Ўзбекистон | 11:14 / 07.03.2022
15248
2 дақиқада ўқилади

Ипотека субсидияларининг 40 фоизи хотин-қизлар учун ажратилади – Президент

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбирида нутқ сўзламоқда. 

Фото: Kun.uz

“Мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасида ишлаётган хотин-қизлар сонини янада кўпайтириш мақсадида “Бизнесчи аёллар” дастури қабул қилиниб, унинг доирасида 8 триллион сўм маблағ йўналтирилади. 

Шунингдек, жорий йилда Ипотека кредитлари бўйича бериладиган субсидияларнинг 40 фоизи хотин-қизлар учун ажратилади. Бу муҳтож аёлларни 12 мингта қулай уй-жой билан таъминлаш имкониятини беради. Тарихимизда илгари бўлмаган бундай кенг кўламли ишлар ижроси учун 15 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда. 

Бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман. Хотин-қизлар ва оила масаласи – бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир. Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади. 

Ҳозирги кунда хотин-қизлар мамлакатимиздаги демократик жараёнларнинг, халқчил ислоҳотларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради. Биз республикамиз бошқарув тизимида, парламент ва маҳаллий кенгашларда, турли соҳаларда билимдон ва фидойи опа-сингилларимизнинг улушини кўпайтиришга алоҳида аҳамият қаратамиз. Уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада кучайтириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади. 

Бугунги файзли даврамизда иштирок этаётган дипломат хонимларни – хорижий давлатларнинг ҳурматли элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларини ҳам, чин дилдан самимий қутлайман. Сизларга ўзаро манфаатли ва кўп қиррали муносабатларимиз ривожига қўшаётган муносиб ҳиссангиз учун, алоҳида ташаккур изҳор этаман”, – дея давлат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тайёрлаган:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид