Ўзбекистон | 22:08 / 05.07.2021
7755
3 дақиқада ўқилади

“Ҳали рухсат берилмаган” — Экоқўмита раиси ўринбосари метро қурилиши туфайли кўчириладиган дарахтлар ҳақида

Сергели–Қўйлиқ ерусти метроси қурилиши сабаб ё кесиш, ёки бошқа жойга кўчириш учун 785 та дарахт хатланган, лекин уларни кесишга ҳали рухсат берилмаган, деб маълум қилди Экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов Kun.uz билан суҳбатда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати Сергели–Қўйлиқ ерусти метроси қурилишида 785 та дарахт ё кесилиши, ёки бошқа жойга кўчирилиши ҳақида маълумот берганди.

Kun.uz мухбири бундай иссиқ кунларда дарахтларни кўчириб ўтказиш қанчалик мақсадга мувофиқлиги бўйича қўмита раисининг ўринбосари Исломбек Боқижоновга юзланди.

 “Дарахтларни кўчириб ўтказиш бўйича хабарлар тарқалган, лекин ҳали кўчириб ўтказиш учун рухсат берилгани йўқ. Яна бир нарсани инобатга олиш керак: метро – давлат аҳамиятига эга. Метрони барибир қилишимиз керак, аҳолимиз кенгайяпти. Лекин дарахтларни кўчириб ўтказиш бўйича топшириқ чиққан бўлса ҳам, барибир мавсум (октябр, ноябр, декабр)ни кутамиз.

Имконият даражасида катта дарахтларни кўчириб ўтказиш мумкин эмас. Гапирган билан, уларнинг яшаб кетиш имконияти йўқ. Кичкина дарахтлар кўчирилади”, – деди у.

Эслатиб ўтамиз, метро қурилиши учун кўчириш имкони бўлмаган дарахтларни кесишга рухсат берилиши, бироқ мораторий талабларидан келиб чиқиб, кесиладиган ҳар бир дарахт учун компенсация сифатида 10 туп қимматлиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган кўчатларни экиш ва уларни икки йил давомида парваришлаш мажбурияти юклатилиши маълум қилинган.

Шаҳар экология бошқармаси етакчи мутахассиси Шаҳло Абдужалилованинг Kun.uz'га айтишича, Сергели–Қўйлиқ метроси қурилиши сабаб рўйхатга олинган 700дан ортиқ дарахт орасида “жуда катта дарахтлар деярли йўқ”.

“Мисол учун, ноёб ва узоқ умр кўрадиган эман дарахтини олсак, баъзи ҳудудларда битта, баъзисида умуман йўқ. Ёки шумтол – 36 туп. Терак каби умри қисқа дарахтлар кўчириб ўтқазилмасдан, кесилишига рухсат берилиши ҳам мумкин, чунки тераклар узоғи 25-30 йил яшайди. Уларнинг ўрнига қарорда белгиланганидек битта дарахтга ўнта дарахт экилади.

Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасида ҳар бир туман бўйича 5 нафардан инспекторлар томонидан дарахтлар кесилмаслиги назоратга олинган. Лекин бу беш киши катта ҳудудни эплаши қийин, шунинг учун ҳамшаҳарларимиздан дарахт кесилиши ҳолатларига дуч келишса, албатта, ишонч телефонларига қўнғироқ қилишларини сўраб қоламан”, – деган шаҳар экобошқармаси вакили.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид