Жамият | 15:06 / 08.06.2021
14349
9 дақиқада ўқилади

Канададаги ҳаёт ва иммиграция тизими — адвокат Раҳмат Собиров билан суҳбат

Бир неча йиллардан буён Канадада истиқомат қилиб келаётган адвокат Раҳмат Собиров MFaktor лойиҳасининг навбатдаги меҳмони бўлди.

Суҳбат Канададаги ҳаёт тарзи, ўқиш, иммиграция тизими ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Дўппи кийганимизга эътибор қилган

Венгрия пойтахти ‒ Будапешт шаҳрида магистратура босқичида таҳсил олганман. Ҳеч эсимдан чиқмайди, Рамазон Ҳайитига масжидга чиққанимизда бир инсон дўппи кийганимизга эътибор қилган экан. Кейин у инсон билан танишдик. У уйғур миллатига мансуб бўлиб Канадада истиқомат қилар экан. Инглиз тилида гаплашганимни эшитиб, TOEFL балларимни сўради. Ўша вақтларда TOEFL’дан имтиҳон топширар эдик. Бу мен учун биринчи сигнал бўлган.

Бундан ташқари, Будапештда ётоқхонадан ижара уйга кўчадиган бўлдим. Руминиялик уни менга бўшата туриб, Канадага кўчиб кетаётганини айтди. Юклари оғир бўлгани учун уни аэропортгача кузатиб қўйдим. Буни қарангки, ҳужжатларининг бир қисми қолиб кетган экан. Уйқум қочиб, улар билан танишдим. Канадага кетиш истаги туғилди. Бу иккинчи огоҳлантириш қўнғироғи бўлди.

Шундан кейин Венгриянинг Австриядаги элчихонасига ҳужжат топширдим. 3 ойдан сўнг менга виза чиқди.

Яшаш осон кечмаган

Канадага келиб, 2007 йили соҳам бўйича иш топганман. Унгача турли ишлар, ҳатто «қора ишлар»ни бажаришга тўғри келган. Буни табиий қабул қилиш керак. 

Сизни натижаси эмас, ҳаракатингиз кўпроқ қизиқтирсин. Шунда кўзланган мақсадга етасиз.

 Иш топгунимча Будапештда танишган уйғур миллатига мансуб инсонникида икки ҳафта яшаганман. Кўп ёрдам берган. Ҳозир ҳам кўришиб турамиз.

Яна бир воқеани эслаб ўтмоқчиман. 2009 йили уйландим. Аёлимнинг банан егиси келди. Ойлик олмаган эдим. Косага мис центлар тўплаб қўярдик. Санасак, 3 долларга яқин чиқди. Шу тангаларга банан сотиб олган эдик.

Шимолий Америкадаги ўзбеклар очган илк юридик фирма

Канадада 16 йилдан бери яшаб келаман. Фаолиятим – бизнес иммиграцияси бўйича, адвокатлик қиламан. Бакалаврни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида, магистратурани Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида тамомлаганман. Кейинчалик яна бир мутахассисликда магистратура босқичида таҳсил олдим. Канадада адвокатлик лицензиясини олиш учун қайта ўқишимга тўғри келган.

Оиламиз билан Торонто шаҳрида «Sobirov law» юридик фирмасини очишга эришдик. Фирмамиз нафақат Канададаги, балки Шимолий Америкадаги ўзбеклар томонидан очилган илк юридик фирма. У бизнес, юридик хизмат кўрсатиш билан мунтазам шуғулланади.

Истеъдодларга эҳтиёж юқори

Стартапни амалга ошириш АҚШдан кўра, Канадада осонроқ. Шу боис кўплаб инсонлар Канадани танлашади. Агар 5 нафар ҳамкор биргаликда Стартап қилсангиз, муваффақиятли амалга ошса, оилангиз билан Канадага кўчиб ўтишингиз мумкин. Одатда, стартапларнинг 90 фоизи омадли чиқмайди. Лекин бундан тушкунликка тушмаслик керак.

Канада давлати тадбиркор, илмли инсонларни, ёшларни ўз давлатига жалб қилишга катта эътибор қаратади.

Мисол учун яқинда, ғишт қуювчи, тажрибали қурувчиларнинг 90 мингтасига Канадада доимий яшаш учун йўл очилди. Бу аввало, демографик кўчиш бўлса, иккинчи тарафдан ақлий кўчишдир.

Иммигрантлар танланади

Канадада Green Card’га ўхшаш лотерея йўқ. Иммигрантлар танланади. Танловдан ўтсангизгина бу ерга келсангиз бўлади.

Канадада вақтинчалик виза мавжуд, бу халқ ичида «туристик виза» дейилади. Агар уни қўлга кирита олсангиз, 10 йил ичида бу давлатга келиб-кетиб юришингиз мумкин.

Бугунги кунда пандемия сабабли, жуда муҳим бўлган ҳолатлардагина жумладан, яқин қариндошингизнинг тоби қочса ёки фавқулодда бориш керак бўлиб қолса, виза олишингиз мумкин. Қолган ҳолатлар истисно қилинади.

Юртимизда Канада элчихонаси мавжуд бўлмаганлиги сабабли, ҳужжатлар Варшавадаги элчихона орқали онлайн рўйхатдан ўтказилади.

Душанбе, Бишкек ёки Нур-Султон шаҳарларидаги виза марказлари орқали биометрика топширса бўлади. Афсуски, ҳозирча бизда бундай марказ мавжуд эмас.

20 минг атрофида ўзбек бор

Расмий статистикага ишонилса, Канадада истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган инсонлар 10-15 минг атрофида дейилади. Менимча, уларнинг сони бундан кўпроқ. Сабаби, уларнинг бола-чақаларининг аксарияти Канада фуқароларидир. Шу боис, юртдошлар сони 20 минг атрофида бўлса керак.

«Ўзбекистонга, Самарқандга бориш вақтингиз келди»

1971 йили ҳозирги Канада Бош вазири Жастин Трудонинг отаси Пер Трудо ва аёли СССРга хизмат сафари билан келади. Сафар давомида навқирон Самарқандни ҳам зиёрат қилади. Тақдир тақозосини қарангки, ўша йили ҳозирги Бош вазир Жастин Трудо таваллуд топади.

Кўпинча ижтимоий тармоқларда Жастин Трудонинг профилларига «Ўзбекистонга, Самарқандга бориш вақтингиз келди» деб ёзиб қўяман. Албатта, яхши ният ила. Умид қиламанки, яқин орада Канада Бош вазирининг мамлакатимизга дипломатик ташрифи рўй беради.

Тарихга назар ташласак, ўтган асрнинг 90 йиллари бошида Ўзбекистонда буғдой танқислиги рўй берганда, айнан Канададан буғдой сотиб олган эканмиз. Бунда ҳам ҳикмат бор, назаримда.

2000 йилларга келиб мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилди. Вашингтондаги элчихонамиз Канада билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилади.

4 жиҳатга эътибор қаратилади

Канада иммиграция визасини қўлга киритиш ҳақида жуда кўплаб саволлар беришади. Илгари хорижда бўлган, яшаган, ўқиган ё саёҳат қилган инсонларнинг имконияти кўпроқ бу жиҳатда. Асосан, Виза тартибида 4 жиҳатга эътибор берилади.

Улар қуйидагилар:

1. Ватанга боғлиқлик. Яъни сизни Ватанингиз билан боғлаб турадиган ришта муҳим улар учун.

2. Канадада ишламасдан туриб, моддий тарафдан ўзингизни қоплай оласизми?

3. Бошқа давлат визаларини олиб, саёҳат қилганмисиз?

4. Бу ерга келишдан мақсадингиз нима?

Статистик маълумотларга қараганда, хорижлик талабаларнинг 90 фоизи Канадада яшаб қолиш истагини билдиришган ҳамда уларнинг 60 фоизи бу ерда доимий яшаш учун қолган.

Ҳар томонлама қулай

Канада халқаро тоифадаги спортчилар, композиторлар, режиссёрларни жон деб фуқароликка қабул қилади.

Ҳозирда АҚШдан кўра Канадага бориш осонроқ. АҚШ элчихонаси ҳозирча иммигрантларни қабул қилмаяпти.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, Канада фуқаролари юртимизга визасиз кела олади, АҚШликлар эса йўқ.

Мўлжални узоқроқ олинг

Ростини тан олиш керак, Канададан юртга келиш йўли сал узоқлик қилади. Торонто-Истанбул ёки Ванкувер-Истанбул рейслари орқали Истанбулга келиб қоласиз. Сўнгра сизни Истанбул-Тошкент рейси кутиб туради. Умуман олганда 2 кунингизни сарфлашингиз керак.

Канадага бориш ‒ бу ҳаёт режаси. Шу боис уни пухта тузишингиз лозим. Камида 5 йилга. Шундай режа тузингки, ҳаётингизнинг 1 дақиқаси ҳам бекор кетмасин. Ҳам ишланг, ҳам ўқинг, ҳам дам олинг.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Канадага йилига 43 миллион турист ташриф буюради. Аҳолиси эса 37 миллион атрофида.

Олий таълим ҳақида

Канадада ўқиш нархлари қанча? Ушбу савол тренд ҳисобланади. Ўртача йиллик ўқиш суммаси 16-18 минг Канада доллари атрофида. Бундан ташқари, ойига минг долларлик харажат ҳам қилишингизга тўғри келади.

Умумий олганда бир йиллик харажатингиз 26-28 минг Канада долларига тушади. Бу 22 минг АҚШ доллари демакдир.

Мисол учун, Торонто университетининг ҳуқуқ факультетига ўқишга кириш жуда қийин. Агар киролсангиз, улар тўлов контракт пулини тўлаб беришлари ҳам мумкин. Сабаби, улар ўзларига тегишли бюджет тизимига эга. Асосийси, университет раҳбариятига буни тушунтириб бера олишингиз лозим. Баъзида бошқа турдаги ёрдамлар ҳам берилади.

80 дан ортиқ иммиграцион дастур бор

Бугунги кунда Канадада мигрантларга талаб юқори. Маълумотларга кўра, 200 минг дастурчи етишмайди. Канада корхоналари давлатдан рухсат олмасдан IT ходимини олиб келиши мумкин. Қурилишда ҳам талаб катта. Ҳукумат яқин 2-3 йил ичида 1 миллион мигрантни қабул қилишини эълон қилган.

Йилига 400-500 минг атрофида мигрантлар сони кўпаймоқда. 80 дан ортиқ иммиграцион дастур мавжуд экани Канаданинг меҳмондўст мамлакат эканини исботлайди.

Мамлакат кўплаб қулайликлар яратади. Оилали бўлсангиз, фарзандларингиз бўлса, тиббиёт хизматидан бепул фойдаланасиз. Шунингдек, мактаб ҳам бепул.

Ўзингизни ривожлантиришга вақт сарфланг, саёҳат қилинг, бунинг учун тил ўрганинг. Тилни ўрганмасдан туриб, дунёга чиқиб бўлмайди. Бу муҳим жиҳат.

Тўлиқ суҳбатни «MFaktor» лойиҳасининг YouTube'даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид