Ўзбекистон | 12:00 / 21.01.2019
9525
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 100 мегаваттли қуёш электр станцияси қурилади 

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш агентлиги ва Халқаро молия корпорацияси (IFC) томонидан ташкил этилган «Энергетика ва транспорт соҳасидаги Давлат-хусусий шерикчилиги (ДХШ)» мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг маслаҳатчиси Ремир Мукумов, IFC’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Зафар Ҳошимов, Европа ва Марказий Осиёда ДХШ маслаҳат хизматлари менежери Георги Петров ва Швейцария элчихонасининг вакили тадбирда сўзга чиқишди. 

Давра суҳбатида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигининг механизмлари ва инвестиция воситаларига асосланган ҳолда энергетика ва транспорт соҳасига инвестицияларни жалб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди. Маҳаллий мутахассислар ҳаво транспорти, йўллар ва энергия соҳасида ДХШ лойиҳаларини режалаштириш ва амалга оширишда жаҳон тажрибасининг энг яхши мисоллари билан танишиш имконига эга бўлдилар. Бунинг учун ҳуқуқий асослар, турли хил лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида кенг тажрибага эга бўлган мутахассислар таклиф этилган.

Умумий ривожланиш стратегиясининг бир қисми сифатида, Ўзбекистон хусусий секторнинг давлатни ривожлантиришда ДХШ механизмидан фойдаланиш орқали иштирокини кенгайтириш учун жуда кўп иш олиб боради. Инфратузилма инвестициялари ва хавфларни тақсимлаш учун капитални жалб қилиш каби муҳим жиҳатлардан ташқари, ДХШлар инновацияларни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ўсишни таъминлашга ёрдам беради. Шу сабабли, кўплаб давлатлар ДХШни ўзларининг ривожланиш стратегиясининг асосий элементларидан бири деб ҳисоблашади.

Молия вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, ушбу тадбир IFC’нинг Ўзбекистон ҳукумати томонидан иқтисодиётда хусусий секторнинг ролини оширишга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган фаолиятининг бир қисмидир. 

Билдирилишича, транзакцион маслаҳатчи сифатида IFC Ўзбекистон ҳукумати учун 100 мегаваттли қуёш электр станциясини молиялаш, қуриш ва бошқариш учун хусусий сектор тажрибаси ва сармоясини жалб қилиш учун ДХШ лойиҳасини тузишга ёрдам беради. 

IFC, шунингдек, мамлакат бўйлаб диализ марказларини молиялаштириш, жиҳозлаш, сақлаш ва фаолият юритиш учун хусусий инвесторларни жалб қилиш учун ДХШ лойиҳаси бўйича маслаҳатлар беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид