Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Салоҳ қайтди ва рекорд ўрнатди, «Арсенал» ва «Барса»да қийин ғалаба
«Арсенал»га автоголлар ёрдам берди, «Ливерпул» юқорига кўтарилмоқда. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
«Ливерпул» – «Брайтон» 2:0
Голлар: Экитике, 1 (1:0). Экитике, 60 (2:0)
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Конате, Керкез, Жо Гомес (Салоҳ, 26), Жонс, Гравенберҳ, Макаллистер, Вирц (Робертсон, 78), Собослаи (Киеза, 83), Экитике (Исак, 78)
«Брайтон»: Вербрюгген, Данк, ван Ҳекке, Ферди Кадиўғли, Виффер, Ҳиншелвуд (Уэлбек, 82), Балеба (Айяри, 64), Груда (Митома, 64), Д. Гомес (Милнер, 87), Минте, Рюттер (Костулас, 82)
Огоҳлантиришлар: Конате, 64 – Д. Гомес, 45. Данк, 59
Можароли интервюсидан кейин бош мураббий Арне Слот билан гаплашиб олган Салоҳ жамоанинг ўйин учун қайдномасига қайтди. Ўйин бошланишидан олдин трансляция режиссёри футболчи захира ўриндиғида юзида табассум билан ўтирганини намойиш этди.

Ўйин бошланиши билан «Энфилд» гумбурлади. «Ливерпул»нинг кучли прессинги Жо Гомес тўпни бош билан жарима майдонига етказиб бериши, у ерда турган Экитике эса дарвоза тўрини ўққа тутиши билан якунланди. Мерсисайдликлар АПЛда 2019 йил апрелидан буён бу қадар эрта (46-сонияда) ҳисобни очишмаганди, ўшанда Кейта 15-дақиқада гол уриб, клуб рекордини ўрнатган. Бу сафарги гол жорий мавсумда АПЛда урилган энг тезкор голга айланди.
Салоҳ эса кутилганидан олдинроқ майдонга қайтди. 26-дақиқада Жо Гомес жароҳат олди ва мисрлик футболчи майдонга тушиб, жамоанинг асосий универсали Собослаи ўнг қанот ҳимоясига ўтди. Муҳаммад дарҳол голли вазият яратди ва умуман олганда жуда тетик кўринди. Аммо қизиллар тезда иккинчи голни ура олишмади ва иккинчи бўлим бошида меҳмонлар ҳисобни тенглаштириши ҳам мумкин эди, аммо Диего Гомес бўш дарвозани ишғол этолмади.

Шундан кейин Салоҳ яна ўзини кўрсатди ва бурчак зарбасидан идеал узатма бериб, олис устун олдида бўш турган Экитикени тўп билан таъминлади. Бу орқали у АПЛда навбатдаги рекордни ўрнатди. Энди у бир жамоадаги голли ҳаракатлар сони бўйича узоқ вақтдан буён Уэйн Рунига тегишли бўлиб келган кўрсаткични янгилади. «Ливерпул» вингери энди 277 баллга эга (188 гол ва 89 узатма).
У ўйин охиригача бу натижасини янада яхшилаши ва ҳақиқий қайтишни амалга ошириши мумкин эди, аммо Киезанинг узатмасидан кейин қулай вазиятда туриб дарвозан ишғол этолмади.
Шунга қарамай, айнан унинг ёрдами билан «Ливерпул» ишончли ғалабага эришиб, турнир жадвалида «Брайтон»ни қувиб ўтди ҳамда энди ҳозирча бешинчи ўринда бораётган «Кристал Пэлас»га очколар сони бўйича етиб олди.
«Челси» – «Эвертон» 2:0
Голлар: Палмер, 21 (1:0). Гюсто, 45 (2:0)
«Челси»: Санчес, Чалоба, Фофана, Кукуреля, Гюсто, Фернандес, Жеймс, Палмер (Сантос, 58), Гарначо (Гиттенс, 65), Педру Нету, Жоао Педро (Эстевао, 81)
«Эвертон»: Пикфорд, Кин, Тарковски, Миколенко, О`Брайен, Гейе, Гарнер (Ироэгбунам, 84), Дюсбери-Ҳолл (Алкарас, 16), Грилиш (Диблинг, 84), Ндиай, Барри (Бету, 68)
Огоҳлантириш: Фофана, 76
Мавсум старти арафасида декабр ойи ўрталарига келиб «Стэмфорд Бриж»да кечадиган ўйинда «Челси» ва «Эвертон» ўртасидаги кучли тўртлик учун кураш кечишини деярли ҳеч ким тасаввур қила олмасди. Лондонликлар чемпионлик пойгасида бўлиши кутилган ҳолат эди, аммо «Эвертон» мавсум ярмигача бу қадар юқори натижа кўрсатиши – кўпчилик учун сюрприз бўлди. Лондондаги ўйинда «ирислар» илк дақиқалардан ўз натижалари тасодиф эмаслигини ва мезбонлардан чўчимаслигини кўрсатишга киришди. Лекин 15-дақиқадаёқ жамоа етакчиси Дюсбери-Ҳолл жароҳат олди, кўп ўтмай мезбонлар ҳисобни очишди, трибуналар эса Палмернинг сўнгги уч ойдан кўпроқ вақт давомидаги илк голини катта хурсандчилик билан нишонлашди. Коул бу орқали АПЛдаги голлари сонини 39 тага етказиб, «Челси» тарихидаги энг яхши тўпурарлар рейтингида Николя Анелкани қувиб ўтиб, тўққизинчи ўринга кўтарилди.
Унга ассистентлик қилган ҳимоячи Гюсто биринчи бўлим охирида амалда ўйин тақдирини ҳал қилди. Энцо Мареска шогирдлари шу куни вазиятлардан фойдаланиш бўйича аъло натижа кўрсатишди ва бу орқали узоқ кутилган ғалабага эришишди. Жамоа ЕЧЛда «Барселона»ни мағлуб этганидан кейин барча турнирлар доирасидаги тўрт ўйинда бирорта ғалабага эришмаганди (=2-2). Бу оралиқда фақат «Арсенал» билан ўйиндаги дурангни жамоа ҳисобига ёзиш мумкин, «Лидс» ва «Аталанта» билан ўйинлардаги мағлубият ва «Борнмут» билан ўйиндаги дурангни мухлислар қабул қила олишмаганди. Аммо энди Палмер қайтиши билан жамоанинг ишлари ҳам юриша бошлади – «Челси» камида «Кристал Пэлас» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги ўйин якунигача тўртинчи ўринга кўтарилди.
«Арсенал» – «Вулверҳэмптон» 2:1
Голлар: Жонстон, 70 – автогол (1:0). Арокодаре, 90 (1:1). Москера, 90+4 – автогол (2:1)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Инкапие, Тимбер, Уайт (Люис-Скелли, 31), Субименди (Мерино, 58), Райс, Эзе (Эдегор, 57), Мартинелли (Троссар, 57), Сака, Йокереш (Габриэл Жезус, 81)
«Вулверҳэмптон»: Жонстон, Агбаду, Гомеш (Мане, 86), Москера, Андре, Гомес, Крейчи (Ариас, 80), Волфе, Доэрти (Чачуа, 69), Ларсен (Арокодаре, 69), Ҳван Ҳи Чҳанг (Лопес, 80)
Огоҳлантиришлар: Ҳван Ҳи Чҳанг, 60. Доэрти, 65. Москера, 90. Агбаду, 90
АПЛнинг биринчи ва охирги жамоалари ўйинидан олдин иккита савол бор эди: «Арсенал» аутсайдер дарвозасига биринчи голни қачон уриши ва «Вулверҳэмптон» «канонирлар»га қарши қаторасига тўққизинчи ўйиндаги мағлубиятини қандай ҳисобда қабул қилиб олиши бўйича. Фақат амалда Микел Артета жамоаси жиддий қийинчиликка дуч келди. Мезбонлар дастлабки 45 дақиқаликда дарвоза соҳасига тўғри борган бирорта тўғри зарба йўллай олмади, Ҳван Ҳи Чҳанг эса қарши ҳужумда ҳисобни очишга жуда яқин келди.
Ҳатто бурчак зарбалари ҳам самара бермади. Натижада мухлислар иккинчи бўлимда бўладиган ўзгартиришлардан умид қилишига тўғри келди. Қолаверса, «Арсенал» АПЛда иккинчи бўлимнинг дастлабки 15 дақиқасида энг кўп гол урган (8) жамоа ҳисобланади. Аммо бу сафарги ўйинда иккинчи бўлим стартидаги ҳужумлар ҳам голга олиб келмади. Шундан сўнг Артета учталик алмаштириш амалга ошириб, Эдегор, Троссар ва Меринони майдонга ташлади. Янгиланган таркибда ўйин бошқача кеча бошлади ва меҳмонлар дарвозабони Жонстон зерикиб қолмади. У бир неча бор жамоасини қутқарди, аммо барибир аламли тарзда гол ўтказиб юборди. Сака бурчак зарбасидан кейин тўпни айлантириб дарвозабон ҳудудига йўналтирди, тўп устундан қайтди, аммо дарвозабоннинг елкаси орқали тўрга кириб кетди.
Шундан кейин мезбонлар муваффақиятни ривожлантириш ўрнига негадир ҳимояга қайтишди, меҳмонлар устози эса ҳимоячилар ўрнига ҳужумчиларни туширди, бу эса ҳисоб тенглашишига олиб келди. 90-дақиқада жарима майдони ичида тўп учун курашда Инкапиедан устун келган Арокодар АПЛдаги илк голини урди.
«Вулвз» характер кўрсатди, аммо ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда бежиз сўнгги ўринда юрмаганини исботлади. 90+4-дақиқада Саканинг қанотдан узатмасидан кейин Жезус билан тўп учун курашган Йерсон Москера ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Лондонликлар икки автогол эвазига муҳим уч очкони қўлга киритишди. Чемпионлик пойгасида эса бундай ўйинларда қўлга киритилган очколарнинг аҳамияти жуда юқори бўлади.

Испания: Симеоне учун қулай рақиб ва «Барса»да юбилей ғалаба
«Атлетико» – «Валенсия» 2:1
Голлар: Коке, 17 (1:0). Белтран, 63 (1:1). Гризманн, 74 (2:1)
«Атлетико»: Облак, Ганцко, Пубил, Руджери, Молина (Ле Норман, 46), Коке, Барриос (Галлаҳер, 59), Гонсалес (Алмада, 59), Симеоне, Серлот, Алварес (Гризманн, 59)
«Валенсия»: Агирресабала, Копете, Эрай Жемерт (Сантамария, 71), Васкес (Хосе Гайя, 82), Фулкя, Пепелу (Рамазани, 82), Угринич (Герра, 72), Андре Алмейда I, Коррейа, Дуро, Диего Лопес (Белтран, 55)
Огоҳлантиришлар: Пубил, 32. Серлот, 42. Алмада, 90 - Дуро, 88
«Атлетико» мавсумдаги илк ўйинида дуранг ўйнаганди, аммо шундан буён «Метрополитано»даги ўйинларда фақат ғалаба қозонмоқда. «Валенсия» билан ўйинда кутилганидек қаторасига саккизинчи ғалабага эришилди. Гап шундаки, «кўршапалаклар» – Диего Симеоне давридаги энг «севимли» меҳмон ҳисобланади. Аргентиналик мутахассис бошчилигида «матрасчилар» Мадридда ушбу рақибга уйдаги ўн беш ўйиндан бирортасида ютқазмаган (+11=4).
Лекин шанба кунги муваффақиятни осон қўлга киритилди, деб бўлмайди. Ҳолбуки ўйин Кокенинг тезкор голи билан бошланганди. Аммо валенсияликлар муносиб кураш таклиф этишди ва иккинчи бўлимдаги жавоб голи ўйин мантиғига мос келарди. Фақат Гризманн майдонга туширилиши тарозини мезбонлар фойдасига оғдирди. Франциялик тажрибали ҳужумчи Пубилнинг узатмасидан кейин тўпга эга чиқди ва яқин бурчакка қайтариб бўлмас зарба йўллади. Бу ғалабадан кейин «Атлетико» учинчи ўрин билан орадаги фарқни бир очкогача қисқартирди ва энди «Вилярреал» якшанба куни очко йўқотишини кутади.
«Барселона» – «Осасуна» 2:0
Голлар: Рафиня, 70 (1:0). Рафиня, 86 (2:0)
«Барселона»: Х. Гарсия, Кубарси (Фермин Лопес, 75), Мартин, Балде (Кристенсен, 88), Кунде, Педри (Касадо, 88), Э. Гарсия, Рафиня (Баржи, 88), Рэшфорд (де Йонг, 74), Ямал, Торрес
«Осасуна»: Эррера, Эррандо, Бойомо, Катена, Бретонес, Аргибиде (Розе, 69), Торро (И. Мунос, 46), Орос (Р. Гарсия, 64), Монкайола, Будимир (Раул Гарсия, 64), В. Мунос (Беккер, 65)
Огоҳлантиришлар: Бретонес, 35. И. Мунос, 59. Монкайола, 67
«Барса» «Осасуна»га қарши ўйиннинг биринчи бўлими ўрталаригача фаол ҳужумлар уюштирди ва рақибни ҳолдан тойдиришди. Шундан кейин памплоналиклар офсайд қопқони қўйишда хато қилишди ва Ферран Торрес Рэшфорднинг узатмаси билан ҳисобни очишди. Аммо вазиятга VAR аралашиб, тўпни бурчакдан ўйинга киритиш вақтида «ўйиндан ташқари» ҳолат юзага келганини қайд этишди. Рафинянинг товони офсайд чизиғидан ташқарида қолиб кетганди.

Иккинчи бўлимда «Осасуна» ҳам қарши ҳужумларга чиқиб, мезбонлар мухлисларини хавотирда ушлаб туришди. Каталонияликларнинг бурчак зарбасидан кейин уюштирилган қарши ҳужум Мунйос ҳисобни очиши билан якунланишига бир бахя қолди.
Мезбонлар айрим оралиқларда тўпга эгалик қилиш кўрсаткичини 90 фоизга 10 фоиз нисбатигача етказишди, аммо тўп ҳадеганда рақиб дарвозасига кирай демасди. Фақат 70-дақиқага келиб Педри майдон марказидан Рафиняни олдинга бошлади ва шу куни жамоани сардор сифатида майдонга бошлаб тушган бразилиялик вингер ҳисобни очди.
Меҳмонлар ўтказиб юборилган голдан кейин тўлиқ куч билан ҳужумга ташланди ва дарвозани ишғол этишга ҳам муваффақ бўлишди. Аммо бу гол дарвозабонга ишлатилган фол туфайли бекор қилинди.
Шундан кейин олдинги чизиқда катта бўшлиқларга эга бўлган кўк-анорранглилар иккинчи голни ҳам уришди. Кунде қанотдан узатма берди, тўп «Осасуна» ҳимоячиси Катена орқали олис устун олдида турган Рафиняга бориб тушди. Бу каталонияликларнинг Ла лигада йил бошидан буён урилган 100-голига айланди. Бунақаси «Барса» тарихида тўққизинчи бор, Месси кетганидан кейинги даврда эса иккинчи бор кузатилмоқда. Аммо асосийси, жамоа класикодаги мағлубиятдан кейин қаторасига еттинчи ўйинда ғалабага эришди ва турнир жадвалидаги пешқадамликни мустаҳкамлади.
