“Trastbank”нинг ислом шариатлари асосида молиявий хизмат кўрсатадиган “Trast Muamalat” компанияси ўз фаолиятини бошлади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 мартдаги “Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан шерикликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси банк секторига исломий молиялаштириш инфратузилмасини ривожлантириш доирасида Хусусий Секторни Ривожлантириш бўйича Ислом Корпорациясининг маслаҳат ёрдамини жалб қилиш белгиланган.
Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 майдаги “Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига урғу берилган.
Мазкур қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 22 август куни “Trastbank” хусусий акциядорлик банки ва Хусусий Секторни Ривожлантириш бўйича Ислом Корпорацияси (ICD) ўртасида “Маслаҳат ёрдами тўғрисида”ги шартнома имзоланди. Унга кўра, банк тизимига “Ислом дарчаси” хизматларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу эса ўз навбатида, ҳамкорлик ва шариат шартлари асосида кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, бу борада ходимларнинг билим ва кўникмасини бойитиш каби масалаларга ҳам устувор аҳамият қаратилди. Шу жумладан, Банк ходимларининг билим ва малакасини ошириш мақсадида ICD ва Ислом тараққиёт банки гуруҳига кирувчи Ислом илмий-тадқиқот ва ўқув институти (IRTI) мутахассислари иштирокида исломий молиялаштириш хизматларини жорий этиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди. Мазкур ўқув семинарларини муваффақиятли тамомлаган “Trastbank”нинг 30 нафар ходимига Ислом тараққиёт банки таълим муассасасининг махсус сертификатлари топширилди.
Яна бир жиҳат. Лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун ICD’нинг тавсиясига биноан “Trastbank” ХАБ етакчи ислом банкининг дастурий таъминот компанияларидан бири Иорданиянинг ICS Financial Systems компанияси билан шартнома тузди. Дастурий таъминотнинг имкониятлари ва функционаллигини ўрганиш мақсадида ICSFS мутахассислари банк ходимлари учун уч ойлик амалий машғулотлар ўтказдилар.
Албатта, бу каби саъй-ҳаракатлар, ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Хусусан, юртдошларимизга ислом шариатлари асосида молиявий хизматларни кўрсатишга замин яратади.
2023 йил 10 январ куни “Trastbank” хусусий акциядорлик банки шуъба лизинг компанияси – “ Trast Muamalat ” масъулияти чекланган жамиятининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда “Trastbank” ХАБ раҳбарияти, Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси Сармояга инвестиция киритиш департаменти Маслаҳат-хизмат бўлими бош мутахассиси Музаффар Низамиддинов, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, “Trast Muamalat” МЧЖнинг асосий вазифаси амалдаги қонунчилик доирасида самарали “Мурабаҳа (Насия савдо)” ва “Ижара (Лизинг)” операцияларини амалга ошириш орқали молиявий хизматларни кенгайтириш стратегиясини амалга ошириш, шунингдек, халқаро ислом молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.
“Trastbank”нинг Ислом тараққиёт банки (ИТБ) гуруҳи билан узоқ муддатли муваффақиятли ҳамкорлиги “Trast Muamalat” МЧЖга ИТБ корпорацияларининг молиялаштириш линияларини жалб қилиш имконини беради. Қолаверса, ривожланишнинг ушбу босқичи компанияга жисмоний шахслар, кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш, уларнинг фаолиятини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратилишига туртки бўлади.
Шунингдек, компания амалдаги ҳуқуқий шароитда таклиф этилиши режалаштирилган шариатга мос молиявий маҳсулотларни ўрганиш ва жорий этиш билан шуғулланади. (реклама ҳуқуқи асосида)
Реклама ҳуқуқи асосида