Жаҳон | 08:30 / 27.11.2024
7153
3 дақиқада ўқилади

G7 РФнинг ядровий риторикасини қоралаб чиқди

«Катта еттилик» Украинадаги урушда «Россия томонидан ядровий қуролдан фойдаланиш у ёқда турсин, ядровий қурол таҳдидига ҳам тоқат қилмайди», дейилади Италиядаги йиғилиши якунлари бўйича баёнотда.

Фото: AP

G7 «Россиянинг масъулиятсиз ва таҳдидли ядровий риторикасини, шунингдек, стратегик қўрқитиш позициясини кескин қоралайди». Бу ҳақда G7 мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг 26 ноябр, сешанба куни Италиянинг Фюжи шаҳрида бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича баёнотида айтилди.

«Биз ҳеч қачон ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидларига, Россиянинг Украинага қарши тажовузкор уруши контекстида ядро қуролидан фойдаланишига ҳеч қачон тоқат қилмаймиз», — дейилади ҳужжатда.

G7 РФ кимёвий қурол ишлатгани ҳақидаги хабардан хавотирда

Мамлакатлар, шунингдек, «Россиянинг кимёвий қурол қўллагани» ва Украинадаги фронтда «тартибсизликларни назорат қилиш воситалари»дан чуқур ташвиш билдирди. «Уруш усули сифатида бундай қуроллардан фойдаланиш Кимёвий қуроллар бўйича конвенцияни қўпол равишда бузишдир», дея маълум қилди G7 ва КҚТТни воқеаларни тергов қилишга чақирди.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) аввалроқ Днипропетровск областидан олинган намуналарда кўздан ёш оқизувчи газ изларини топган эди.

Украина хандақларида тақиқланган CS гази излари топилди

КҚТТ экспертлари Днипропетровск областида жанговар зонадаги хандақлардан олинган намуналарда кўздан ёш оқизувчи газ изларини аниқлади. Бу ҳақда 18 ноябр куни халқаро ташкилот маълум қилди.

КҚТТ ҳисоботида айтилишича, CS (хлоробензалмалондинитрил ёки "Настарин" гази) деб номланувчи ва урушда фойдаланиш тақиқланган газ излари Илинка қишлоғи яқинида топилган ва Украина томонидан тақдим этилган барча учта намунада топилган. Икки мустақил лаборатория томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, унинг излари хандақдан топилган гранатада ҳам, тупроқда ҳам бўлган.

Украина Россия қўшинларининг кўздан ёш оқизувчи газ қўллаши билан боғлиқ воқеа 2024 йил 20 сентябрда содир бўлганини иддао қилиб, КҚТТдан ёрдам сўради. Ташкилот баёнотида таъкидланишича, воқеа жойига юборилган экспертлар гуруҳининг вазифаси «заҳарли кимёвий модданинг манбасини ёки келиб чиқишини аниқлаш» бўлмаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид