Ўзбекистон | 12:35 / 21.08.2020
7101
2 дақиқада ўқилади

«Тест синовларига ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки паспорт нусхаси билан кириб бўлмайди» – ДТМ мутасаддиси

Тест синовларига ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки паспорт нусхаси билан кириш мумкин эмас, имтиҳонга киришда паспорт бўлиши талаб этилади. ДТМ бошқарма бошлиғи Барно Ражабов АОКАда ўтказилган брифингда шу ҳақдаги саволга жавоб берди.

«Тест синовларини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелда қабул қилинган 261-сонли алоҳида қарори, олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июнда қабул қилинган 393-сонли қарори бор. Мана шу ҳужжатларнинг ҳаммасида абитуриент тест синовларига шахсан паспортини олиб келиши кўрсатилган.

Абитуриентлардан тест синовларига паспортларини олиб келишларини сўраб қоламиз. Тест синовларига келишда паспорт ва рухсатнома – иккита ҳужжат бўлиши керак. Унинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар бу қарорларда кўрсатилмаган. Абитуриентлардан тест синовларига киришда паспортлари бўлишини талаб қиламиз», деди Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов шу ҳақдаги саволга жавобан.

Тест синовларининг стадион ва хиёбонларда ўтиши ва абитуриент рухсатномасининг шакли ва тарқатиш тартиби масалаларига бағишланган брифингда ногиронлиги бўлган шахсларга тест синовларда қандай имтиёзлар берилиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарилди.

«Ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида тартиблар жорий қилинган. Тест синовларининг ўтказилишида шарт-шароитлар яратилиши бўйича алоҳида кўрсатмалар бор.

Вақт нуқтайи назаридан, барча абитуриентларнинг ҳуқуқини бирдамликда таъминлаш учун вақт меъёри бир хил», деди ДТМ бошқарма бошлиғи Диёрбек Қўчқоров.

Аввалроқ, Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов 22 августдан абитуриентларга рухсатнома бериш бошланишини айтганди.

Мавзуга оид