7 ой муқаддам порахўрлиги айтилган давлат мулозими шу давлат муассасасига директор этиб тайинланди
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов шу йил феврал ойи бошида ўтказган танқидий йиғилишда “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасининг махсус рақамли маркировкалашни жорий этиш бўлими бошлиғи Агзам Нортоевни “фирмалардан бир дори учун 1000 долларгача пул ундириб келади” деган эди. Орадан 7 ой ўтиб, шу шахс ушбу ташкилотга айнан Иноятовнинг буйруғи билан директор этиб тайинланди.
Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Агзам Нортоев “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасига директор этиб тайинланди.
У тайинловга қадар айни шу муассасанинг махсус рақамли маркировкалашни жорий этиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.
Эътиборлиси, айнан вазирнинг ўзи феврал ойи бошида “Док-1 Макс” воқеаси ортидан мазкур муассасада ўтказган танқидий йиғилишида Нортоевни порахўрликда айблаганди.
Танқидий йиғилишда Амрилло Иноятов марказ ходимлари томонидан йўл қўйиб келинган хато ва камчиликларга бирма-бир тўхталиб ўтган. Жумладан, Агзам Нортоев ҳақида гапира туриб, шундай деган:
“Референт нархларни шакллантиришда сунъий равишда электрон тизим ишини мураккаблаштириб, тадбиркорлар учун тушунарсиз қилиб олган. Ўзининг рецептини қилиб олган бу ноинсоф. Фармкомпаниялар референт нархларини электрон базага киритишда унга ёрдам учун мурожаат қилганда, фирмалардан бир дори учун 100 доллардан 1000 долларгача пул ундириб келади”.
Агзам Нортоев бўлим бошлиғи сифатида бир нечта вазифаларга, жумладан, дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи, улгуржи ва чакана реализация қилувчи ташкилотларга мажбурий рақамли маркировкалаш масалалари юзасидан тушунтириш ва маслаҳат ишларини олиб бориш ҳамда рақамли маркировкалаш тартиб-қоидалари ҳақида хабардор қилишга масъул бўлган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган масъул ходими ҳар иккала ҳолатни ҳам тасдиқлаб, вазирнинг 2023 йил феврал ойидаги ижтимоий тармоқда эълон қилинган ахбороти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилмай қолиб кетганини, шу сабабдан ҳам Нортоев ва бошқаларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмай қолган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
Маълумот учун, Агзам Нортоев 1981 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетини ҳамда Москва давлат университетини (магистр) тамомлаган. Мутахассислиги – сиёсатшунос.
Нортоев марказда иш бошлаганидан буён “Allseeds Trade”, “Masʼuliyati cheklangan jamiyat Qaz Global Trade” ҳамда “All Seeds” каби МЧЖларни ташкил этган. Ҳозирда уларнинг барчаси тугатилган.
Мавзуга оид
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
11:28 / 22.07.2024
Никоҳланувчилар қандай тиббий кўриклардан ўтиши керак?
17:25 / 20.07.2024
Дунё бўйлаб вабо тарқалиш хавфи жуда юқори баҳоланмоқда
19:59 / 09.07.2024