Жамият | 19:35 / 05.06.2019
16873
9 дақиқада ўқилади

Оилада муаммолар пайдо бўлишига иқтисодиёт таъсир қиладими?

Фото: Fotolia

«Барча замонларда ҳам оила жамиятнинг асоси бўлиб қолаверади» , деган эди француз адиби Оноре де Бальзак. Айнан шунинг учун ҳам бу мавзу ҳеч қачон эскирмайди. Оила мустаҳкамлиги ва ажримларнинг олдини олиш тўғрисида кўп ва хўп ёзилган, баҳс майдонлари ташкил этилган. Бу тушунчанинг, унинг атрофида жамланган қадриятларнинг муқаддаслиги кўп бора таъкидланган. Кези келганда, оила мустаҳкамлиги давлат сиёсати даражасига олиб чиқилганини ҳам эътироф этиш ўринли. Бу масала билан алоҳида идоралар ҳам шуғулланади. Аммо, шунга қарамай, оилалар фаровонлиги, ажримлар сони, қийин шароитдаги оилаларда болалар тарбияси ҳанузгача оғриқлилик бўйича ўз ўрнини бермасдан келяпти. 

АҚШда биринчи турмушдан ажрашган 42 фоиз жуфтликнинг кейинги турмушида ҳам мустаҳкам оила асослари қурилмаяпти. Марказий Осиёда эса вазият бундан ҳам чигаллашмоқда. Муаммони ҳал этиш учун қандай ҳаракатлар амалга ошириляптию, уларнинг самарадорлик коэффициенти қанчалик?

Ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилаётган тадбирлар. Жорий йилда май ойи Ёшлар иттифоқи тизимида ёш оилалар билан ишлаш ойлиги деб эълон қилинди. Унга кўра, ёшларни оилага тайёрлаш, соғлом оила муҳитини тарғиб қилиш, ёш оилалар ўртасида ажримлар, эрта туғруқ ва эрта турмушнинг олдини олиш каби вазифалар белгиланган. Хусусан, «Юрист ва психолог масалаҳатхоналари»  иш олиб борди, «Биз соғлом оиламиз»  шиори остида оилавий юриш ва югуриш марафонлари ташкиллаштирилди, «Соғлом оила ─ ишончли келажак»  шиори остида саломатлик кунлари ташкил этилди, «Оиламга китоб билан»  шиори остида китоб кўргазмалари ва ярмаркалари ўтказилди, бепул театр дастурлари, бепул тиббий кўрик, байрам дастурлари ўтказилди.

«Оила»  илмий-амалий тадқиқот марказининг фаолияти. Марказ томонидан ташкил этилаётган «Оила мавзусининг оммавий ахборот воситаларида ёритилишининг долзарб масалалари»  номли конференцияда ҳозирги замон журналистикаси оила масалаларини талаб даражасида ёритмаётгани ҳақида сўз борганди. Конференциянинг хулосаси: ОАВнинг фокуси фақатгина нобоп оилаларни кўрсатишга қаратилган ва бу тушкунлик кайфиятини келтириб чиқаради, намунали оилаларни кўрсатишга кўпроқ эътибор қаратиш керак.

Яраштирув комиссиялари. Оилада низо келиб чиқиб, ажрим ёқасига келганда тажрибали шахслар, мутахассисларнинг орага тушиб, низони бартараф этишга кўмаклашиши, икки томонни яраштириб қўйиши яхши, албатта. Суддан олдинги яраштирув жараёни (медиация) ҳуқуқ оламида ҳам мавжуд амалиёт.

Буларнинг ҳаммаси яхши, албатта. Аммо оила хусусида гап кетганда бепул театр ва китоб акциясидан ҳам кўра муҳимроқ чораларни талаб этувчи масалалар борлигини унутмаслик лозим. Бир ойда Ёшлар иттифоқи 550та тарғибот тадбирини ўтказиш учун сарфлаган вақт ва меҳнатнинг озгинаси ҳақиқатдан реал кўмакка қаратилганда мақсадга кўпроқ мувофиқ келарди. «Номақбул оила» га бепул театр ёки бир қўлтиқ китоб эмас, чин маънодаги амалий, «назарийлаштирилмаган»  амалий ёрдам керак.

Аммо нега ОАВ ўз фокусини ўзгартириш керак? У жамиятда бор нарсани кўрсатадиган кўзгу-ку, нега ўз аксидан кўнгли тўлмаётган жамият юзини буриштиряпти? Кўрган тасвиридан кўнгли тўлмай, кўзгуни айблашга, уни этак билан ёпишга интиляпти? Нобоп оилалар ҳақида гапириляпти, кўрсатиляптими, демак, улар бор ва оз эмас. Болалари сарсон, эр ва хотир қирпичоқ, барбодлик ёқасидаги оилалар мавжудлигига кўз юмиш мумкин эмас, айниқса журналист.

Биргина мисол. Яқинда Kun.uzʼда «Мардикор аёл ─ дарбадар аёл»  сарлавҳаси билан мақола ва видео эълон қилинган эди. Унда оилавий шароити ўта ачинарли ҳолатга келиб қолган, эрнинг ношудлиги, фарзандининг хасталиги, қайнонанинг оқибатсизлиги боис мардикорлик билан кун кечираётган аёл тақдири ёритилган. Аёлнинг гапларини эшитгач одамнинг ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлади. Ундан ҳам ачинарлиси, бунга ўхшаш тақдирлар яқин жойда исталганча топилади...

Комиссияларнинг аралашуви ҳар доим ҳам кўринган натижага эга бўлмаслиги мумкин. Комиссиянинг аралашуви натижасида қонуний ажримдан воз кечиб, «ярашиб» , аммо амалда алоҳида яшаётган, никоҳсиз яшаётган оилалар ҳам йўқ эмас. Бу қонуний ажрашишдан ҳам кўра ёмонроқ оқибатларга олиб келиши мумкин. Қонуний ҳаракат амалга ошмагани боис ҳам қаровсиз қолган она ва фарзандлар масаласи, мол-мулк тақсимоти, алимент кабилар муаммога айланади.

Оилалар фаровонлиги бўйича олиб борилаётган ишлар ва уларнинг самарадорлиги хусусида турли соҳа мутахассисларининг фикри билан қизиқдик.

Акрамхон Юсуфзода, ҳуқуқшунос:

─ Оила фақатгина ижтимоий масала эмас. Унинг чин маънодаги фаровонлигини таъминлаш учун концептуал ёндашув керак. Фақатгина «Оила»  маркази, маҳаллалар эмас, ҳуқуқий мақомга эга органларни ҳам кузатувчи эмас, реал иштирокчи сифатида жараёнга жалб этиш лозим. Менимча, никоҳ шартномаси масаласи жиддий кўриб чиқилмас экан, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича олиб бориладиган сиёсат самара бермайди. Янги оила қурилаётганида никоҳ шартномасининг мажбурий тартибда тузилиши ҳамда унинг никоҳ даврида ҳам, ажрим ҳолати юзага келганда ҳам реал амал қилиши механизми ишлаши керак. Шунда эркак томон ҳам, аёл томон ҳам ажрим масаласига жиддийроқ қарайди. Бу масаланинг ўзбек жамиятида кўрилмайдиган яна бир жиҳати ҳам бор. Озми, кўпми миқдордаги ажримлар бўлиши табиий ҳол. Шу боис вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда, ажримдан кейинги жараённи ҳам назардан қочирмаслик лозим. Она ва бола билан бир қаторда отанинг (кўпинча уларни асосий айбдорга чиқариб қўйиб, ҳуқуқлари тўғрисида мутлақо қизиқмаймиз)манфаатлари ҳам тегишлича ҳимоя қилиниши керак.

Хуршида Сотиболдиева, социолог:

─ Оила масаласи бугун пайдо бўлмаган ва эртага ҳал бўлиб қоладиган масала эмас. Оиладаги нотинчликлар, ажримлар, оғир шароитдаги болалар тарбияси алоҳида пайдо бўлиб, илдиз отадиган муаммолар эмас. Улар аксарият ҳолларда жамиятдаги бошқа, йирикроқ кўламдаги масалалар негизида пайдо бўлади, улардан «озиқланиб» , етилади ва оғриқли ярага айланади. 

Мисол учун, бизнинг жамиятда миграция, иқтисодий таъминланганлик даражасининг пастлиги, оилавий муносабатларга дахлдор ҳуқуқий механизмларнинг носоз ҳолдалиги, ишсизлик каби иқтисодий ва ҳуқуқий тизим муаммолари ҳам оилага ўз таъсирини кўрсатади. 

Жамиятнинг ҳар бир аъзоси оилада кун кечиради, демакки, ҳар қандай муаммони оила «губка»  сингари шимади, «оғирлашиб»  бораверади. Оддийгина уй олдидан ўтган йўлнинг носозлиги ва ёки доимий чироқ ўчиши ҳам оиладаги муҳитни салбий маънода таранглаштириши ҳеч гап эмас. Яраштирув комиссияларининг фаолияти ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак, насиҳат қилиб, икки томонни яраштириб қўйган билан зиддиятга сабаб бўлган муаммо ҳал этилмаса, у ўзи ҳақида бир кун келиб яна эслатади.

Умид Бердиёров, психолог:

─ Оила мустаҳкамлиги фақатгина қадриятларга эмас, ҳуқуқий ва иқтисодий омилларга ҳам боғлиқ равишда пайдо бўлади. 

Ўта зўр ҳурмат ва ишонч бўлган оилада ҳам минимал даражадаги ойлик маошга кун кўрилса, бир кунмас бир кун муаммо юзага келиши табиий. Шу боис оила фаровонлиги учун масъул ҳисобланган идоралар ички факторларнинг эмас, ташқи таъсир каналларининг созлигини таъминлашлари керак. Шунингдек, оилавий муаммоларни ҳал этишда умумий шаблон ёндашув наф бермайди. Ҳар бир оиланинг муаммоси ва муҳити ўзига хослигини инобатга олиш лозим. Фалон оила яхши яшаяпти-ку деб ибрат кўрсатиш, солиштириш ҳар доим ҳам тўғри келмайди.Оилага индивидуал асосдаги ёрдам керак.

Кўча-кўйда мардикорлик қилиб кун кўраётган эркак-аёл, ўтган-кетганга «влажный салфетка олинг»  деб мўлтирайдиган болалар қанча бўлса, «нобоп оилалар»  ҳам шунча. Асосий эътибор қараб қолаётан намунали оилаларнинг маданий ҳордиқ чиқариши-ю, бошқаларга ибрат бўлишидан кўра, «нобоп»  оилаларга реал ёрдам кўрсатиш масаласи кўпроқ ўйлантириши керак, назаримизда. Бир бутун улкан механизм бўлган жамиятнинг соз, бир маромда ишлаётган мурватларини мойлаш, уларга витамин беришдан аввал носоз ҳолатда бўлганларини таъмирлаш, патос бойлаётган яраларга оғриқ қолдирувчи бериш муҳимроқдир.

Саодат Абдураҳмонова

Мавзуга оид