Ўзбекистон | 08:51 / 13.04.2021
9277
3 дақиқада ўқилади

Ижро интизоми янги тартиб бўйича назорат қилинади - Ҳукумат қарори

Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон ҳукумати тизимидаги давлат бошқарувчи органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг ижро интизомига масъул таркибий бўлинмалари раҳбарларини лавозимларга тайинлаш тартиби ва уларнинг фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тасдиқланди.

Президентнинг 10.02.2021 йилдаги «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб барча республика даражасидаги давлат органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ижро интизомига масъул бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш масалалари мажбурий тартибда президент администрациясининг Ижро интизомини таъминлаш шуъбаси билан келишилиши белгиланган.

Қарор билан ҳукумат тизимидаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарларига жорий йил 1 июлига қадар қуйидаги вазифалар топширилди:

  • ижро интизомига масъул таркибий бўлинмалари бўлмаган марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларида уларнинг штат бирликлари чекланган сони доирасида ижро интизомига масъул алоҳида штат бирлиги жорий этилишини таъминлаш;
  • ижро интизомига масъул таркибий бўлинмалар раҳбарлари лавозимларига амалий тажрибага эга, юқори малакали, пухта танланган номзодлар тавсия этилиши ва ушбу лавозимлар бўйича кадрлар захираси шакллантирилиши;
  • ҳудудий бўлинмалар ва тизим ташкилотларидаги ижро интизомига масъул ходимлар малакасини ошириш ишлари ва стажировкалари тизимли ташкил этилиши, уларни марказий аппарат билан келишув асосида лавозимга тайинлаш тизимини жорий қилиш.

2021 йил 1 майдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ижро интизомини назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш фақат «Ijro.gov.uz» тизими орқали амалга оширилади.

Давлат органлари ва ташкилотларининг ижро интизомига масъул таркибий бўлинмалари раҳбарлари қуйидагиларга жавобгар экани белгиланди:

  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни ҳисобга олиш ва уларнинг рўйхатини шакллантириш, улар бўйича аниқ ижрочилар, муддатлар ва бажариш механизмлари кўрсатилган топшириқлар тайёрланиши ҳамда уларнинг ижрочиларига етказилишини назоратга олиш;
  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бўйича амалга ошириш графиклари (назорат режалари) тайёрланиши, тасдиқланиши ва ижрога қаратилишини назорат қилиш;
  • «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали келиб тушган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросининг тизимли назоратини амалга ошириш.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид