Ўзбекистон | 09:00 / 15.09.2021
8006
8 дақиқада ўқилади
Реклама

Ўзбекистонда чарм саноати: янги марра ва мақсадлар сари

Болалик ва ўсмирлик йилларимизда ҳақиқий чармдан қилинган пойабзал топиш бироз мушкул эди. Бориниям сифати ҳаминқадар бўларди. Сўнгги йилларда ўзимизда ишлаб чиқарилган чарм маҳсулотлари жуда кенг тарқалди. Нарх, сифат ва бежиримлик каби омиллар харидорни қониқтириб турса, нега маҳаллий маҳсулотни олмаслик керак? Бу сафар шу соҳа ичида бевосита ва билвосита фаолият юритаётганлар билан суҳбатлашиб, соҳанинг ҳозири ва истиқболи ҳақида фикрлашамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 3 майдаги 3693-сонли қарорига мувофиқ “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси негизида қайта ташкил этилган “Ўзчармсаноат” уюшмаси соҳада фаолият юритиб келаётган корхоналарга ишлаб чиқариш ва экспорт қилишдаги турли масала ва муаммоларни бартараф этишда амалий ёрдам бериб келмоқда. Уюшма, шунингдек, чарм саноати соҳасининг истиқболини белгилаш ҳамда режа ва мақсадларни амалга оширишда етакчи ташкилот ҳисобланади.

Соҳада ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг умумий қиймати 2020 йилда 3,6 триллион сўмни ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 1,4 баробар ўсиш қайд этилган. Чарм маҳсулотларининг республика ялпи ички маҳсулотидаги улуши 0,7 фоиз, республика саноатидаги улуши эса, 1,1 фоизни ташкил қилган. Чарм маҳсулотларининг экспорт ҳажми 2020 йилда 401 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, 2019 йилга нисбатан 2,1 баробар ошган. Ҳозирда соҳада яратилган иш ўринлари 39 мингтани ташкил қилмоқда.

“Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Фахриддин Бобоев ва бошқалар ташкилот фаолияти ҳақида сўзлаб беришди.

Фахриддин Бобоев

“Бугунги кунда чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш, уни нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда, керак бўлса, дунё миқёсида драйвер соҳалардан бирига айлантириш бўйича президентимиз томонидан аниқ вазифа ва топшириқлар белгилаб берилган. Асосий вазифалардан бири тери хомашёси, мўйна, жун, қоракўл маҳсулотларини чуқур қайта ишлаб, қўшилган қиймат занжирини яратиб, улардан юқори қўшилган қийматга эга, экспортбоп, ички ва ташқи бозор учун рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш каби аниқ вазифалар белгилаб берилган. Иккинчи йўналиш эса, импорт ўрнини босувчи хомашё ва маҳсулотлар турини кўпайтириш ва бу борада ҳам экспорт салоҳиятини оширишдир. Юқоридаги вазифаларни бажариш учун Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда “Чарм-пойабзал соҳасини 2022-2026 йилларда ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш йўналишлари дастури”ни ишлаб чиқдик. Дастурда 2022-2026 йилларда соҳани ислоҳ қилиш йўналишлари белгиланди, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг турларини кўпайтириш кўзда тутилган. Шунингдек, саноат кооперацияси алоқаларини кенгайтириш, инвестиция, экспорт, соҳани рақамлаштириш масалалари қамраб олинган”, - дейди “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Фахриддин Бобоев.

Адҳамжон Мўйдинов

Уюшма раиси ўринбосари Адҳамжон Мўйдинов ҳам юқоридаги фикрларга қўшимча сифатида қуйидагиларни гапириб берди: “Олдимизга қўйган мақсадларимиз кўп. Жумладан, ташқи бозорларга, хусусан, Европага кўпроқ кириб бориш ва жорий йилда Ўзбекистон қўшилган GSP+ преференциялар тизими имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш. Қолаверса, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини камайтириш, товар бозорларида барча ишлаб чиқарувчилар учун тенг ва рақобатбардош муҳит яратиш, маҳаллий корхоналарнинг миллий брендларини яратиш ҳамда ўша миллий брендларни хорижий бозорларда қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, қуйи ва ўрта бўғин ходимларининг малакасини ошириш, мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришни олдимизга вазифа қилиб қўйганмиз”.

“Ўзчармсаноат” уюшмаси мутасаддилари билан учрашув мобайнида Чирчиқдаги “Leather Apparels” ҚК МЧЖ таъсисчиси, ҳиндистонлик сармоядор Митеш Верма билан ҳам қисқа суҳбат уюштирдик.

Митеш Верма

“2018 йилда бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ва уюшма раҳбари Сардор Умрзоқовлар бошлиқ делегация Ҳиндистонга борганида улар билан элчихонада учрашдик. Улар менга Ўзбекистонда бизнес қилиш манфаатлари ҳақида сўзлаб беришди. Улар айтган манфаатлар, ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши ва янги иш ўринлари яратиш жуда жозибадор кўринди. Ўшандан буён Ўзбекистонга бир неча бор келдим ва бу бозорнинг салоҳияти жуда катта эканига амин бўлдим. Чунки бу ерда хом терини айтмаса, тайёр чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар унчалик кўп эмас. Тасаввур қилинг, хом терини 2-2,5 долларга сотасиз. Бу табиий бойликни ҳавога совуриш ахир. Буни Сардор Ўктамовичга тушунтирдим ва у ҳамда ҳозирги раис жаноб Бобоев менга кўп ёрдам берди. Улар менга Чирчиқдан маҳаллий ҳамкор топиб беришди. Мен чармдан кийим ишлаб чиқаришни режа қиляпман. Бунақа корхона Ўзбекистонда йўқ. Биз маҳаллий ҳамкорлар кўмагида 5 та корхона очишни кўзлаб турибмиз. Масалан, битта кийим 70-75 долларга сотилади, бу 5-5,5 та тери дегани. Тери ҳолида сотсангиз 10-12 долларга сотасиз. Ундан ташқари, қанча одам иш билан таъминланишини тасаввур қилиб кўринг-а? Терини ошлашдан тортиб, уни тайёр маҳсулот ҳолига келтириш ва экспорт қилиш занжирида 7 босқичдан ўтилади.

Ҳукуматнинг кўмагисиз лойиҳаларимизни амалга оширолмаймиз. 2022 йил охирига қадар 500 иш ўрни яратмоқчимиз”, - деди у.

Уюшма вакиллари билан суҳбатлашгач, бизда ҳудудлардаги чарм-пойабзал корхоналарига бориш истаги туғилди.

Август ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан учрашувида “Энг яхши экспортчи корхона” номинациясига сазовор бўлган “Равон Тараққиёт Орзуси” МЧЖ корхонаси бизни оҳанрабодек чорлади. Ижодий жамоамиз билан Андижонга отланиб, корхона фаолияти билан бевосита танишишга қарор қилдик. Корхона раҳбари Абдуҳошим Исмоилов бизга мазкур корхона ҳақида сўзлаб берди.

Абдуҳошим Исмоилов

“Иш фаолиятимизни 2007 йилда 7 нафар ишчи билан бошлаганмиз. Ҳозирда корхонамизда 1500 нафарга яқин ходим ишлайди. Аввалига калиш маҳсулотлари ишлаб чиқарган бўлсак, бугунга келиб, ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз сони 100дан ошди. Ўтган йили пандемия бўлишига қарамасдан, экспорт ҳажми 6 миллион доллардан ошди ва экспорт географиямиз кенгайиб, ҳозирда 30 дан ортиқ давлатга маҳсулот сотяпмиз. Уч йил аввал Президентимиз берган тавсиядан келиб чиқиб, қўй юнгини қайта ишлаб, ундан мато тўқиш линиясини ишга туширдик. Илгари айнан шу хомашёни импорт қилган бўлсак, энди ундан нафақат ўз эҳтиёжларимиз учун фойдаланяпмиз, балки эҳтиёжимиздан ортиғини экспорт ҳам қиляпмиз. Бу йилдан маҳси ва латин ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиб, қўшимча 200-300 иш ўрни яратишни мўлжаллаганмиз”, - дейди Абдуҳошим Исмоилов.

Ижодий жамоамиз билан, шунингдек, Ангрен шаҳридаги “Ангрен Чарм Инвест”, Фарғонанинг Лоғон қишлоғидаги “Vodiy Shoes”, Гулистон шаҳридаги “Акбар Бизнес Строй” корхоналарига ҳам бориб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан бевосита танишдик.

Биз ушбу соҳа билан танишиш жараёнида камера объективига туширган ишларнинг барини бир кўрсатувга сиғдириш имкони бўлмади. Яқин йилларда мазкур соҳа уюшма мутасаддилари айтганидек, саноатимизнинг драйвер соҳаларидан бирига айланади деб умид қиламиз.

(+99871) 2079555

[email protected]

uzcharm.uz

Тайёрлаган:  Шоакмал Исроилов

Мавзуга оид