Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Космик маълумотлар таҳлили орқали дарахтлар кесилишини аниқлаш жорий этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 16 октябр куни аэрокосмик мониторинг орқали янги иқтисодий имкониятларни аниқлаш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда таъкидланганидек, энди аэрокосмик таҳлиллар ёрдамида иқтисодиётга туртки берадиган янги имкониятларни аниқлаш лозим.
Қайд қилинишича, йил бошидан космик мониторинг ёрдамида 2 мингдан зиёд кондан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган. Бош прокуратура олдига иқтисодий жиноятларнинг олдини олиш ва уларни ўз вақтида фош этишда ер, ишлаб чиқариш объектлари ва конларни сунъий йўлдош орқали таҳлил қилиш маълумотларидан самарали фойдаланиш вазифаси қўйилди.

Йил бошидан 33 мингдан зиёд ўзбошимча қурилиш аниқланган бўлса, уларнинг кўпи қишлоқ хўжалиги ерларида жойлашган. Шу муносабат билан қисқа муддатда тегишли ахборот платформаларини интеграция қилиб, ноқонуний қурилиш ҳолатларини тезкор ўрганиш ва бартараф этиш имконини берадиган тизим яратиш топширилди.
Тақдимотда космик мониторинг асосида жойларда бўш турган ерларни аниқлаш ва иқтисодий активга айлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Олтита ҳудудида олиб борилган ўрганишлар натижасида 300 гектарга яқин бўш ерлар аниқланди. Биргина Тошкент шаҳрида 95 гектар бўш ер участкаси топилиб, аукционга чиқарилган. Президент бу йил яна 8 та ҳудудда, келгуси йилда барча туман марказларида ўрганишларни охирига етказиш вазифасини қўйди.

Соҳада халқаро тажриба ва илғор ечимларни фаол жорий қилиш зарурлиги қайд этилди. Мутасаддилар бу борада ишлаб чиқилган лойиҳалар юзасидан ахборот берди.
Жумладан, космик маълумотларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, дарахтлар кесилиши, метан газ сизиб чиқиши, қуёш панелларининг самарадорлиги, йўл қопламаси ҳолати, темир йўл ва электр тармоқларидаги носозликлар ва ортиқча юкламаларни аниқлаш ишларини ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, тақдимотда космик соҳада таълим экотизимини яратиш, космик тадқиқотлар ва технологияларни ривожлантириш, йўлдошли алоқа технологияларини жорий этиш орқали олис ҳудудларида алоқа қамровини ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. 2028 йилда Самарқандда ўтказиладиган Халқаро астронавтика конгрессига пухта тайёргарлик кўриш юзасидан топшириқ берилди.
Мавзуга оид
21:28 / 27.10.2025
Колорадо кончилик мактаби билан Компетенциялар маркази ташкил этилади
19:29 / 27.10.2025
Ўзбекистон президенти АҚШ делегациясини қабул қилди
17:44 / 27.10.2025
2026 йилда асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолади
11:08 / 27.10.2025