Ўзбекистон | 12:07 / 21.05.2022
8020
2 дақиқада ўқилади

Сенаторлар давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади

Жорий йил 20 май куни Олий Мажлис Сенати кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Фото: Senat.uz

Мажлисда Сенатнинг йигирма олтинчи ялпи мажлисини 2022 йил 28 май куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Видео-конференц-алоқа шаклида бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги, “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонун 19-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонунлар шулар жумласидан.

Шунингдек, сенаторлар томонидан иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, интернетда ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам муҳокама этилади.

Шунингдек, енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини ҳам кўриб чиқиш назарда тутилган.

Ялпи мажлисда Сенат Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг 2021 йил ва 2022 йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини ҳам эшитиш режалаштирилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид