Жаҳон | 08:45 / 24.12.2025
5275
4 дақиқада ўқилади

Туркияда Ливия армияси бош штаби бошлиғи авиаҳалокат қурбонига айланди

Туркияда сешанба куни кечқурун бортида Ливия армияси бош штаби бошлиғи Муҳаммад Али Аҳмад Ал-Ҳаддод бўлган самолёт Анқарадан ҳавога кўтарилганидан кўп вақт ўтмай ҳалокатга учради. Ливия миллий бирлик ҳукумати раҳбари Абдул Ҳамид Дбейба унинг ўлимини тасдиқлаган.

Фото: Anadolu via Getty Images

Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоя Х ижтимоий тармоғидаги постида борт номери 9H-DFJ бўлган, маҳаллий вақт билан соат 20:10 да Анқараги Эсенбўға аэропортидан Триполи томон парвозни бошлаган Falcon 50 бизнес-жет соат 20:52 да қулаб тушганини тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, жандармерия бўлинмаси самолёт парчаларини Ҳаймана туманидаги Кесикқовоқ қишлоғидан икки километр масофадан топган.

Туркия нашрлари Falcon 50 ҳалокатга учраган жойда олинган фотони намойиш этди
Anadolu via Getty Images

Вазирнинг хабар қилишича, самолёт бортидан Ҳаймана тумани ҳудудига шошилинч қўнишни амалга ошириш бўйича сўров келиб тушган, шундан кейин борт билан алоқа узилган.

Бортда беш йўловчи, жумладан Ливия армияси бош штаби бошлиғи Муҳаммад ал-Ҳаддод ҳам бор эди.

Ливиядаги миллий бирлик ҳукумати раҳбари Абдул Ҳамид Дбейба Ливия армияси бош штаби бошлиғининг ўлимини тасдиқлади.

«Бу Туркия пойтахти Анқарадан расмий ташриф билан қайтишдаги фожиали ва оғир воқеадан кейин содир бўлди. Бу оғир йўқотиш – миллат, ҳарбий идора ва бутун халқ учун улкан йўқотишдир», – дейилади Дбейбанинг баёнотида.

Шунингдек, у бортда Ливия қуруқлик қўшинлари қўмондони, ҳарбий ишлаб чиқариш бошқармаси директори, бош штаб бошлиғи маслаҳатчиси ва фотосуратчиси ҳам бўлганини маълум қилган.

Самолёт ҳалокати сабаби ҳали аниқланмаган.

Ижтимоий тармоқларда ҳалокат вақтидаги кадрлар тарқалган

Триполидаги миллий бирлик ҳукумати бош вазир мудофаа вазирига тергов жараёнини назорат қилиш учун Анқарага расмий делегация юборишни буюрганини маълум қилди.

Ливия сиёсий масалалар бўйича вазири Валид Эллафи Libya Alahrar телеканалига берган интервюсида бу Малтадан ижарага олинган самолёт бўлгани, аммо «унинг эгаси ёки техник тарихи бўйича етарлича маълумот йўқлиги»ни билдирган.

БМТ томонидан тан олинган Ливия миллий бирлик ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб уч кунлик расмий мотам эълон қилди.

Туркия Мудофаа вазирлиги аввалроқ Ҳаддоднинг ташрифи ҳақида хабар бериб, у Туркия мудофаа вазири Яшар Гулер, бош штаб бошлиғи Салжуқ Байроқдорўғли ва бошқа турк ҳарбийлари билан учрашганини маълум қилганди.

Ҳалокат Туркия парламенти президентнинг Ливияда турк ҳарбийларини яна бир йил муддатга жойлаштириш бўйича фармони лойиҳасини маъқуллаганидан бир кун ўтиб содир бўлди. Таклиф Ливия миллий бирлик ҳукуматининг ҳарбий ёрдам тўғрисидаги мурожаати асосида парламентга кўриб чиқилганди.

Ушбу мамлакатда ҳокимият шарқий ва ғарбий қисмлар ўртасида тақсимланган. Туркия Триполида жойлашган Ливия миллий бирлик ҳукуматига ҳарбий ва сиёсий ёрдам кўрсатиб келади. Шу билан бирга, сўнгги пайтларда Туркия ҳукумати Ливиянинг шарқий қисми билан алоқаларни ҳам фаоллаштирган, бунда Ливия миллий армияси қўмондони Халифа Ҳафтар асосий рол ўйнайди.

2020 йилда Анқара ушбу мамлакатга ҳукумат кучларини ўқитиш ва қўллаб-қувватлаш учун ўз ҳарбий хизматчиларини юборган ҳамда денгиз демаркацияси бўйича (Миср ва Греция билан баҳсли эди) келишувга эришганди. 2022 йилда Анқара ва Триполи энергия ресурсларини қидириш бўйича дастлабки келишувни имзолаганди, Миср ва Греция бунга ҳам қарши чиққан.

ТАСС агентлиги хабарига кўра, Халифа Ҳафтар Ливия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи авиаҳалокат қурбони бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид