Ўзбекистон | 20:07 / 01.03.2019
30678
2 дақиқада ўқилади

«Жаҳонда ўхшаши кам бўладиган боғ». Президент Намангандаги «Афсоналар водийси» боғи қурилиши билан танишди

Президент Наманган шаҳрининг Юксалиш маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган кўп қаватли уйлар ва ҳудудни ривожлантиришга оид лойиҳалар билан танишди.

Юксалиш маҳалласи кейинги икки йилда бунёдкорлик майдонига айланди. 2018 йилда бу ерда 588 хонадондан иборат 7 қаватли 14та арзон уй-жой қуриб, фойдаланишга топширилди. 

Жорий йил охиригача турар жойлар яна 14тага кўпайиб, хонадонлар сони 1 минг 176тага етказилади. Уйлар билан бирга инфратузилмалар бунёд этилади, атроф ободонлаштирилади.

Шавкат Мирзиёев уй-жойларни сифатли қуриш билан бирга уларга хизмат кўрсатиш даражасини ҳам ошириш зарурлигини таъкидлади.

Маҳалла ёнида 80 гектарлик кичик саноат зонаси ташкил этилиши, бу ерда 7 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Корея Республикаси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган «Hyundai» автомобиль заводи ҳам шу ҳудудда барпо этилади. Ҳам ҳудуд, ҳам ишлаб чиқариш салоҳияти ортиши ҳисобига Юксалиш маҳалласи юқори технологик ривожланган шаҳарчага айланади. Одамлар шу ҳудуддаги кичик саноат зонаси ва йирик корхоналарда ишлайди.

Давлат раҳбари Наманган шаҳрини замонавий шаҳарсозлик меъёрлари асосида янада обод қилиш, аҳолига қулай шароит яратиш бўйича режалар, А.Хўжаев кўчасидаги бўш турган бино ўрнида «IT park» ташкил этиш лойиҳаси билан танишди. 

«Президент шаҳар марказида барпо этилаётган «Афсоналар водийси» боғи қурилиши билан ҳам танишди. Нафақат Марказий Осиёда, балки жаҳонда ўхшаши кам бўладиган мазкур боғ вилоятнинг ташриф қоғозига айланади», дейилган президент матбуот хизмати хабарида.

Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид