Ўзбекистон | 10:40 / 18.11.2018
33666
3 дақиқада ўқилади

Наманганда Hyundai автозаводига тамал тоши қўйилди. Завод 2019 йил сентябрида ишга тушади

17 ноябрь куни Наманган вилояти ҳокимлигида «Hyundai» тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестицион шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Шартномани Ўзбекистон Республикаси томонидан Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов, Корея Республикаси томонидан «Hyundai Motor» ижрочи вице-президенти Ли Ин Чэол, «Posco-Daewoo corporation» компанияси вице-президенти Ли Санг Хун, «Evergreen Motors» компанияси президенти Ким Чанг Кеон имзолашди.

Куннинг иккинчи ярмида Тўрақўрғон туманида «Hyundai» тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш янги заводини қурилиш лойиҳаси бошланишига бағишланган «Тамал тоши қўйиш» маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У, «Hyundai Motor» ижрочи вице-президенти Ли Ин Чэол, «Posco-Daewoo corporation» компанияси вице-президенти Ли Санг Хун, «Evergreen Motors» компанияси президенти Ким Чанг Кеон, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирининг ўринбосари Соҳиб Саифназаров, Ўзбекистон Республикаси президенти админстрацияси масъул ходими Бекзод Юсупов ва бошқа расмий идора вакиллари, халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари журналистлари иштирок этишди.

Тамал тоши қўйиш маросимида кореялик ишбилармонларнинг кенгайтирилган гуруҳи ҳамда Малайзия, Индонезия, Хитой Халқ Республикаси ва Таиланд Республикасидан инвесторлар ҳам қатнашишган.

«Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифлари, мустақилликнинг илк кунларидан бери юқори даражада давом этиб келган ҳамкорлигимизда янги саҳифа очди. Ташриф доирасида бўлиб ўтган бизнес-форумда Шавкат Мирзиёевнинг кореялик ишбилармонларга мурожаатлари, ҳамкорларимизни Ўзбекистон бозорига янада катта одимлар билан кириб келишларига ишонч берди», дейилади вилоят ҳокимлиги томонидан «Kun.uz»га берилган маълумотда.

Корея Республикасининг «Hyundai Motor», «Evergreen Motors» ва «Posco-Daewoo corporation» компаниялари ҳамкорлигида қурилиши режалаштирилган бу завод, 2019 йилнинг сентябрида илк маҳсулотларини чиқаришга бошлайди. Дастлаб йилига 400та кичик юк машиналари, микроавтобуслар ҳамда автобуслар ишлаб чиқарилади. Босқичма-босқич бу кўрсаткич 2500тага етказилади. Маҳаллийлаштириш дастури асосида 50 фоиз эҳтиёт қисмларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Дастлабки босқичда 150та янги ишчи ўрни яратилади. Завод тўла ишга тушганда, мингдан зиёд иш ўрни пайдо бўлади.

Мавзуга оид