дақиқада ўқилади

Ногиронлар мансабдор шахслар қабулига навбатсиз киради – президент қарори 

2023/2024 ўқув йилига қабул жараёнидан бошлаб қабул тартиби, тест синовлари тўғрисида абитуриентларга маълумот бериш учун тайёрланадиган материаллар ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай форматда бўлади. Жумладан, видеороликлар сурдотаржима ёки субтитрлар билан намойиш этилади. 

Фото: Максим Богодвид

Президент “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарор билан ногиронлиги бўлган шахсларга бир қатор енгилликлар берилмоқда.

Ҳужжат билан ногиронлиги бўлган муҳтож шахсларни замонавий протез-ортопедия мосламалари билан таъминлаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш муассасалари ускуналарини модернизация қилиш, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар ҳамда уларга ғамхўрлик қилувчи фуқароларга давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш бўйича имтиёзлар бериш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ва уларга юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.

Қайд этилишича, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш даражасини 60 фоизга етказиш белгиланган. Мазкур кўрсаткичга эришиш доирасида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан 2023 йилда муҳтож шахсларни хорижий технологиялар асосида тайёрланган сифатли замонавий оёқ протез-ортопедия буюмлари, шу жумладан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни сон протези, болдир протези ва оёқ камари ортопед аппаратлари билан бепул таъминлайди.

Қарор билан 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашда ногиронлиги бўлган шахслардан тиббий хулоса талаб қилиш бекор қилинмоқда. 

Бунда:

  • фуқароларни тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш
  • ва ногиронликни белгилаш билан бир вақтда тегишли протез-ортопедия мосламалари ҳамда реабилитация қилишнинг техник воситаларини олиш учун тиббий хулоса тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизимига киритилади;
  • протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини олиш учун талаб этиладиган тиббий хулосанинг мавжудлиги ўзаро ахборот алмашинуви орқали аниқланади;
  • “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизимига киритилган тиббий хулоса асосида мазкур ахборот тизимига интеграция қилинган “Ижтимоий хизмат” электрон платформасида ногиронлиги белгиланган шахснинг мурожаати (шу жумладан, электрон тартибда) асосида протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини олиш учун электрон сертификат шакллантирилади;
  • ногиронлиги бўлган шахсларни “Ижтимоий хизмат” электрон платформаси орқали шу жумладан замонавий протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашда жорий этиладиган шаффоф электрон навбат доирасида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ногиронлиги бўлган шахсларга устуворлик берилади. Бунда, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш учун сўровномалар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатидан битта сўровнома ва умумий рўйхатдан битта сўровнома тартибида навбатма-навбат шакллантирилади.

Қарорда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар ва уларга ғамхўрлик қилувчи (йўлда кузатиб борувчи) бир нафар фуқаро учун давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан, шу жумладан давлат хизматлари марказлари, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият муассасаларида фуқароларнинг бевосита ҳозирлигида (жойида) кўрсатиладиган хизматлардан навбатсиз фойдаланиш, давлат идоралари раҳбарлари (мансабдор шахслари) қабулига навбатсиз кириш бўйича имтиёз берилиши ҳам белгилаб қўйилди. 

Шунингдек, 2023 йил 1 майдан бошлаб тиббиёт муассасаларида даволанаётган ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилиш учун шу муассасада унинг отаси ёки онасига (уларнинг ўрнини босувчи шахсга) ёхуд оиланинг болани бевосита парваришлаётган бошқа аъзосига ногиронлиги бўлган боланинг ёнида бирга бўлиш учун шароит яратилади. Жумладан, стационар тиббиёт муассасаларида ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган шахсга мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик қилувчи шахслар (ота-онаси ва бошқалар) учун даволаш даврида давлат стационар тиббиёт муассасаларида бепул овқатланиш йўлга қўйилади.

Қарор билан педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан болаларнинг ногиронлиги бўлган шахс деб топилиши асосли эканини аниқлаш мақсадида уларни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларининг йўлланмасига асосан қайтадан тиббий-ижтимоий экспертизага юбориш тартиби ҳам бекор қилинмоқда. 

Бундан ташқари, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб “Махсус педагогика, дефектология” магистратура мутахассисликлари бўйича давлат олий таълим муассасаларига қабул тўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилади. 2023/2024 ўқув йилига қабул жараёнидан бошлаб қабул тартиби, тест синовлари тўғрисида абитуриентларга маълумот бериш учун тайёрланадиган материаллар ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай форматда бўлиши, жумладан видеороликлар сурдотаржима ёки субтитрлар билан намойиш этилиши таъминланади.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид