Ўзбекистон | 11:02 / 06.09.2019
4845
3 дақиқада ўқилади

Хорижда ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ҳудудий бошқармалар томонидан амалга оширилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги 620-сон “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартибини такомиллаштириш ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг 2008 йил 4 мартдаги 56-сон буйруғи билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низомнинг 34-бандига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги буйруқ лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳага кўра, ушбу низомнинг 34-банди иккинчи хатбоши “Хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш — Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан амалга оширилади”, дея баён этилмоқда.

Ҳозирги тартибга кўра, чет элда таълим олган (ота-онаси хорижда ишлаган даврда ёхуд турли танловлар ёки чет мамлакатларнинг грантлари ҳисобидан хорижда таълим олган) битирувчиларни якуний аттестацияга қўйиш масаласи Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан кўриб чиқилади.

Битирувчи ўқиган мамлакатида умумий ўрта ва ўрта таълим ҳужжатларини олган бўлса, улар Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаларида ташкил этиладиган комиссиялар хулосасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасалари аттестацияси бошқармаси томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нострификация қилинади.

Битирувчига чет мамлакатларда берилган умумий ўрта таълим ҳужжати Ўзбекистон Республикасида бериладиган шаҳодатнома ўрнини боса олмаса, яъни битирувчи маълум бир фанлар йўналишидагина таълим олиб келган бўлса, у умумий тартибда якуний аттестацияга киритилади. Бундай ҳолларда битирувчи ўзига берилган ҳужжатда кўрсатилган фанлардан бошқа барча фанлар бўйича якуний аттестациядан ўтказилади.

Битирувчига якуний баҳони қўйишда унинг аввалги синфларда олган баҳолари ҳам инобатга олинади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид