Light | 19:02 / 04.12.2018
8661
4 дақиқада ўқилади

Мутолаа режаси нима учун керак ва у қандай қилиб тузилади?

Китобларни тартиблаштиринг, ана ўшанда уларни ўқишдан кўпроқ фойда ва завқ оласиз.

Сизда бир ҳафталик режа, машқлар ва молия режаси, балки дам олиш режаси ҳам бордир. Уларнинг бари муҳим нарсани ёддан чиқармаслик, вақт ва ресурсдан самарали фойдаланишда ёрдам беради. Китоб ўқиш борасида ҳам ана шундай рўйхатни юритиш лозим.

Мутолаа режаси нима?

Сиз ўқишни истаган китобларнинг мавзулар бўйича сараланган рўйхати. Унинг ёрдамида бир китобдан бошқасига тартибсиз сакрамайсиз. Бирор нарса ўқиш истаги пайдо бўлса, мавзулардан бирига мурожаат қиласиз ва ўқилмаган китоблардан кейингисини танлайсиз. Бу бўлимга бир муаллифнинг барча китоблари, муайян жанрдаги ва битта катта соҳадаги китоблар ҳам киритилиши мумкин.

Фото: Лайфхакер

Унинг фойдаси нимадан иборат?

  1. Узлуксиз таълим олишга ёрдам беради

Таълим аттестат ёки диплом олиш билан якунланмайди. Нафақат кўнгилни ёзиш, балки бирор нима ўрганиш учун ҳам мутолаа қилинг. Режа машғулотларнинг шахсий жадвалини тузиш ва бирор соҳани ўзлаштиришда ёрдам беради.

  1. Мутолаани тартибга солади

Албатта, мутолаа хурсандчилик ва ҳузур келтириши лозим. Китоблар рўйхати мутолаани режалаштирилган мажбуриятга айлантириш учун тузилмайди. У бор-йўғи доимий равишда ўқишга ёрдам беради. Кўплаб қизиқ китоблардан иборат режа сизни мутолаа учун вақт топишга мажбур қилади. Агар ҳозирда китоб ўқиш учун вақт тополмаётган бўлсангиз, бунинг учун дастлаб кунига 30 дақиқа вақт ажратишга ҳаракат қилинг.

Вазифалар рўйхати иш ва мажбуриятларга диққатни қаратишга ёрдам бергани каби китоблар рўйхати ҳам мутолаага кўпроқ эътибор бериш ва ўқиб тугатилган китобларни рўйхатдан ўчириб ташлаш имконини беради.

  1. Китобларни охиригача ўқишга иштиёқ уйғотади

Агар ўқиётган китобингиз ёқмаётган бўлса, ўзингизни мажбурламанг. Бироқ айрим вақтларда сизда катта таассурот уйғотмаётган китобни ҳам охиригача ўқиш керак. Режага амал қилиш истаги китобни ўқиб тугатишда ёрдам бериши мумкин.

  1. Танловни қисқартиради

Айрим вақтларда кейинги китоб қайси бўлишини ўйлаб ҳам мутолаа иштиёқи сўнади. Кутубхоналар ва дўконлардаги кенг танлов акс таъсир кўрсатади. Барини ўқигингиз келади. Бироқ бирор қарорга келгунча хоҳиш йўқолади. Сизда режа бўлса, танлашга ҳожат қолмайди – рўйхатдаги кейинги китобни ўқишни бошлайсиз.

  1. Муайян соҳада моҳир уста бўлишда ёрдам беради

Умумий билимлар билан бирга бирор соҳани ипидан игнасигача билиш нақадар яхши. Бу ўз-ўзидан қониққанлик ҳиссини уйғотади. Бирор ишни яхши билиш усулларидан бири – у ҳақида кўп ўқиш. Карьера ва қизиқишларингиз билан боғлиқ бўлган исталган соҳани танланг. Аста-секин билимларингизни ошириб борасиз.

  1. Қониқиш ҳиссини уйғотади

Ўйлаган ишимизни бажарганда бирор нарсага эришганимизни ҳис қиламиз. Айнан нима режалаштирилгани аҳамиятсиз: оғир машғулот, бир неча килограмга озиш ёки муайян миқдордаги китобларни ўқиш. Рўйхатдаги ўқиб тугатилган китобларни ўчираётиб вақтни бекорга сарф қилмаганингизни ҳис этасиз.

Мутолаа рўйхати қандай тузилади: бир неча фикрлар

Ўта оддий рўйхат тузманг. Одатий жанрлардан бироз четга чиқинг.

Фото: Лайфхакер

Мутолаа рўйхатини тўлдиришни бошланг. Қуйидагиларга аҳамият беринг:

  • Машҳур ёзувчиларнинг тавсиялари. Масалан, Хемингуэй, Набоков, Хаяо Миядзаки рўйхатларини кўздан кечиринг.
  • Мукофот олган китоблар. Масалан, Пулитцер мукофоти олган китоблар билан танишиб чиқинг.
  • Етук шахслар рўйхатидаги китобларни ўқинг. Масалан, Стив Жобс, Билл Гейтс ва Илон Маскнинг маслаҳатлари.
  • Севимли муаллифнинг барча китоблари. Агар сизга Толстой, Диккенс ёки бошқа исталган муаллиф ёқса, у нима ёзганини ўқиб чиқинг. Ҳатто хронологик кетма-кетликдан фойдаланса ҳам бўлади.
  • Бир хил категориядаги китоблар. Масалан, мамлакатингиздаги раҳбарларнинг биографиялари. Ёки тарихий воқеа ҳақидаги китоблар.

Мавзуга оид