Жаҳон | 17:16 / 26.10.2025
17198
10 дақиқада ўқилади

Купянск учун жанг. Шаҳар тез орада таслим бўлиши мумкинми?

Украина қўшинларининг Харкив области мудофаасини шарқий йўналишда цементлаб турган Купянск шаҳри яқинидаги ҳолати сўнгги кунларда сезиларли даражада ёмонлашди, деб хабар қилмоқда маҳаллий пабликлар.

Фото: Reuters

Купянск шимолидаги плацдармда тўпланган рус қўшинлари нафақат кичик гуруҳлар билан шаҳар марказига киришга ва ўрнашиб олишга, балки у ерда катта куч тўплашга ҳам муваффақ бўлди. Ҳозир у ерда жанглар кетмоқда.

Мудофаа кучларига асосий таҳдид Россия штурм гуруҳларининг Харкив – Купянск – Сватове трассасига яқинлашиши бўлиб, бу Украина қуролли кучларининг Оскол дарёси ғарбидаги таъминотини сезиларли даражада қийинлаштириши ва уларнинг шарқий соҳилдаги позицияларини эгаллаб турган қисмларини изоляция қилиши мумкин.

Ҳозирги вазият Купянск ва унинг атрофини мудофаа қилаётган Украина бўлинмалари учун қанчалик хавфли? Шаҳар тез орада таслим бўлиши ҳақидаги тахминлар асослими? BBC ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев Украина шарқий фронтидаги вазиятни таҳлил қилди.

Бу ҳозирнинг ўзида рўй берадими?

Йўқ. Купянск шимолидаги вазият Украина қуролли кучлари учун 2024 йил охири – 2025 йил бошидан ёмонлашди, ўшанда рус бўлинмалари камида иккита участкада Оскол дарёсини кечиб ўтиб, мустаҳкамланиб олишга муваффақ бўлганди. Қўшимча кучлар ташлангани сайин плацдарм кенгайиб борди, Украина мудофаа кучлари бунга йўл қўймасликка ҳаракат қилди, аммо уддалай олмади.

Россия қўмондонлигининг режалари тушунарли эди – биринчи навбатда етарли захираларни тўплаш, кейин эса ғарбдан Купянскни айланиб ўтиб, шаҳарни Чуҳийив орқали боғловчи Р-07 трассасини тўсиб қўйиш ёки шимолдан маъмурий марказнинг ўзига рўпарадан ҳужум қилиш.

Купянск ғарбидан Украина қуролли кучлари ортига ўтишнинг иложи бўлмади, шу мақсадда амалга оширилган ҳужумлар қайтарилди ва афтидан, Россия қўмондонлиги иккинчи вариант бўйича ҳаракат қилишга қарор қилди. Ёзда шаҳар шимолида икки томон ҳам назорат қилмайдиган «кулранг зона» кенгаяётгани ҳақида хабарлар кела бошлади, бу эса у ерда россияликларнинг илғор гуруҳлари пайдо бўлганини англатарди. Сентябр ойи бошларида эса шаҳар ичкарисида жанглар бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Аммо ундан олдинроқ, август ойи охирида Россия бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Владимир Путинга Купянск деярли тўлиқ блоклангани ва унинг ҳудудининг ярмига яқини Россиянинг «Запад» қўшинлари гуруҳи ҳарбийлари томонидан эгаллаб олингани ҳақида ҳисобот берганди.

Герасимовнинг баёноти Z-блогерларда тушунмовчилик келтириб чиқарганди – ўша пайтда Купянскка шимолдан ҳужум қилаётган рус қисмлари ҳали шаҳар ичкарисига кирмаганди. Россиялик ҳарбий мухбирлар орасида «Запад» гуруҳи ҳарбийларининг саъй-ҳаракатлари яқин ҳафталар ва ойларда реалликни Бош штаб раҳбарининг баёнотларига мувофиқлаштиришга қаратилиши ҳақида тахминлар билдирилди.

Купянскда ҳозир нималар бўлмоқда?

Купянск шимолида Кондрашовка – Радковка – Голубовка учбурчагида жойлашган Россия бўлинмалари шаҳарга иккита асосий йўналиш бўйлаб кирди: Оскол дарёсига параллел равишда чўзилган Р-79 трассаси бўйлаб, шунингдек, шаҳарнинг ғарбий қисмида Купинка дарёсини кесиб ўтиш билан айланма манёвр орқали.

Олдинга силжиш векторлари Р-79 трассаси Р-07 (ғарбий йўналишда Чуҳийив ва Харкивга, шарқ томон ҳаракатланганда эса ҳозирда украин қўшинлари мудофааланаётган позициялар ҳисобланувчи Заосколе, Кучеровка ва Петропавловка қишлоқларига олиб боради) билан кесишадиган нуқтага етиб боришга қаратилган.

Ёриб кириш ҳудудида Россиянинг илғор гуруҳлари жойлашиши ва куч тўплаши мумкин бўлган кўплаб йирик бинолар мавжуд.

Америка Урушни ўрганиш институтининг (ISW) 21 октябрдаги ҳисоботига кўра, Россия қўшинлари Купянскнинг ўзида, шунингдек, шаҳарнинг шимоли, шимоли-шарқи, шарқи ва жануби-шарқида ҳужум қилган. Украина қуролли кучлари Купянскнинг ғарбий қисмида ва шарқдаги Песчаное қишлоғи яқинида қарши ҳужумга ўтди.

ISW’дагилар фикрича, русларнинг бу амалиёти ҳозирча Россиянинг ҳудудни ёки ҳарбий ҳаракатлар зонасининг олдинги қисмини назорат қилишига таъсир қилмаган. Шуни ҳисобга олиш керакки, ишончли далиллар бўлмаган тақдирда, ISW ҳар доим фронтдаги воқеаларга жуда эҳтиёткорлик билан баҳо беради.

Купянск шарқида мудофааланаётган Украина бўлинмалари қуршовга тушиши мумкинми?

Ҳозирча йўқ. Купянск марказидан ўтган Оскол дарёси устидаги ярим вайрона ҳолатига келган кўприк ҳозирча Украина қуролли кучларига шарқий қирғоқ билан алоқаларни сақлаб қолиш имконини беради, аммо асосий таъминот йўли бўлиб хизмат қилмайди. Душман қўлига ўтиши хавфи туғилган тақдирда эса, у катта эҳтимол билан портлатиб юборилади.

Купянскдан шарқда позицияларни эгаллаб турган Украина қўшинларига таъминотнинг асосий йўналиши эса жануброқда – Купянск-Узловой темирйўл станцияси ҳудудида, Оскол орқали кўтарма тўғони орқали ўтади.

Бу маршрутни ишончли дейиш қийин. Россия авиацияси вақти-вақти билан тўғонга зарба бермоқда, лекин кўтарма ўтиш жойи тезда таъмирланмоқда. Жуда зарур бўлганда, нисбатан заиф бўлса-да, понтон ўтиш жойларидан ҳам фойдаланиш мумкин.

Аммо бу Украина қуролли кучлари Купянскнинг жанубий ва марказий ҳудудларидан чекиниши мумкин дегани эмас. Бундай ҳолда, катта эҳтимол билан, Россия қўшинлари Оскол бўйлаб тўғон йўналишида ҳаракатланишни давом эттиради ва кейин дарёнинг чап соҳилидан, жумладан, Купянскнинг шарқий қисмидан ҳам украинларнинг барча кучларини олиб кетиш зарурати юзага келиши мумкин.

Воқеаларнинг бундай ривожида Россия армияси кенг ҳаракат майдонига эга бўлади. Осколнинг ғарбий соҳилидаги плацдарм ва Купянск инфратузилмасини назорат қилиш русларга Украина қуролли қучларининг ўзига қарши турган гуруҳини доимий бесаранжомликда ушлаб туриш имконини беради, қанотларда табиий сув тўсиғи мавжудлиги эса каттагина миқдордаги кучларни бўшатиш имконини беради.

Улар фронтнинг бошқа участкаларига, хусусан, шимолдан Словянск-Краматорск агломерациясига чиқиш мақсадида Боровая посёлкаси ва Лиман йўналишида ҳужум қилаётган Россия гуруҳларини кучайтириш учун ташланиши мумкин.

Россия қўшинлари қандай муаммоларга дуч келмоқда?

Купянск йўналишида ҳаракат қилаётган «Запад» гуруҳи шаҳарга жанубдан ҳам, шарқдан ҳам яқинлаша олмайди. Купянскка ҳужумлар Оскол дарёсининг ғарбий соҳилида яратилган шимолий плацдарм орқали амалга оширилмоқда.

Плацдармда ўрнашиб олган Россия қисмларига таъминот етказиб бериш муаммоси олдиндан мавжуд эди, жанговар сафлар шаҳар томон чўзилгани сайин бу муаммо янада ўткирлашмоқда.

Қайиқ ва дронлар ёрдамида оғир техника ва қурол-яроғлар у ёқда турсин, кўплаб юкларни нариги соҳилга ўтказиб бўлмайди. Бундан ташқари, эҳтимолий ўтиш жойлари Украина қуролли кучларининг нишони остида туради.

Россияликлар Осколни кесиб ўтиш муаммосини қисман Лиман Первий қишлоғидан Радковкагача чўзилган ерости қувуридан фойдаланиш орқали ҳал қилишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда сентябр ойида маълум бўлганди. Катта эҳтимол билан, Украина қуролли кучлари учун ғарбий соҳилда Россия кучлари тўпланиши жуда кутилмаган ҳолат бўлган.

Ҳозир ҳам бу туннелдан фойдаланилаётгани борасида аниқ маълумот йўқ. Нима бўлганда ҳам, Россия қўшинлари шаҳарга кирган бўлинмаларни қўллаб-қувватлаши керак ва бунда қувур энди ёрдам бермайди, украинлар мунтазам ўққа тутадиган тор йўлаклар орқали ўқ-дорилар ва озиқ-овқат етказиб бериш жуда қийин ва хавфли.

Таъминоти яхши бўлмаган плацдарм орқали Купянскка рўпарадан ҳужум қилиш орқали руслар катта таваккачиликка қўл уришмоқда. Агар Украина қуролли кучлари бу томонга жиддий захира кучларни олиб келишга улгурса ва Россия қўмондонлиги логистика, айниқса, олдинги қисмларга таъминот етказиш масаласини ҳал қилмаса – бундай қарама-қаршилик натижаси олдиндан маълум бўлади.

Украина қуролли кучлари мудофаасидаги муаммо нимада?

Афтидан, Украина мудофааси заифлашгани шароитида дронларга таяниш яна бир бор ўзини оқламади.

Россия армияси Украина мудофаа тизимлари орқали сизиб ўтиш тактикасини кенг қўлламоқда ва Купянск ҳудудида принципиал жиҳатдан янги нарсани қўллаган бўлиши даргумон.

Украина нашрларининг Россия ҳарбийлари гўёки фуқаролик кийимида шаҳарга киргани ҳақидаги хабарлари ишончсиз кўринади. Биринчидан, Украина расмийлари эвакуацияни олдиндан амалга оширмоқда; иккинчидан, дала кузатувчиси ёки дрон оператори фронт чизиғини кесиб ўтаётган тинч аҳоли вакилини россиялик ҳарбийдан ажрата олмаганига ишониш қийин.

Донбасс ва Запорижжяда, шунингдек, Суми ва Курск областлари ҳамда Белгород ва Харкив областлари ўртасидаги ҳарбий тўқнашув чизиғида ва фронт ортида дронлар ўз ҳарбий тузилмаларига алоқадорлиги шубҳа уйғотадиган ҳар қандай объектга ҳужум қилади.

Украина ҳарбийлари кўпинча пиёдалар етишмаслигидан шикоят қилади, бу муаммо душманнинг олдинга силжиш йўлларини ишончли блоклашга, унинг фронт ортига киришига тезкор реакция кўрсатишга ҳамда ўз вақтида қарши зарба йўллашга имкон бермайди.

Яна бир муаммо иккала томон учун ҳам тааллуқли – жанговар техникадан фойдаланиш жуда қийин. Купянскка шимолий плацдармдан ҳужум қилаётган Россия қўшинлари ҳарбий техникаларсиз амаллага мажбур, ҳолбуки уч йил олдин Купянскдек шаҳарни биргина енгил пиёдалар билан штурм қилишга уриниш ақлдан озишдек кўринган бўларди.

Аммо Украина армияси ҳам жанг майдони кеча-ю кундуз разведка ва зарбдор дронлар томонидан назорат қилинаётган шароитда техника ва оғир қуролларни қўллашда жуда чекланган. Яъни Купянск мудофааси ҳолатида бундай имкониятлар бор, аммо танклар ва пиёда аскарларни биргаликда жангга ташлашдан деярли маъно йўқ – фақат пиёда қисмларга таянишга тўғри келади.

Россия қўшинларининг навбатдаги хавфли юришини қайтариш учун Украинада бирлашган кучларнинг янги гуруҳи тузилди, унга генерал Михаил Драпатий бошчилик қилади. У «ўт ўчирувчи» деган ном орттирган – ўз вақтида энг муҳим йўналишларда қўшинларга қўмондонлик қилган ва бу анча муваффақиятли чиққан.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид