Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Қайдасан, Британия?” — Миграция агентлиги 138 самарқандликнинг орзусини ушалтира оладими?
Самарқандлик 138 нафар фуқаро Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Англияга мавсумий ишга юбориш бўйича эълонидан кейин зарур жараёнлардан ўтган, лекин кета олмай қолган.
Kun.uz'да турли хусусий агентликлар томонидан фуқароларни хорижга жўнатиш билан боғлиқ ҳолатлар бир неча марта ёритилган. Четга чиқиш эвазига катта маблағ тўлаб, чув тушиб қолган фуқаролар арзи кўп бўлган. Лекин бу сафар мурожаатчилар хусусий фирмалар эмас, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан норози бўлмоқда.

Маълум бўлишича, 2023 йилнинг 17 феврал куни агентликнинг расмий Telegram-каналида Буюк Британияда ишлаш истагидан бўлган фуқаролар учун эълон жойлаштирилади. Эълонга асосан рўйхатдан ўтган фуқаролар суҳбат асосида саралаб олинади. Айтишларича, расмийлар кечи билан жорий йилнинг 15 майига қадар номзодлар Буюк Британияга жўнаб кетишини ваъда қилишган.
Маълумотларга кўра, Самарқанд вилояти бўйича Буюк Британияга бориб ишлаш учун 385 киши суҳбатдан ўтган. Ҳозирга қадар шундан 179 киши жўнаб кетган. Айнан хорижга жўнатилганлар қайси мезон асосида саралаб олинаётгани мурожаатчиларга қоронғилигича қолмоқда.

Пайариқлик Улуғбек Султоновнинг айтишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакили Telegram'да махсус гуруҳ очиб, ўша ерда янгиликларни улашиб турган. Суҳбатдан ўтганлар ўзига тегишли барча талабларни бажариб бўлишган. Айтайлик, соғлиғи, касби ва шахсига оид маълумотлар олинган. Белгиланган тўлов ҳам қилинган. Фуқаролар май ойида жўнаб кетиши айтилган бўлса-да, бу гап амалга ошмаган.

Булунғурлик Элмурод Очиловга кўра, унда трактор бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома ҳам бор. Буюк Британияга борувчи фуқаролар қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилиниши кўзда тутилган. Лекин Очиловга деҳқончиликни яхши билиши, трактор бошқара олиши ҳам афзаллик бермаяпти. Унинг фикрича, бу ерда қандайдир “ўйин” бўляпти.
Очилов суҳбат жараёнидаёқ адолатсизлик бўлганини айтмоқда. Миграция агентлиги вакили Ислом Исмоилов суҳбатдан ўтолмаган йигитлардан бири билан четроқда алоҳида суҳбатлашиб олгани, бир муддат ўтиб ўша йигит Британияга биринчилардан бўлиб кетганини айтади.
Номзодлардан яна бири Тўлқин Шукуров эса агентлик ва фуқаро ўртасида тузилган шартномада ҳеч қандай муддат кўрсатилмаганига эътибор қаратди. Муддат белгиланмаган шартномани истаганча чўзиш ёки унга зид ўлароқ иш қилиш мумкинлигини билдирди.

“Дарҳақиқат, шартнома аллақачон бузилди. Биз давлатга ишонганмиз, четда фуқароларимизнинг алдангани қанча. Мана, ўша феврал ойида суҳбатдан ўтиб, ҳозиргача хорижга кетолмаганлар билан сентябр-октябр ойларида қайтадан суҳбат ўтказилади, дейишяпти. Бу қайси мезонга тўғри келади?” деди Тўлқин Шукуров.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Самарқанд вилоят филиали раҳбари Суннатулла Абдусаидов вазиятга изоҳ берди.


Абдусаидовга кўра, бу лойиҳада суҳбатдан ўтганлардан 385 киши саралаб олинган. Кейинчалик 67 киши аризасини қайтариб олган, айни вақтда 138 киши Буюк Британияга кетолмай турибди.



“Агентлигимиз қилиши керак бўлган барча ишларни бажарди. Бироқ суҳбатдан ўтган номзодларнинг қайси муддатда хорижга чиқиб кетишини биз ҳал қилмаймиз. Британиядаги иккита компания билан ҳамкорлик қиляпмиз. Суҳбатдан ўтган номзодларнинг барчасининг маълумоти сайтга жойлаштирилган. Ўша тармоқ орқали британиялик фермерлар номзодларни ўзлари танлаб чақиришади. Бу ерда қандайдир Ўзбекистон томонидан инсон омили аралашмайди.
Биз ҳозир ҳам номзодлар билан шартномани бекор қилганимиз йўқ. Аксинча, юртдошларимиз ривожланган давлатларга бориб ишлашларини истаймиз.
Мавсумий ишга юборишни мақсад қилганмиз. Ҳамкорларимиз об-ҳаво ноқулай келгани сабабли ҳосилдорликка ҳам таъсир қилганини айтишди. Шу сабабли суҳбатдан ўтганлар вақтида кетишолмади”, – деди Суннатулла Абдусаидов.
Миграция вакили Британиядаги ҳамкор ташкилот – “Hops Labour Solutions” компанияси вакиллари сентябр-октябр ойларида Ўзбекистонга келиши ва танлаб олинган фуқаролар билан рус тилини билиш даражасини аниқлаштириб олишини маълум қилмоқда.
Бу компания вакиллари феврал ойида ҳам номзодлар билан суҳбат ўтказиб, саралаб олган. Суҳбат ўтказилганидан кейин маълум миқдорда тўлов қилиб, камига 5 ойдан буён кутаётганларга бу талаб малол келмоқда.

Умуман, миграция вакиллари махсус Telegram гуруҳи орқали саралаб олинган фуқароларни янгиликлардан хабардор қилиб туриши, саволларига қониқарли тарзда жавоб бериши кўзда тутилган. Бироқ расмийларнинг ижтимоий тармоқдаги гуруҳда фуқароларга жавоб бермай қўйгани турли саволларни юзага келтирмоқда. Хорижга кетиш истагидагиларнинг тоқатини тоқ қилган.
Камига Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг масъул ходими Ислом Исмоилов фуқаролар билан мулоқотда ўзини нописандларча тутиб, таҳдиддан нарига ўтмаган.
Telegram гуруҳ орқали Ислом Исмоилов номзодлар билан мулоқот қилар экан, агар танқидлар кўпайса, агентликка қандайдир эътирозлар қилиб тўпланишса, Миллий гвардия чақириши билан таҳдид қилган.
Маълум бўлишича, бу лойиҳада иштирок этиб хорижга кетиши керак бўлган, бироқ ҳозирга қадар сарсон бўлиб юрганлар фақат самарқандликлар эмас. Бошқа вилоятларда ҳам шу ҳолат кузатилган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги суҳбатдан ўтган фуқароларни хорижга жўнатиб юборишда инсон омили йўқлигини айтмоқда. Қайси фуқарони чақиришни Британия томон ҳал қилишини маълум қилди. Бироқ Буюк Британиядаги ҳамкор ташкилот – “Hops Labour Solutions” компанияси суҳбатдан ўтган фуқароларни ишга чақиришни нега бунчалик чўзиб юборганини агентлик вакиллари етарлича асослаб беролмади. Хорижий компаниядан жўнатилгани айтилаётган хат ва важларни эса Kun.uz'га тақдим қилишолмади.
Kun.uz мазкур вазиятни кузатишда давом этади ва расмийлардан қўшимча муносабат кутиб қолади.
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси:
Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид
13:37 / 14.01.2026
Германия, Франция, Италия ва Британия Эрон элчиларини ТИВга чақирди
13:29 / 14.01.2026
Эронда қурбонлар сони ўсмоқда: ЕИ ва Британия санкцияларни кучайтиришга тайёрланяпти
19:15 / 12.01.2026
Буюк Британия Украина учун янги баллистик ракета ишлаб чиқади
16:04 / 12.01.2026