Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қишда қарияларни совуқдан асрайди — Ургутлик дурадгор сандал ясаб даромад қилмоқда
Бугун Ўзбекистоннинг газ етиб бормаган ҳудудлари қишда ўз уйларини иситиш учун турли усуллардан фойдаланишади: кўмир, ўтин, тезак қилиб печкаларда ёқишади, электр печлар билан уй иситишади. Ургутда одамлар ана шу воситалардан ташқари халқимизда «сандал», «танча» деган номлар билан танилган иситиш мосламасидан ҳам фойдаланишади.
Бугун Ургутда дурадгорлар ҳам халқнинг оғирини енгил қилиб келишмоқда. Улар куз фасли бошлангач, бошқа ҳудудларида кўп ҳам учрайвермайдиган уй иситиш мосламаси — сандал ясашга ўтишади. Кекса ёшдагилар билишади: ўтган асрнинг 70-80-йилларида сандалдан ҳатто йирик шаҳарлардаги ҳовлиларда ҳам фойдаланишган. Бугунги кунда у асосан узоқ тоғ қишлоқларида сақланиб қолган.
Ургут туманидаги бир қатор қишлоқлар қатори Ғўс қишлоғида ҳам аксар хонадонлар қишнинг совуқ кунларида уйни иситишда печлар билан бир қаторда сандаллардан ҳам фойдаланишади.
Сандаллар асосан Ғўс қишлоғининг ўзида тайёрланади. Бу ерда сандал ясамайдиган дурадгорнинг ўзи йўқ. Ана шундай усталардан бири Хўжагузар маҳалласида яшовчи дурадгор Шариф Қобилов.


Уста Шариф анча йиллардан буён дурадгорлик қилиб келади. Йилнинг бошқа фаслларида эшик, дераза ва сўри ясайдиган уста куз ойларидан бошлаб сандал ясашни бошлайди.
«Қишлоғимиздаги аксар эшик ва дераза ясайдиган дурадгор усталар куз киргач сандал ясашни бошлайди. Биз тарафларда газ йўқ, шу сабабли одамлар уйларини иситишда турли воситалардан фойдаланишади. Кимдир электр жиҳозлар билан, яна кимдир печка билан уй иситади. Шундай бўлса ҳам уларнинг аксарияти сандал ҳам ўрнатади. Ургутдаги аксар хонадонларда қиш фаслида 1–2та хонада сандал ўрнатилган бўлади», — дейди уста.


Устанинг айтишича, сандал ясаш учун асосан ўзимизнинг маҳаллий кўктеракнинг ёғочлари ишлатилади. Сандалга Россиядан келадиган ёғочлар, шунингдек, унинг устини ёпиш учун фанер ишлатилмайди. Бунга сабаб, сандалнинг остига қўйиладиган иссиқ чўғда Россия ёғочларининг шираси чиқиши мумкин. Фанердан эса клей ҳиди келиб туради. Бўялган ёғочдан эса бўёқ ҳиди чиқиши мумкин. Шу учун ёғоч табиий ҳолда қолдирилади.
«Авваллари бир мавсумда 150 тагача сандал ясаб сотардим. Кейинги йилларда чироқ ўчмайдиган бўлди ва одамлар уйини электр печларда исита бошлади. Шу сабабли 2-3 йилдан буён бир мавсумда 70–80 та сандал ясаб сотаман. Сандалнинг эни асосан уч ўлчамда: тўрт томони 100, 110, 120 сантиметр қилиб, баландлиги эса икки хил қилиб ясалади. Бундан ташқари, мижознинг хоҳишига қараб у айтган ўлчамда ҳам ясаб бераверамиз», — дейди уста.


Маълум бўлишича, сандалнинг баландлиги хонада пол бор ёки йўқлигига қараб қилинади. Пол қилинмаган уйларда махсус жой бироз чуқур қилиб қазилади ва сандал ўрнатилиб унинг ўртасидаги чуқурга чўғ солинади. Агар уйда пол бўлса, сандал сал пастроқ қилинади ва чўғ тунука тоғорада қўйилади.
«Қишлоғимизда ҳафтада икки кун бозор бўлади. Ясаган сандалларимизни бозорга ҳам олиб чиқамиз. Бозорга кўплаб қишлоқлардан, ҳатто туман марказидан мижозлар келиб тайёр сандалларни олиб кетишади. Бундан ташқари, кўплаб мижозлар уйга келиб буюртма бериб кетишади. Ҳозир битта сандал катта-кичиклигига қараб 250 минг сўмдан 350 минг сўмгача сотиляпти. Сандал энг аввало ёши кекса инсонларга яхши. Агар унга солинган иссиқ чўғга ўраниб ётилса танадаги шамоллашларни олади», — дейди уста Шариф.
P.S. Ғўс қишлоғи аҳлининг айтишича мустақилликдан кейин, 1996-1997 йилларда қишлоқ газлаштирилган ва орадан 3-4 йил ўтиб газ бериш тўхтатилган. Ҳозир қишлоққа суюлтирилган газ баллонлари тарқатилади. Уйларни иситишда эса одамлар ўтин, кўмир, таппи каби ёқилғилардан фойдаланишади.
Ғайрат Йўлдош, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
13:23 / 06.12.2025
Пойтахт бозорларида ёнғин ва газ хавфсизлиги юзасидан кучайтирилган текширувлар ўтказилди
09:29 / 10.11.2025
Ҳоким ёрдамчиси ва адвокат 2500 доллар билан ушланди
14:54 / 25.10.2025
“Гул деб ўйлабман” – Ургутда томорқасида 229 туп каннабис етиштирган аёл озодликдан маҳрум қилинди
16:02 / 05.08.2025