Ўзбекистон | 19:18 / 31.03.2022
3830
2 дақиқада ўқилади

Боқувчисини йўқотган аёллар хусусий боғчага борадиган боласи учун субсидияни қандай олади? 

1 апрелдан бошлаб боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг 3 ёшгача фарзандлари учун нодавлат боғчаларга бюджетдан субсидиялар ажратилади. Бу тоифадаги аёллар қандай қилиб имтиёздан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида маълумот берилди.

Мактабгача таълим вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг нодавлат боғчаларга борадиган болалари учун субсидиялар қандай тартибда ажратилиши ҳақида маълумот берилди.

“Бундан олдин ҳам турли тоифадаги аёлларга болаларининг тўлови учун субсидиялар ажратилган. Боқувчисини йўқотган аёлларга ҳам бошқаларга қандай тартибда субсидия ажратилган бўлса, шундай тартибда ажратилади.

Айнан қанча аёлга субсидия берилиши аниқ белгиланмайди. Тегишли тоифадаги аёллар ҳолатини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этганда тадбиркорга субсидия давлат томонидан тўлаб берилаверади. Бу борада чеклов йўқ”, деди вазирлик бошқарма бошлиғи Абдуҳаким Ғуломов.

Мактабгача таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Зафар Усановнинг маълумот беришича, вазирликда ота-оналар тўловидан озод этиладиганлар рўйхати мавжуд. 1 апрелдан бу рўйхатга боқувчисини йўқотган аёллар ҳам киритилади.

“Шундан сўнг нодавлат боғчаларга боқувчисини йўқотган аёлларнинг болалари учун субсидиялар ажратилади, давлат боғчаларига эса улар учун бюджетдан кўпроқ пул ажратилади. Лекин ҳозирча айнан қанча аёлнинг болалари учун субсидия берилиши аниқ эмас”, деди Зафар Усанов.  

Қайд этилишича, 1 апрелдан Сирдарё вилоятида синов тариқасида субсидиялар бериш рақамлаштирилади. Бунда тадбиркор ёки ота-она ҳамма ҳужжатларни электрон тарзда топширади ва ҳужжатларни қабул қиладиган платформа бошқа ташкилотларнинг базаси билан интеграция қилинган бўлади. Агар мурожаатчи ягона реестрда турган бўлса, у автоматик тарзда имтиёздан фойдаланиш имконига эга бўлади. Июл ойидан бошлаб бу тизим бутун республика бўйича ишлай бошлаши кутиляпти. 

Зилола Ғайбуллаева
Муаллиф Зилола Ғайбуллаева

Мавзуга оид