Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
65 ёшли “йигит”: ёрқишлоқлик ота ҳамон турникда тортилади
Чапдаст отахон Муҳаммадкарим ота Бўтаев Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманидан. У шу ёшида ҳам турникда яхши тортила олади, тош кўтаради, эрта тонгдан узоқ масофага югуради, жисмоний фаолликни ушлаб туриш учун дарахт учигача ҳам чиқиб тушади. Қишлоқдошлари отахонга “Тарзан” деб ном қўйишган. “5 қизим бор, уларни турмушга узатганман, уйда чол-кампир билан қолганмиз. Шу 5 қизим 10 та ўғилнинг ўрнини босади”, дейди қаҳрамонимиз.
Муҳаммадкарим ота Бўтаев Жалақудуқ туманининг чекка Қирғизистон билан чегара ҳудудида жойлашган Ёрқишлоқ қишлоғида яшар экан. Отанинг ҳаракатлари, жисмоний фаоллиги кишини ҳайратга солади.



“65 ёшга кирдим, оддий сувчи бўлиб ишлайман. Кун бўйи далада экинларга сув қўйиб, бошқа қилиб, кечқурун уйда спорт билан шуғулланаман. Турникда тортиламан, вақт топиб албатта ҳар куни югураман, тош кўтараман. Сигир боқаман, деҳқончилик қиламан, ҳайвонларга меҳрим бўлакча.


Ҳаракат қилган одам касал бўлмайди. Ҳеч бир иш қилмасдан еб-ичиб ётган одам тезда қариб қолади, касаллик ҳам тез илашади унга кейин. Мен Худога шукур, тумов бўлиб, белим, оёғим оғриб қолди, деб ўтирмайман. Касалликка бўйин эгмайман. Ёшликдан меҳнатда, спортда чиниққанман. Ҳозирги қилаётган ишларимни кўриб атрофимдаги одамлар ҳайрон қолади. Инсон спорт билан шуғулланиши, югуриб туриши керак. Турникда тортилиб бокс билан машғул бўлиш керак. Шунда одам касал ҳам бўлмайди.

Спорт билан шуғулланиб чарчамайман. Масалан, 50 кг қопдаги юкни кўтариб олиб бемалол югуриб кетавераман. Кампирим бўлди энди, ёшингиз ўтди, турникда осилманг, оғриб қоласиз, белингиз оғриб қолади, деяверади. Унинг гапларига қулоқ солмайман. Спорт билан шуғулланиб қайтага ўзимни тетик ҳис қиламан. Худо хоҳласа мана 70 ёшимда ҳам 40 ёшлик йигитдек олиб юраман ўзимни, деб кампиримга мақтаниб қўяман-да.


Ёшлигимда ҳам чаққон, абжир, шўх бола бўлганман. Дарахтдан дарахтга сакраб ўтиб, дарахт учидан ерга тушмасдим. Шунинг учун қишлоғимизда мени “Тарзан” дейишади.

Чорва боқиб бешта синглим, ундан кейин ўзимнинг 5 қизларимни ҳам чиқардим. 11 та неварам бор. Қизларнинг барини чиқариб уйда ҳозир мана кампирим билан икковимиз қолдик.

16 сотих томорқамиз бор. Ҳар йили икки мартадан ҳосил оламиз. Томорқага картошка, чеснок, помидор экамиз. Иссиқхонамда 21 туп лимон, бир туп мандарин бор. Чиққан ҳосилнинг ўзимизга кераклигини олиб қолиб, қолганини бозорга сотамиз. Икки сигирим бор, яқинда туғиб беради яна улар. Рўзғор учун гуруч, гўшт, ёғ сотиб оламиз холос. Қолган маҳсулотлар ўзимиздан чиқади”, дейди 65 ёшли Муҳаммадкарим ота.
Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz
Мавзуга оид
15:01 / 17.12.2024
Андижонда фуқароларнинг машиналарини ижарага олиб, уларни йўқ қилиш билан шуғулланган йирик уюшган гуруҳ устидан суд бошланди
13:56 / 28.11.2024
Андижонда сел оқизиб кетган кўприк айтилган вақтда битказилмади. Янги муддат – 1 апрелгача
19:44 / 26.09.2024
“Одамлар қийналяпти” — Андижонда сел оқизиб кетган кўприк қачон тикланади?
11:24 / 06.11.2023