Жаҳон | 15:42 / 25.08.2025
4564
4 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазода шифохонани бомбалади. Камида 15 киши, жумладан 4 журналист ўлдирилди

Исроил армияси Ғазода фуқаро мудофааси ходимлари ва журналистлар турган жойни нишонга олди, натижада камида 15 киши ўлдирилди. Reuters, Al-Jazeera, Accosiated Press ва NBC телеканали ходимлари ҳам воқеа жойида ҳалок бўлди. Маълум қилинишича, Исроил ҳужумлари оқибатида 2023 йилдан буён Ғазодаги геноцидни ёритаётган камида 244 нафар ОАВ ходими ҳалок бўлган.

Фотоколлаж: Al-Jazeera

25 август куни Ғазодаги Нассер шифохонасига қилинган Исроил ҳужумлари камида 15 кишини, жумладан тўрт нафар журналистни ўлдирди. Улардан бири Reuters учун ишлаган, дея хабар берди нашрнинг ўзи Фаластин соғлиқни сақлаш расмийсига таяниб.

Расмийларнинг айтишича, Reuters билан шартнома асосида ишлаган оператор Ҳуссам ал-Масри биринчи зарбада ҳалок бўлган.

Фото: REUTERS

Reutersʼнинг яна бир шартнома асосида ишлаган фотомухбири Ҳотам Ҳалид эса иккинчи зарбада яраланган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, иккинчи зарба қутқарувчилар, журналистлар ва бошқа одамлар биринчи ҳужум содир бўлган жойга етиб борганидан кейин амалга оширилган. Reuters кадрларига кўра, шифохонадан олиб бораётган жонли эфир биринчи зарба чоғида бирдан тўхтаган.

Al-Jazeera нашрининг ёзишича, бу Исроил армияси томонидан Нассер шифохонасини нишонга олиши биринчи марта эмас, шунингдек, журналистнинг ўлдирилиши ҳам биринчи марта эмас.

Фото: Anadolu

«Фаластинлик журналистлар ҳар ҳафта ўз ҳамкасбларини йўқотиб, уларни мотам тутмоқда. Биз фақат сўнгги бир неча ҳафта ичида тўрт нафар ҳамкасбимизни йўқотдик ва фаластинликлар бугун яна журналистларни мотам қилмоқда, қайғу чекмоқда. Кўплаб ҳамкасбларим ҳозир воқеа ҳақида хабар бермоқда, худди мен каби бу ҳужум ҳақида ахборот тарқатмоқда. Ва илк бор бизда сўз тугади — ҳамкасбларимиз эфир давомида ўлдирилди», деб ёзмоқда нашр мухбири.

Ғазо ҳукумати Медиа идорасига кўра, Нассер шифохонасига қилинган Исроил ҳужумида ҳалок бўлган тўрт нафар журналистлар қуйидагилар:

  • Ҳуссам ал-Масри – Reuters ахборот агентлиги фотомухбири;
  • Муҳаммад Салама – Al-Jazeera фотомухбири;
  • Марям Абу Дақа – бир нечта ОАВ, жумладан The Independent Arabic ва Accosiated Press билан ишлаган журналист;
  • Муаз Абу Таҳа – NBC телеканали журналисти.

Доҳа институтида медиа тадқиқотлари профессори Муҳаммад ал-Масрий Исроилнинг журналистларга қарши навбатдаги ўлимли ҳужумидан ҳайратда қолганини билдирди:

«Исроил уруш бошланганидан бери журналистика ва журналистларга қарши уруш олиб бормоқда, Улар буни яширмаяпти. Жуда очиқчасига қилмоқда. Лекин менда бир савол бор: халқаро журналистлар қаерда? The New York Times қаерда? CNN қаерда? Йирик ғарбий оммавий ахборот воситалари қаерда», дейди Масрий.

Al-Jazeera мухбири Ҳинд Ҳударийнинг хабар беришича, Исроил кучлари учирган камикадзе дрон Нассер шифохонасининг томига келиб тушган ва камида бир журналист ўлдирилган.

«Шундан кейин фуқаро мудофааси жамоалари юқорига чиқиб, жасадни олиб тушмоқчи ва ярадорларни қутқаришга уринаётган эди. Сўнг журналистлар ҳам воқеани ҳужжатлаштириш учун чиққанида, Исроил кучлари яна ўша жойни нишонга олди. Бу иккинчи зарба худди ўша жойга қилинди ва бу эфирда ҳужжатлаштирилди», дейди у.

Натижада, воқеани ёритаётган журналистлар ўлдирилди ва яраланди. Шунингдек, ҳалок бўлганларнинг жасадларини олиб чиқишга уринган фуқаро мудофааси ходимлари ҳам ўлдирилди.

Фото: Anadolu

Ғазо Медиа идораси маълумотларига кўра, 2023 йил октябрда уруш бошланганидан бери Исроилнинг ҳужумлари оқибатида Ғазода камида 244 нафар журналист ва ОАВ ходимлари ҳалок бўлган.

Исроил армияси ҳам, бош вазир девони ҳам зарбалар юзасидан изоҳ бермаган.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид