Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон Ҳиротдаги Алишер Навоий мақбарасини таъмирлашда кўмаклашади
14-16 декабр кунлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев раҳбарлигидаги делегациянинг Афғонистон Ислом Республикасига ташрифи амалга оширилди.
“Дунё” ААнинг хабар беришича, Афғонистон ахборот ва маданият вазири вазифасини бажарувчи Тоҳир Зуҳайр Ўзбекистон Республикаси президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев билан биргаликда Қобулдаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғ-музейига ташриф буюрган.
Ўзбекистон делегацияси аъзоларининг Бобур боғ-музейига ташрифи давомида уларга Афғонистон расмий вакиллари ҳамроҳлик қилган. Суҳбат давомида асосий диққат-эътибор маданий соҳада икки томонлама ҳамкорлик алоқалари истиқболларига қаратилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси ўзаро маданий алоқаларни ривожлантириш ва Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида Ҳирот шаҳрида бўлгани ҳам хабар қилинган.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари мамлакатимиз Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш бўйича Афғонистоннинг мутасадди ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган. Шу ўринда 2021 йил Алишер Навоийнинг 580 йиллик юбилейи Ўзбекистонда кенг миқёсда нишонланиши маълум қилинган.
Шунингдек, Афғонистон тарихий обидаларни қайта тиклаш, хусусан, Ислом даври обидаларини таъмирлашда Ўзбекистон билан ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдиргани ҳам таъкидланган.