Ўзбекистон | 11:23 / 09.08.2018
6608
3 дақиқада ўқилади

Ўқувчи ва талаба ёшлар ўртасидаги спорт мусобақалари тизими такомиллаштирилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўқувчи ва талаба ёшлар ўртасида ўтказиладиган республика спорт мусобақалари тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги,
Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг:

а) умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда академик лицейлар ўқувчилари ўртасида “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг финал босқичини ҳар йили Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида, вилоятларнинг маъмурий марказларида ҳамда Тошкент шаҳрида ўтказиш;

б) касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида “Баркамол авлод”, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Универсиада” спорт мусобақаларининг республика финал босқичини ҳар йили спорт турлари бўйича навбатма-навбат мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

Ташкилий қўмиталарга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда мазкур спорт мусобақаларини ўтказиш юзасидан алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси юкланади.

Дастурларда қуйидагилар назарда тутилади:

а) спорт мусобақалари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига спорт ва жисмоний тарбия тадбирларига ажратиладиган маблағлар доирасида, шунингдек ҳомийларнинг маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағларни жалб этган ҳолда ўтказилиши, ғолибликни қўлга киритган иштирокчиларни 1, 2 ва 3-даражали диплом, медаль, кубок, эсдалик совғалари билан тақдирланиши, шунингдек мусобақаларнинг финал босқичида ғолиб бўлган жамоаларга “Президент совғаси” сифатида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобил совға қилиниши;

б) спорт мусобақаларининг республика финал босқичлари бўлиб ўтадиган ҳудудлар ва у ерда жойлашган инфратузилма объектларини талаб даражасида тайёрлаш ва замонавий асосда жиҳозлаш;

в) спорт мусобақалари давомида ҳар бир иштирокчининг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини камол топтириш, буюк аждодларимизнинг мардлик ва жасурлик анъаналарини муносиб давом эттиришга қодир инсонлар бўлиб етишишига хизмат қиладиган маданий-маърифий тадбирлар дастурини амалга ошириш.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Ташкилий қўмиталар буюртмасига биноан спорт мусобақалари иштирокчилари ва ижодий гуруҳ аъзоларини имтиёзли тарифлар асосида чипталар билан таъминлайди. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид