Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Муҳожирлик, шубҳа ва икки қизининг қотилига айланган она - Андижондаги мудҳиш жиноят тафсилоти
Избосканда аёл ўз фарзандларининг қотилига айланди: у Россияда ишлаб юрган турмуш ўртоғи билан жанжаллашгани ортидан ушбу жиноятга қўл урган. 2020 йил турмуш қурган эр-хотин аввалига тинч-тотув яшаган. Бироқ эр ишлаб пул топиш мақсадида Россияга кетгач, ўртада турли жанжаллар келиб чиқа бошлаган. 4 ва 1,5 ёшли қизалоқлар ана шундай жанжаллардан бирининг қурбонига айланди.
Иллюстратив фото
Андижон вилояти Избоскан тумани Урганжи маҳалласида мудҳиш қотиллик жинояти содир қилинди: 24 ёшли аёл турмуш ўртоғи билан жанжаллашгани ортидан вояга етмаган икки қизини пичоқлаб ўлдирди.
Kun.uz танишган суд ҳукмида келтирилишича, 2001 йилда туғилган М.М. 2020 йилда К.М. билан турмуш қурган. Улар 2021 ва 2023 йилда қиз фарзандли бўлишган.
Эр-хотин 2024 йилгача тинч-тотув яшаган. Оиладаги жанжаллар К.М. ишлаб пул топиш мақсадида Россияга кетганидан кейин бошланган: муҳожирликдаги эр ва икки қизи билан қолган аёл турли сабаблар билан тортишиб қолаверган. Жанжалларнинг аксарияти рашк туфайли келиб чиққан.
К.М. 2024 йил 8 декабр куни Россияга кетган. Эр-хотин кунда, баъзида кунора WhatsApp ва Telegram орқали видеоалоқа кўринишида суҳбатлашиб келган. Шундай суҳбатларнинг бирида – 2025 йил 13 апрел куни К.М. масофадан туриб турмуш ўртоғининг уяли телефони бошқарувига уланган ҳамда у кимлар билан қўнғироқлашганини текшириб чиққан. У аёли фуқаро А.Т. билан суҳбатлашганини кўриб, М.М.ни хиёнат қилганликда айблай бошлаган ва ўртада жанжал келиб чиққан.
Жанжал вақтида К.М. қайнакаси ва ўз опасига турмуш ўртоғи бошқа эркак билан суҳбатлашиб юрганини билиб қолганини, у билан яшамаслигини айтган. Бундан ғазабланган аёл эса эрига изтироб бериш мақсадида ёнида ўтирган икки нафар вояга етмаган қизларининг бўйин соҳасига пичоқ билан зарба берган. Оғир жароҳат олган қизалоқлар воқеа жойида вафот этган. Сўнгра аёл пичоқ билан ўзини ҳам жароҳатлаган.
М.М. судда айбига иқрорлик билдирмаган ва болаларини у ўлдирмаганини айтган.
“Ўша куни турмуш ўртоғим сўзларимга ишонмасдан мени хиёнатда айблади ва буни опаси ҳамда акамга айтди. А.Т. билан гаплашиб олишини айтган вақтимда эса у билан гаплашмайман, дея мени ҳақорат қила бошлади. Оила аъзоларим яшаш хонадонимга келаётгани ва уларнинг олдида шарманда бўлишим мумкинлигини ўйлаб, нима қилишни билмай қолдим. Чуқур ҳаяжонланиш ҳолатида бўлганим сабабли ҳеч нарсани эслай олмайман. Фақатгина қорин соҳам қаттиқ оғриганини биламан. Ўша куни уйда мен ва болаларимдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Олма арчиш учун доимий равишда дераза токчасида пичоқ турарди. Фарзандларимни мен ўлдирмадим, бу ишларни қилмаганман, ҳақиқий айбдорларни топиб беришингизни сўрайман”, деган аёл ўз кўрсатмасида.
К.М. эса ўша куни уйда турмуш ўртоғи ва фарзандларидан бошқа ҳеч ким бўлмаганини билдирган.
“Фарзандларимни турмуш ўртоғимнинг ўзи бўлиб ўтган ҳолатлардан қутулиб қолиш мақсадида ўлдирган ва сўнгра ўзини ҳам пичоқлаган. Ушбу ҳолатдан хабар топиб, зудлик билан Ўзбекистонга қайтиб келдим. Фарзандларимни дафн этишган экан.
Мен турмуш ўртоғимга 13 апрел куни соат 9:12 да қўнғироқ қилганман. Бу вақтда у фарзандларим билан уйда ёлғиз бўлган. Улардан бошқа ҳеч ким бўлмаган уйда. Агар ўша вақтда яшаш хонадонимга бошқа шахслар кирган бўлганида турмуш ўртоғим бу ҳақида айтган бўларди. Турмуш ўртоғим болаларимни пичоқлаган ҳолатини кўрмадим. Ушбу ҳолат жуда тез бўлди”, деган эркак судда.
Гарчи аёл айбига иқрорлик билдирмаган бўлса-да, унинг қилмиши гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа далиллар билан ўз исботини топган. М.М.га нисбатан психология экспертизаси ўтказилган. Экспертиза хулосасига кўра, у жиноят содир этган вақтида аффект ҳолатида бўлмаган.
ЖИБ Избоскан туман судининг 2025 йил 13 октябрдаги ҳукми билан М.М. Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “а,в,ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Андижон вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 20 ноябрдаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Мавзуга оид
19:07 / 22.12.2025
«Бу мени даҳшатга солди». Путин Имомали Раҳмонга ҳамдардлик билдирди
20:05 / 18.12.2025
«Айримлар мигрантлар мавзусини кўпиртириб юборишди». Россиядаги фаоллар Одинцоводаги фожиа айбдорлари ҳақида
14:40 / 18.12.2025
Одинцоводаги қотиллик. Ҳозиргача нималар маълум?
19:08 / 17.12.2025