Ўзбекистон | 23:41 / 10.10.2025
67564
2 дақиқада ўқилади

Октябр ўзига ўхшамаяпти

Ўзбекистоннинг катта қисмида 5 ойдан буён айтарли ёғингарчилик бўлмади. Қурғоқчил давр жорий октябрда ҳам давом этадиган кўринади. 2025 йилнинг апрел-сентябр ойларида айрим ҳудудларда шу даврда ёғиши керак бўлган ёғингарчилик нормасининг атиги 10-20 фоизи ёғди. Kun.uz'да об-ҳаво прогнози билан – иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Республиканинг бошқа бир катта қисмида эса меъёрнинг 50 фоизидан кам ёғин ерга тушди. Фақатгина водий ва шимолий ҳудудларда меъёрга яқин ёғинлар бўлган. Хивада эса баҳор ойларидаги ёғингарчилик аномалияси ҳисобига кўп ёғингарчилик кузатилди.

Жорий октябр ойи ҳам қуруқ ўтиши тобора ойдинлашмоқда. Ғарбдан кириб келиши кутилаётган нам ҳаво оқимлари фақат шимол ҳудудлари орқали Қозоғистонга чиқиб кетиши маълум бўлиб бормоқда. Октябр ойи сўнгига қадар минтақага ҳароратни кескин пасайтириб юборувчи совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши бўйича ҳам ишоралар мавжуд эмас.

Келётган дам олиш кунлари ва янги ҳафта бошларида жойларда юқори ҳарорат кутилмалари: жанубий вилоятларда душанба-сешанба кунлари ҳарорат максимумлари +35 даражагача етиши мумкин. Келаётган ҳафта ўрталарида республикада ҳарорат ҳафта бошларига нисбатан 5-8 даражага пасаяди. Аммо бу сезиларли салқинлик дегани эмас, балки ўтмишдаги октябр ўрталарига хос иқлимий муҳитдир. Умуман олганда, шимол ва тоғларни ҳисобга олмаса, келаётган 15 кунликда республика бўйлаб ёғинли кунлар прогноз қилинмаяпти.

Тинч океани марказида Ла-Ниня ҳодисаси аллақачон ривожланиб бўлган ва у ҳозирда ўзининг фаол босқичида, у дунё иқлимини белгилаб бермоқда. Жаҳон халқаро иқлим марказлари прогнозларига кўра, март ойларига қадар бу феномен ўзининг фаол босқичида бўлади. Шундай экан, қиш ойлари, балкин келгуси йилнинг баҳор мавсуми бошланғич ойи ҳам камёғин – қуруқ ўтиши тобора аниқ бўлмоқда.

Тайёрлаган:  Шокир Шарипов

Мавзуга оид