Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Диний соҳада тайинловлар: Халқаро ислом академиясидан сўнг Олий маъҳадда ҳам ректор алмашди
Президентнинг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилган Музаффар Комилов Халқаро ислом академиясига ректор бўлди. Халқаро Ислом академиясининг собиқ ректори Уйғун Ғафуров эса Тошкент ислом институтига ўтди. Тошкент ислом институти ректори лавозимида ишлаб келган Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов муфтийга ўринбосар бўлди.
Фото: Мусулмонлар идораси матбуот хизмати
6 декабрь куни бўлиб ўтган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти педагоглар жамоасининг кенгайтирилган йиғилишида ташкилий масала кўрилди. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар берди.
Мажлисда тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Уйғун Ғафуров Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори лавозимига тайинлангани эълон қилинди. У 5 декабрь куни халқаро ислом академияси ректори лавозимидан озод этилган эди.
Уйғун Ғафуров бунга қадар ҳам Тошкент ислом институти ректори лавозимида 8 йил (2015-2023 йилларда) ишлаган.
Айни вақтда институт ректори вазифасида ишлаган профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари лавозимидаги фаолиятини давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан 4 декабрь куни Музаффар Комилов Ўзбекистон президентининг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилган эди.
Комилов 5 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори лавозимига тайинланган. Шу муносабат билан Уйғун Ғафуров Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори лавозимидан озод этилган эди.