Жамият | 21:58 / 04.06.2019
5973
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги Диний конфессия вакиллари барчани ҳайит байрами билан табриклади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати мамлакатдаги Диний конфессия вакилларининг ҳайит байрами табригини тақдим этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов муборак Рамазон ҳайити билан барчага табрик йўллади.

“Азиз юртдошлар! Барчангизни эртага кириб келаётган Рамазон ҳайити – Ийд ал фитр байрами билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан ва ўз шахсим номидан чин қалбдан муборакбод қиламиз”.

Шунингдек, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари, митрополит Викентий ҳам мусулмонларни байрамлари билан қутлади.

“Ўзбекистондаги барча мусулмонларни Рамазон ҳайит байрами билан чин қалбдан табриклайман. Ҳеч қандай ташқи ва ички кучлар, Худога шукрки, бирдамлигимизни бузолмайди, синдира олмайди”, дейилади табрикда.

Рим-католик черкови епископи Мацулевич Ежининг табригида шундай дейилади: “Рамазон – бу фақатгина рўза тутиш эмас, бу ойда инсон Раббиси билан жуда яқин келади. Бу байрам шукуҳи ҳаммамизга сезилиб туради. Бу кун барчамиз учун ҳам байрамдир”.

“Худо барчамизнинг қилган дуоларимизни эшитиб турибди. Қалбимизда поклик, дастурхонимизда мўл-кўлчилик ва атрофимиз тинч-хотиржам бўлди. Юртимизда хотиржамлик бўлсин. Яна бир бор қалбдан табриклайман”, дейилади Яҳудийлар диний жамоаси раиси Аркадий Исахаров табригида.

Арман апостоллик черкови руҳонийси Григорян Арамаис Рамазон ҳайити билан қуйидагича табриклади: “Ўзбекистон – барча миллатлар учун ватандир. Бирор бир миллат бу юртда ўзини бегона ҳис қилмайди. Ҳаммамиз учун бу ўз уйимиз, ватанимиздир. Бу юртга бир марта келган киши, албатта, иккинчи марта келишни истаб қолишига шубҳа йўқ”.

Анвар Мустафоқулов
Тайёрлаган Анвар Мустафоқулов

Мавзуга оид