Жаҳон | 23:06 / 04.08.2025
17797
3 дақиқада ўқилади

Россия ядровий ракеталарини яна Европага қаратишини маълум қилди

СССР даврида Европага қаратилган қисқа ва ўрта масофали ракеталар АҚШ билан келишувга мувофиқ йўқ қилинган эди.

Фото: ТАСС

Россия энди ўзининг ўрта ва қисқа масофали ер усти ракеталарини жойлаштириш бўйича чекловлар билан боғланган деб ҳисобламайди, деб ёзди Россия ТИВ хабарига таяниб The Moscow Times.

«Бу борадаги бир неча бор огоҳлантиришларимиз эътиборсиз қолдирилгани ва вазият Европа ва Осиё-Тинч океани минтақасида Америкада ишлаб чиқарилган қуруқликдаги қуролларни амалда жойлаштириш йўлида ривожланиб бораётгани сабабли, Россия Ташқи ишлар вазирлиги бундай қуролларни жойлаштиришга бир томонлама мораторийни сақлаб қолиш учун шарт-шароитлар йўқолганини қайд этади», дейилади Россия ташқи сиёсат идораси баёнотида.

СССР даврида ядровий каллакларга эга ва Европадаги НАТО давлатларини нишонга олган, зарба масофаси 500 км дан 5,5 минг км гача бўлган ракеталар 1980-йилларнинг охирида Михаил Горбачёв ва Роналд Рейган томонидан имзоланган шартнома доирасида йўқ қилинган эди. 2019 йилда АҚШ бундай ракеталарни тақиқлаш тўғрисидаги шартномадан чиқиб, уни бузганликда Россияни айблади.

Америка маълумотларига кўра, Россия аллақачон ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталарга эга. Бу «Искандер» мажмуасининг 9М729 ракетаси бўлиб, у ядровий каллак билан ҳам жиҳозланиши мумкин. Унинг масофаси 500 км бўлса-да, АҚШ 9М729 анча узоққа уча олади деб ҳисоблайди ва Калининград вилоятида жойлаштирилганда, унинг зарба радиуси Ғарбий Европа пойтахтларини қамраб олади.

Россия Вашингтон билан шартнома барбод бўлганидан кейин Европа мамлакатлари учун мўлжалланган ўрта ва қисқа масофали ракеталарни жойлаштиришга «ихтиёрий мораторий» эълон қилди.

2024 йил ёзида Россия президенти Владимир Путин ўрта ва қисқа масофали ракеталарни ишлаб чиқаришни қайта тиклашни буюрган эди.

«Қўшма Штатлар ўйлаб топилган баҳона билан бу шартномадан чиқди ва бундай ракета тизимларини ишлаб чиқаришини эълон қилди», деди Путин.

«Кўриниб турибдики, биз ушбу зарба тизимларини ишлаб чиқаришни бошлашимиз ва кейин реал вазиятдан келиб чиқиб, хавфсизлигимизни таъминлаш учун зарур бўлса, уларни қаерга жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилишимиз керак», деди Путин.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид