Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Польшалик журналист Ўзбекистон ТИВ ходимини тегажоғликда айблади. Вазирлик журналистдан узр сўради
Ўзбекистонда ишлаш учун аккредитация берилмаган ва Ташқи ишлар вазирлиги ходими унга шилқимлик қилганини таъкидлаган польшалик журналист Агнешка Пикулицка сешанба куни вазирлик вакиллари билан учрашди. Ўзбекистон ТИВ Агнешка Пикулицкадан узр сўраган. Вазирлик у томонидан шилқимликда айбланган вазирлик ходими ишдан бўшатилганини, унинг аккредитацияси масаласи 3 феврал куни ҳал қилинишини билдирган.
Агнешка Пикулицка / Фото: Facebook
Тошкентда яшайдиган польшалик журналист Агнешка Пикулицка-Вильчевска 1 февралда ўзининг твиттерида қолдирган хабарлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Унга кўра, журналистга аккредитация бериш масаласи 6 ойгача чўзилган, бу орада ўзини вазирлик ходими сифатида тутган Рустам исмли шахс Агнешкага тегажоғлик қилган.
Журналистнинг айтишича, «унинг аккредитация қилинган ОАВдан бошқа ОАВ учун ҳам ишлаши» аккредитация берилмаслигига сабаб бўлган.
Бундан ташқари, ўзини вазирлик ходими сифатида таништирган Рустам исмли шахс журналистга шилқимлик қилгани иддао қилинди.
«У рад жавобини олса-да, учрашув таклифи билан хабар ёзаверди. Бир неча кундан кейин мен ишдан бошқа ҳеч қандай алоқага қизиқмаслигимни айтдим. Унинг жавоби: «Нега? Йигитингиз борми?» Мен хушмуомала бўлишим керак эди, охир-оқибат мен аккредитация берилишини узоқ кутаётгандим», – деб ёзган Агнешка.
Польшалик журналистнинг сўзларига кўра, ўша Рустам салбий ахборот кўпайиб кетганини айтиб, журналистдан кўпроқ ижобий мақолалар тайёрлашни сўраган.
«Пандемия авжига чиққан пайт, коррупция бўйича низолар, Ўзбекистонда одамлар яшаш учун курашаётган пайт, минглаб одамлар Сардоба фожиасидан сўнг уй-жойларидан ажралган. Миллионлаб муаммолар орасида қандай қилиб ижобий мақола ёза олардим», – дея қўшимча қилган у.
Таъкидланишича, буларнинг барчаси унга аккредитация бермаслик билан тугади.
Твиттердаги чиқишидан сўнг, мустақил журналистни Ташқи ишлар вазирлигига суҳбатлашиб олиш учун таклиф этишган. 2 феврал куни Агнешка вазирликдаги суҳбат мароқли ўтгани, аккредитация масаласи ҳамон очиқ эканини билдирди.
«Рустамнинг хатти-ҳаракатлари бўйича текширув ўтказишнинг иложи йўқ эканлигини айтишди… Рустам кимлигини ҳеч ким билмайди», — деб ёзди халқаро журналист куннинг биринчи ярмида.
Журналистнинг ижтимоий тармоқдаги чиқишига Ўзбекистон Сенати раиси, жамоатчилик вакиллари муносабат билдирди. Масалан, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновда журналистнинг «шикояти жуда жиддий хавотир уйғотган». Алламжонов ва Агнешка 2 феврал куни Ўзбекистондаги фаолияти юзасидан рўй берган вазиятни атрофлича муҳокама қилишган.
«Умид қиламизки, яқин вақтларда нохуш воқеа бартараф этилади ва тегишли қарор қабул қилинади. Ўз навбатида, Фонд маҳаллий ва хорижий журналистлар, жумладан, Агнешка Пикулицка фаолиятини фаол қўллаб-қувватлашга тайёр. Агнешка Пикулицканинг профессионал ва академик салоҳияти ҳурматга лойиқ ва у билан кейинчалик ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз», – дея маълумот берган Алламжонов.
Ташқи ишлар вазирлиги журналистдан узр сўради, «Рустам» ишдан бўшатилган
Куннинг иккинчи ярмида Ташқи ишлар вазирлиги вазият юзасидан расмий муносабат билдирди.
«2 феврал куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида вазирлик матбуот котиби Авазбек Ҳожиметов ва илгари ТИВ ҳузурида «Ал-Жазира» телеканали мухбири сифатида аккредитациядан ўтган Агнешка Пикулицка-Вильчевска ўртасида учрашув бўлиб ўтди», дейилади вазирлик баёнотида.
Таъкидланишича, учрашув давомида унинг аккредитацияси ва бўлиб ўтган воқеа билан боғлиқ қўшимча ҳолатлар аниқланган.
«Чет эллик журналистдан ҳодиса учун узр сўралди. Мазкур мухбир томонидан тилга олинган вазирлик ходими Ташқи ишлар вазирлиги тизимидан бўшатилди. А.Пикулицка-Вильчевсканинг журналистик аккредитациясини расмийлаштириш жараёни 2021 йил 3 феврал куни якунланади», дейилади маълумотда.
АОКА ҳам муносабат билдирди
Ижтимоий тармоқларда Агниешка Пикулицка-Вильчевскининг аккредитациядан ўтиши билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги ҳақида маълумотлар эълон қилиниши биланоқ АОКА шу заҳоти Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизматига мурожаат қилиб, кўтарилган масалани ҳар томонлама ўрганиш ва унга аниқлик киритишни сўради.
Агентлик ТИВ ахборот хизматининг тезкор муносабати ва хорижлик журналистдан бўлиб ўтганлар учун узр сўрашини маъқуллайди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Агниешка Пикулицка-Вильчевскининг журналистлик аккредитациясини расмийлаштириш жараёни ижобий якунланишига умид қилади.
Бундан ташқари, Агентлик яна бир бор барча давлат органларини журналистлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий қонунчиликни ҳурмат қилишга ва унга қатъий риоя қилишга чақиради.
Агнешка Пикулицка-Вильчевсканинг сўнгги йилларда «Ал-Жазира», «Дипломат» каби нуфузли нашрларда чоп этилган мақолалари таҳлили унинг ижоди ниҳоятда сермаҳсул эканини кўрсатади. У кўтарган масалалар Ўзбекистон жамиятида содир бўлиб, айрим ҳолларда ҳали-ҳануз ўз ечимини топмаётган долзарб муаммолар сирасига киради.
«Ижобий кам, салбий кўп...»
Агнешка ёзган мақолаларни тахминий равишда ижобий ва салбий тоифаларга бўлиб чиқдик. Албатта А.Пикулицканинг «Рустам» нуқтайи назаридаги ижобий мақолалари анча кам кўринди. Улар, хусусан, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар; Мўйноқда ўтказилган электроконцерт; одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланиб, илк бор бу ҳақда очиқ айтган қиз ҳикоясини ёзган.
«Салбий» бўлиб туюлган мақолалар эса «талайгина», улар сўз эркинлиги учун узоқ кураш; Бобомурод Абдуллаевни танлашга мажбур қилган иккиламчи ҳаёт тақдири; ўзбек жамиятидаги иқтисодий нотенгликни ўткир сатира остига олган тасвирчи, видеоблогер Шавкат Эгамбердиев; Ўзбекистонда бошланган жадал урбанизация лойиҳаси туфайли 2019 йилда кузатилган «снослар» тўлқинининг тарихий обидаларга таъсири ва оддий аҳоли вакилларининг саробга айланган армонлари; коронавирус баҳона тезликда жорий этилган, оддий ўзбекнинг ойлик-маошларига мутлақо номутаносиб, отнинг калласидек жарималар ва унинг шахс-фуқаролик ҳуқуқларига таъсири; чин мухолифатсиз 2019 йилда ўтказилган парламент сайловлари; ўзини поезд тагига ташлаб жонига суиқасд уюштирмоқчи бўлган, «жосус»га айлантирилишда руҳий қийноқларга тутилган дардман собиқ дипломат Қодиржон Юсупов ҳикояси; «шпион-шпион» ўйинларининг яна бир қурбони, ҳаёти фиғон ва ҳасратда ўтган, ҳозирда марҳум Андрей Кубатин билан суҳбат; уй-рўзғор тирикчилиги ҳамда йиллар давомидаги амалдаги нўноқ ижтимоий, социал-иқтисодий режалаштириш боис абгор кечмишга йўлиққан миллионлаб муҳожирларнинг саргардонликлари ҳамда уларнинг турли осон ўлжа бўлаётганликларини оддий ва ҳаққоний тилда, журналистик суриштирув асосида ёритган.
Агнешканинг тадқиқот изланишлари фақат Ўзбекистон билан чекланмайди. У, шунингдек, қўшни Афғонистонда мутаассиб гуруҳлар тузоғига илинган марказий осиёликлар, Қирғизистонда этник ўзбекларга нисбатан тизимли ноинклюзивлик ва Азимжон Асқаров ҳикояси, Тожикистондаги мухолифат, Қозоғистон, Украинада юз берган долзарб сиёсий-ижтимоий воқеаларни ҳамда Германия ва ўз ватани Польшада мусулмон жамоасига нисбатан ошиб бораётган ўта ўнг реакцион кайфият ҳақида баён этиш услубида қалам тебратган.
Аккредитациядан ўтказиш тартиби
Вазирлик ходимининг гўё ишқий тегажоғликлари хизмат доирасида, албатта, суриштирилиши турган гап. Аммо Агнешка твитларида ошкор этган айрим жиҳатлар «Рустам»нинг – унинг исми бутунлай бошқача ҳам бўлиши мумкин – ижобий мақолалар ёздиришга кўндирмоқчи бўлгани очиқлик ва ошкоралик ҳақида кўп бонг урилаётган сўз эркинлигига кўланка солмай қўймайди. Бир сутка ўтар-ўтмас бу ҳақда аллақачон «Хьюман Райтс Воч», «Cotton Campaign», «Women In Journalism» инсон ҳуқуқлари ташкилоти юз берган кўнгилсиз воқеани қораловчи ўзларининг қисқа муносабатларини билдиришди.
Чет эл журналистларининг Ўзбекистон ҳудудида хорижий мухбир бўлиб ишлашларининг расмий уч ижозат шакли бор. Бу Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касб фаолиятини тартибга солувчи асосий қоидаларни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорига асосан амалга оширилади. Улар қуйидагича: хорижий мухбирлик пункти, доимий мухбир ва вақтинча мухбир.


Хорижий журналистлар тегишли бир неча расмиятчилик ҳужжатларини топширишлари баробарида уларнинг фаолиятини юргизиш ва очиш масаласи бўйича вазирликнинг мақсадга мувофиқлик хулосаси лозим бўлади. Ташқи ишлар вазирлиги вебсайтига кўра, 2018 йил 3 декабр ҳолатига кўра, мамлакатда 8та хорижий ОАВ бюроси ва 2020 йил 28 апрел ҳолатига кўра, 53 хорижий мухбир расмий чиғириқ аккредитациясидан ўтган.
Мавзуга оид
15:40 / 02.03.2026
Вадефул: “Бу можаро яқин кунларда тўхтамайди”
10:26 / 02.03.2026
ТИВ Яқин Шарқ бўйича сафарларни вақтинча кечиктиришни тавсия қилди
22:17 / 28.02.2026
Ўзбекистон Яқин Шарқдаги кескинлашувдан хавотир билдирди
12:27 / 10.02.2026