Ўзбекистон | 16:38 / 06.11.2019
22596
2 дақиқада ўқилади

Президент «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунни имзолади

Фото: Depositphotos

Ўзбекистон Республикаси президенти “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Марказий банк хабарига кўра, қонун банк фаолиятига рухсат бериш шартлари ва республика ҳудудида ушбу фаолиятни амалга ошириш борасидаги муносабатларни тартибга солади. Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг банкларни пруденциал назорат талаблари, қўлланадиган восита ва тартиб-таомилларни белгилаш борасидаги ваколатлари тартибга солинмоқда.

Қонун билан молиявий операциялар рўйхати мол-мулк ва активларни ишончли бошқариш, аффилланган қимматбаҳо металларни сотиб олиш ва сотиш, ҳосилавий молия воситалари билан операцияларни амалга ошириш, металл ҳисобварақларини юритиш каби илгари қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган янги хизмат турлари билан кенгайтирилмоқда.

Қонун билан банкларга айрим хизмат ва операциялар турларини аутсорсингга топшириш ҳуқуқи берилмоқда.

Банк фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари, яъни жалб этиладиган маблағлар билан операцияларни амалга оширувчи ташкилот эканлигини инобатга олиб, қонун билан банк таъсисчиларининг ишбилармонлик обрў-эътибори ва аввалги фаолияти натижадорлигига нисбатан талаблар ўрнатилмоқда.

Банкларнинг ишончлилиги ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида банкнинг кузатув кенгаши ва бошқарувининг вазифа ва ваколатлари белгиланмоқда.

Шу билан бирга, қонун банклар фаолиятининг янада очиқлигини, банк хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бўлган маълумотларни ошкор қилиш орқали банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган.

Қайд этилишича, ушбу қонун омонатчиларнинг ҳамда банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда банкларнинг барқарорлиги ва улар ўртасидаги самарадор рақобатни яратишга хизмат қилади.  

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид