Жаҳон | 18:38 / 04.07.2025
13915
7 дақиқада ўқилади

Россиянинг ёзги юриши: Украинадаги вазият бир ой ичида қандай ўзгарди?

Июнда Россия армияси Украина фронтининг бир қанча участкаларида илгарилаш тезлигини оширди, катта йўқотишларсиз катта ҳудудлар эгаллаб олинди.

Фото: EPA

Ёзги юриш бошланганидан буён Россия қўшини Украинанинг 500 км кв.дан ортиқ ҳудудини эгаллаб олди – бу 2025 йилдаги энг юқори кўрсаткич.

Гувоҳларнинг хабарларига кўра, Россия армияси мото ва квадроциклларда кам сонли гуруҳлар билан ҳужум қилишни афзал кўрмоқда ва зирҳли техникадан фойдаланишни тобора камайтирмоқда.

Украинларнинг DeepState ҳарбий-таҳлилий проектига кўра, Россия армияси айниқса Новопавловск, Покровск ва Суми йўналишда тезроқ илгариламоқда. Июн ойида эгаллаб олинган ҳудудларнинг тўртдан уч қисми мазкур регионларга тўғри келади.

Фронтдаги ҳозирги вазият – BBC’нинг навбатдаги обзорида.

Новопавловка йўналиши

Бу участка Украина қуролли кучларининг Днипропетровск областидаги йирик логистика пункти номига аталган. Новопавловка Украина қуролли кучлари учун муҳим бўлган яна бир аҳоли яшаш манзили – Межевая посёлкасини тўсиб туради. Бу нуқта орқали Донецк ғарбидаги Покровск ва Мирноградни ҳимоя қилаётган украин қисмларига таъминот етказиб берилади. Бу йўналишда улар Донецк областининг Киев назорати остида қолаётган сўнгги шаҳарларидир.

Бу ҳудуддаги вазият Украина қуролли кучлари учун оғирлигича қолмоқда. Июн ойи мобайнида Россиядаги пабликлар бир неча бор Россия қўшини Днипропетровск области ҳудудига киргани ҳақида хабар тарқатди. Шу кунларда икки област чегарасидаги Дачное қишлоғида олинган навбатдаги видео пайдо бўлди, унда россиялик ҳарбийлар блиндажларни эгаллаб, байроқларини кўтаргани акс этган.

Қишлоқ бой берилгани ва россияликлар Днипропетровск области ичкарисига яна ярим километр ичкарига суқилиб кирганини «Мучной» чақирув белгисига эга украиналик ҳарбий тасдиқлаган. У «Новопавловка ва Межева мудофаасига жиддий тайёргарлик кўриш»ни, шунингдек, юзага келаётган «чўнтак» ҳудуддан қўшинларни олиб чиқишни таклиф қилган, чунки Дачное эгаллангач, ҳудудни ғарбдан ўраб олиш хавфи туғилади.

Украина қуролли кучлари бош штаби Дачное душман қўлига ўтганини тасдиқламаган, Украинадаги бошқа манбалар эса россияликларнинг Днипропетровск области ҳудудига кириши қисқа муддатли ва пропаганда характерига эгалигини айтмоқда.

Аммо Россия қўшинлари Днепропетровск вилояти ҳудудига кирган-кирмагани – унчалик муҳим эмас. Ҳарбий вазият нуқтайи назаридан бошқа нарса муҳим – харитада Россия қўшинлари Украина мудофаасига анча чуқур кириб боргани ва қуршаб олиш хавфи ҳақиқатан ҳам мавжудлигини кўриш мумкин.

Украиналик ҳарбий шарҳловчи Константин Машовец Новопавловск йўналишини таҳдидли деб атаган.

«Шубҳасиз, ҳозирда Украина қўшинлари бу ерда жуда оғир мағлубиятга учрамоқда, ҳеч бўлмаганда тактик миқёсда. Бу оператив-тактик мағлубиятга айланиши эҳтимоли ҳам юқори.

Амалда Украина қуролли кучларининг Донецк областидаги Волчя дарёсидан жанубдаги бутун мудофаа тизими барбод бўлди. Душман ушбу йўналишда Украина қуролли кучлари қисмлари ва тузилмаларининг жанговар тартибларига чуқур ва ишончли кириб борди, етарлича юқори суръатда (суткасига 10-12 кв. км.гача) олдинга силжимоқда. Украина қуролли кучларининг бу йўналишда ҳаракат қилаётган кучлари ва воситалари ҳозирча душманнинг бу ёриб ўтишини тўхтата олмайди», – деб ёзади украиналик эксперт.

Покровск ва Торецк йўналишлари

Покровскдан жанубга ва жануби-ғарбга силжиш билан бир қаторда, Россия қўшинлари бошқа қанотда – шаҳарнинг шимоли-шарқида Мирний ҳудудида ва Разино, Коптево ва Владимировка йўналишида, шунингдек, шарқда Промин ва Миролюбовка ҳудудида ва Мирноград йўналишида кўплаб ҳужумларни давом эттирмоқда.

Баъзи жойларда улар Украина мудофаасини аста-секин ёриб ўтишга муваффақ бўлмоқда, баъзи жойларда украинлар қарши ҳужумларга ўтмоқда. 29 июн куни олинган геолокация тасвирларида Украина қўшинлари Миролюбовканинг жанубий қисмида, Покровскдан шарқда бироз олдинга силжишга муваффақ бўлганини кўриш мумкин.

Аммо умуман олганда, мудофаадагилар учун вазият оғирлигича қолмоқда, Покровск ва Мирноград аслида ярим ҳалқа ичида.

Покровск йўналишида ҳаракатланаётган Украина бригадаси вакилининг сўзларига кўра, Россия бўлинмалари кўпинча скутерларда, фақат айрим ҳолларда оғир зирҳли техникалар қўлловида кичик пиёда штурм гуруҳларидан фойдаланишда давом этмоқда. Ҳужумлар кўпинча тунда амалга оширилади. Россия қўшинлари дронларда сон жиҳатдан устунликка эга, дейди Украина қуролли кучлари вакили.

Торецк ҳудудида ҳам шиддатли жанглар давом этмоқда. Россия қўшини шаҳарнинг ўзида ҳам, ундан шимол, шимоли-ғарб ва жануби-ғарбда ҳам ҳужумларни давом эттирмоқда. Сўнгги кунларда улар Дилевка қишлоғидан шимолда бироз илгарилаган, Украина қуролли кучлари шимоли-ғарбдаги Степановка ҳудудида қарши ҳужумга ўтган.

Торецкни ва ундан шимолдаги Часив Ярни эгаллаш Россия учун келгусида Константиновка йўналишида, янада кейинроқ – Краматорск ва Словянск томон ҳаракатланиш учун эшик очиши мумкин.

Аммо россиялик ҳарбийлар анчадан буён Торецкни ҳам, Часив Ярни ҳам эгаллаш вазифасини бажара олмаяпти.

Суми, Харкив ва Купянск йўналишлари

Донецк ғарбидаги вазиятдан фарқли ўлароқ, Украина қўшинларининг Суми ва Курск областлари чегарасидаги позицияси нисбатан барқарор бўлиб қолмоқда, лекин у ерда ҳам жанглар тўхтамаяпти.

Июн ойи охири – июл ойи бошида Украина қуролли кучлари Юнаковка қишлоғи яқинида ва яна бир қанча участкаларда ҳужум қилаётган Россия қисмларини ортга қайтаришга муваффақ бўлди.

Ўз навбатида, Россия армияси Украина қўшинлари бир неча ҳафта давомида штурм қилган Курск областининг Тёткино қишлоғи ҳудудига қўшимча кучларни ташлаб, уларни ортга қайтаришга муваффақ бўлди.

Бугунги кунда Россия қўшинларининг ҳам, Украина қўшинларининг ҳам фронтнинг ушбу участкасидаги олдинга силжиши атиги юзлаб метрларда ўлчанади.

Россия бўлинмаларининг бироз фаоллашуви Харкив области шимолидаги Вовчанск ҳудудида ҳам қайд этилган, ушбу шаҳар учун жанглар бир йилдан кўпроқ вақтдан бери давом этмоқда. Россия шаҳар ичида бир неча юз метр олдинга силжигани айтилмоқда, аммо бу ҳудудлар вақти-вақти билан қўлдан қўлга ўтиб туради.

Харкив областининг бошқа бир ҳудуди – шимоли-шарқдаги Купянск йўналишидаги вазият эса жиддийроқ. У ерда Россия қўшинлари Украина қуролли кучларининг асосий таянчи бўлган Купянск шимолидаги Кондрашовкада ташкил этилган плацдармни кенгайтиришга муваффақ бўлди.

Шунингдек, Купянскдан шимоли-шарқда, шарқда ва жануби-шарқда, шимолроқда – Россия ва Украина чегараси яқинида Россия ҳужумлари кучайгани айтилмоқда.

Ҳужум ҳаракатлари Купянскдан жанубда Оскол дарёси бўйлаб Боровая қишлоғи томон ҳам давом этмоқда.

Россия армияси Украина қуролли кучларига ва фронтнинг бошқа участкаларига босим ўтказмоқда. Донецк областининг Северск ва Лиман йўналишларида шиддатли жанглар давом этмоқда. Россия қўшинлари Запорижжя областининг Орихив шаҳридан жануби-ғарбда ва Гуляйполе ҳудудида ҳам фаоллашди.

Гарчи бу йўналишларда сезиларли силжиш бўлмаса-да, вазият исталган пайтда ўзгариши мумкин.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид