Жамият | 20:07 / 27.05.2022
21924
3 дақиқада ўқилади

Мактаб ўқувчилари ёзги таътилда қандай дам олишади?

Кичик синфларга 25 майдан, 9–10-синфларга эса 15 июндан ёзги таътил бошланади. Kun.uz Халқ таълими вазирлигидан ўқувчиларнинг ёзги таътилини қандай ўтказиш режалаштирилаётгани ҳақида маълумот олди.

Оромгоҳлар қабулига тайёргарлик

Халқ таълими вазирлигининг маълум қилишича, бу йилги таътилда 205 та стационар оромгоҳда жами 148 651 нафар бола ҳордиқ чиқариши режалаштирилмоқда.

Шунинг учун 205 та стационар оромгоҳда фаолият юритадиган жами 4 683 нафар педагог рўйхати шакллантирилиб, педагоглар Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда 20-25 май кунлари 36 соатлик махсус ўқув дастурлар асосида ўқитилган.

Оромгоҳ раҳбарлари, педагоглар ҳамда тўгарак раҳбарлари учун услубий қўлланмалар ишлаб чиқилиб, барча ҳудудларга электрон шаклда етказилди ҳамда педагог ходимларнинг белгиланган тартиб асосида иш олиб боришлари учун намунавий иш режаси тайёрланган.

Бундан ташқари, 6 та меҳрибонлик ва 121 та оилавий болалар уйларининг 954 нафар тарбияланувчиси меҳрибонлик уйлари тасарруфидаги 5 та стационар оромгоҳда дам олдирилиши режалаштирилмоқда.

Бепул лойиҳалар

Болалар ўртасида китобхонлик маданиятини янада шакллантириш мақсадида оромгоҳларга 123 минг дона болалар адабиётлари етказиб берилади ва kitob.uz платформасидан адабиётларнинг электрон ва аудио шаклларидан фойдаланиш бўйича шароитлар яратилади.

Мисол учун, “Фарзандимга китоб совға қиламан”, “Бир болага уч китоб” акциялари доирасида таълим муассасаларига кирим қилинган 26 минг дона китоблар ҳам оромгоҳларга фойдаланиш учун берилади.

Стационар оромгоҳларга жалб этилмаган болалар учун жойларда (таълим муассасаларида) 926 та соғломлаштириш майдончалари (бепул) ташкил этилади ва уларда 148 490 нафар болалар дам олдирилиши режалаштирилган.

10 кун олдин майдончалар маҳаллий ҳокимликлар ва масъул ташкилотлар билан биргаликда қайта кўриб чиқилиб, уларнинг хулосасига асосан тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилган.

Соғломлаштириш майдончаларида ёзги таътилни мароқли ташкил этиш учун меҳнат таътилига чиқмаган 9 260 нафар педагог жалб қилинади.

Майдончаларда қуйидагилар амалга оширилади:

  • турли ривожлантирувчи компьютер ўйинлари, тасвирий санъат, ментал арифметика каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади;
  • видеопроектор орқали болаларга мўлжалланган энг қизиқарли кино ва мултфильмлар намойиш этилади;
  • 5 та муҳим ташаббус доирасида кўрик-танлов, фестиваль ва тадбирлар ўтказилади.

Онлайн тўгараклар ташкиллаштирилади

Бундан ташқари, барча ўқувчиларнинг ёз мавсумида бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ҳам бир қатор ишлар режалаштирилган. Хусусан:

  • “Onlayn-maktab” телеканали орқали “Onlayn-to‘garak” видеодарслар ташкил этилади

Бунда 40 нафар тўгарак раҳбари томонидан 14 номдаги инглиз тили, АКТ, техник ижодкорлик, мусиқа ва бошқа ижодий тўгараклар бўйича видеодарслар ўтилади.

Бу телеканал орқали 3,5 млн нафарга яқин болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга эришилади.

  • Кўрик-танловлар ва мусобақалар учун режалар

Ёз мавсумида республика миқёсида кўрик-танлов, фестивал ва спорт мусобақалари ўтказилади ва тадбирларга 840 минг нафардан ортиқ ўқувчиларни жалб этиш кўзда тутилган.

217 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари ва 13 та “Болалар кутубхоналари”нинг тўлиқ фаолият юритиши алоҳида режа асосида йўлга қўйилади.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.

Зилола Ғайбуллаева
Муаллиф Зилола Ғайбуллаева

Мавзуга оид