Иқтисодиёт | 19:55 / 25.12.2025
1257
3 дақиқада ўқилади

Қандай ҳолатда хориждан ҳаво тозалагич буюртма қилинганда божхонада қўшимча пул тўлашга тўғри келади?

Декабр ойининг бошида шахсий эҳтиёжлар учун маиший ҳаво тозалаш ускуналарини Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда божхона божи бекор қилинганди. Аммо эътибор бериш лозим бўлган айрим жиҳатлар бор. Масалан, Хитойдан 320 долларлик қурилма буюртма қилинса, 200 долларлик лимитдан ортиқча 120 доллар учун 36 доллар ягона божхона тўлови ундирилади.

Фото: Getty images

Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш учун «Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинганди.

Фармонда тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан маиший ҳаво тозалаш ускуналари Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилганда божхона божидан озод этилиши кўзда тутилган.

Шундан кейин қурилмаларни божсиз олиб кириш билан боғлиқ тушунмовчилик ва эътирозлар пайдо бўлди. Хусусан, журналист Сардор Салим ўзининг Facebook саҳифасига шахсий эҳтиёж учун битта дона ҳаво тозалагич олиб кириш ўзини оқламаслиги ҳақида ёзди.

«Мувофиқлик сертификатлари, декларант хизматлари ва қолган қоғозбозликни қилиб, каттароқ партия (100-200 та ускуна) олиб кирсангиз пулини оқлайди. Масалан, ўзингиз учун битта дона ҳаво тозалагич олиб кирсангиз, божни тўлиқ тўлар экансиз. Amazon’дан буюртма қилган эдим, менинг хатойимни қайтарманг. Доимгидек, тор гуруҳлар манфаати химоя қилинибди», дея қайд этган у.

Бошқа бир ҳолатда ҳам божхонада бож тўланиши талаб этилгани айтилган.

«АҚШдан буюртма қилдим. Кеча келди. Божхона бож тўлашимни талаб қиляпти. 200 доллар лимитдан ошгани сабаб. Божхоначига фармонга асосан бождан озод этилганини тушунтира олмадим. Божни тўламасам, қайтариб юборишнинг ҳам иложи йўқ экан. Божни тўласам биздаги нархдан анча қимматга тушяпти», дейилади мурожаатда.

Kun.uz ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Божхона қўмитаси ахборот хизмати билан боғланди. Маълум қилинишича, бож бекор қилинган. Жисмоний шахслар ўз шахсий эҳтиёжлари учун белгиланган норма доирасида маиший ҳаво тозалаш ускуналарини божсиз олиб киришлари мумкин. Бунда божсиз олиб кириш нормасидан ортган қисмига ягона божхона тўлови (божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограмми учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда) ундирилади. Айни пайтда амалдаги нормалар қуйидагича:

  • ҳаво транспортида — 1000 АҚШ доллари;
  • темирйўл ва дарё транспортида — 500 АҚШ доллари;
  • автомобил (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали — 300 АҚШ доллари;
  • халқаро курьерлик жўнатмалари орқали — 200 АҚШ доллари (1 календар ой давомида);
  • халқаро почта жўнатмалари орқали — 100 АҚШ доллари (1 календар ой давомида).

Бунда 1 ой давомида нархи 200 доллардан арзонроқ ҳаво тозалагич учун буюртма берилса, ҳеч қандай қўшимча тўловларсиз божхонадан олиб чиқиб кетиш мумкин. Агар қурилма қиймати, масалан, 320 доллар бўлса, лимитнинг ортиқча 120 доллар учун 36 доллар ягона божхона тўлови тўланади.

Мавзуга оид