Жаҳон | 23:58 / 04.12.2018
48180
16 дақиқада ўқилади

Forbes: Японияда ўқиш ва ишлашга доир тавсиялар

Фото: REUTERS

Японияга йўл олаётган экспатлар қандай тайёргарлик кўриши кераклиги ҳақида Forbes журналида мақола тақдим этилди.

Япония 2018 йилда ўз тарихида биринчи марта қонун даражасида мамлакатга хорижий ишчи кучини жалб қилишга доир чораларни қабул қилди. 2020 йилгача Япония олий таълим муассасаларига хорижликлар ўқишга киришини енгиллаштириш мақсадида олий таълим тизимини ислоҳ қилиш режалаштирилган.

Фото: LAF / Vostok Photo

"Америкага етиб олиш ва ундан ўзиш" шиорини японлар 150 йилдан ортиқ вақт илгари ҳаётга татбиқ қила бошлашган, ўшанда бунга қадар ёпиқ бўлган мамлакат халқаро муносабатлар тизимини ўрната ва Ғарб технологияларини олиб кира бошлашган. US News & World Report рейтингига кўра, бугунга келиб Япония турмуш даражаси бўйича жаҳонда бешинчи ўринни эгаллайди, Япония иқтисодиёти эса - Америка ва Хитой иқтисодиётидан кейин учинчи поғонада.

2018 йилнинг ёзида паст малакали ишчи кучининг сурункали етишмаслиги Япония ҳукуматини миграция сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Салбий демографик кўрсаткичлар (2017 йилда мамлакатда атиги 946 060 нафар бола дунёга келди) ва бозорнинг юқори малакали кадрлар билан ҳаддан зиёд тўлиши инқирозли вазиятни юзага келтирди.

Ҳукумат махсус виза режими жорий қилиши ҳақида эълон қилди, бундан мақсад - 2025 йилга бориб қишлоқ хўжалиги, қурилиш, кемасозлик, шифохона ва меҳмонхонага ярим миллиондан ортиқ малакасиз ишчини жалб қилиш. Махсус мигрант визаси бўйича Японияда оиласиз 5 йилдан кўп бўлмаган даврда ишлаш мумкин бўлади.

Японияда Ғарбий Европанинг юқори малакали креатив касблар мутахассислари жуда яхши қарши олинади, зеро бу мамлакатда креативлик юқори баҳоланади.

Айни дамда Япония аҳолисининг атиги 2 фоизини чет элликлар ташкил қилади. Forbes Life экспатлар билан суҳбатлашиб, Японияда иш топиш ва ўзларини қулай ҳис қилиш учун нималарни билиш кераклигига ойдинлик киритди.

Бугунги кунда хорижлик талабаларнинг ярмидан кўпи Японияда кейинчалик ишга жойлашиш ва яшашни кўзлаб таълим олишмоқда.

Япония мактаблари

Япония таълим тизими деярли чақалоқлик давридан бошланади. Масалан, ясли 3 ойлик давридан бошлаб болаларни тўлиқ кунга (7:30 дан 20:00 гача) қабул қилади.

16 йилдан бери Токио шаҳрида яшовчи журналист Юрий Синалеевнинг фикрича, бу мамлакатда болаларга жуда катта эътибор ва эъзоз билан муносабатда бўлишади.

"Яқинда Токио марказий кўчаларидан бирида автомобиллар тирбандлиги юзага келди. Чамаси 10 ёшлардаги икки қиз йўлдан ўтаётиб узоқроқ гаплашиб қолишди ва светофорнинг қизил чироғи ёнганини сезишмади. Қизлар йўлнинг ўртасида туришарди. Икки томондан ҳаракатланаётган машиналар икки дугонанинг суҳбати тугашини индамай кутишди. Ҳеч қандай ортиқча ҳаракат ва товуш йўқ. Яшил чироқ ёнгандан кейингина қизлар икки томонга қараб кетишди", - дейди у.

Фото: Shutterstock / Fotodom

МДУ Осиё ва Африка мамлакатлари институти битирувчиси,  Татьяна Наумова японларнинг болаларга бўлган муносабатини қуйидагича баҳолайди:

"Жамоатчилик жойларида болаларни кузатиб турсангиз, шунинг ўзи кифоя. Японияда - катталарда ҳам, болаларда ҳам ҳиссиётлар у қадар намойиш этилмайди. Улар худди бошқача дунёқараш билан туғиладигандек. Масалан, япон боласи чарчади, қайсарлик қилиб, йиғлаб, полга ётиб олди, дейлик. Она унинг ёнига ўтириб, овозини баландлатмай,  болани узоқ тинчлантиришга ҳаракат қилади. Хотиржамлик ва ҳурмат япониялик ота-оналарнинг асосий педагогик усуллари".

Болалар 6 ёшдан мактабга боришади ва 18 ёшгача ўша ерда таълим олишади. Таълим уч босқични ўз ичига олган: кичик мактаб (1-6 синф), ўрта мактаб (7-9 синф) ва катта мактаб (10-12 синф). Ўрта мактабдан бошлаб ўқувчилар албатта форма кийишади (ҳар бир мактаб ўз формасига эга), кичик синфлардаги ўқувчиларнинг бошида махсус бейсбол-қалпоқлари (масалан, 1-синф ўқувчиларида - сариқ, иккинчи синф ўқувчиларида - қизил). Барча ўқув дарсликлари бепул ва албатта ранг-баранг. Ҳар бир синфда 25-35 кишидан таълим олади. Ўқув йили 1 апрелдан, айни сакура дарахти гуллаганда бошланади. Таътил августга тўғри келади.

Болалар боғчалари ва мактаблар ошхоналарида тайёр овқат йўқ, шунинг учун контейнерларда тайёр тушликларнинг турли вариантлари — «бэнто» — оналарнинг рақобат ва болаларнинг фахр омили. Улар тўғралган сабзи, помидор ва пишган гуручдан турли жониворларни ясашади.

Японияда Жанубий Кореядаги каби фақат базавий мактаб таълими мажбурий. Катта мактабга инглиз тили, математика, япон тили, табиий-илмий ва ижтимоий фанлардан кириш имтиҳонлари топширилади.

Катталар мактаби профиллар бўйича тақсимланган: гуманитар, физик-муҳандислик ва тиллар. Имтиҳонларга махсус қўшимча таълим мактаблари "дзюку"да тайёрлашади, бу ерда тестларни топшириш ва иероглифларни ёзиш ўргатилади. Таълим ойига 300-400 долларни ташкил қилади. JASSO талабалар ташкилоти маълумотларига кўра, баъзи ота-оналар ўз фарзандининг қўшимча таълимига йилига 7000 доллар сарфлайди.

Фото: Getty Images

Ўрта мактаб ҳам хусусий, ҳам давлатга қарашли бўлиши мумкин. Хусусий мактаб ҳар доим ҳам давлат мактабига нисбатан нуфузли ва сифатли ҳисобланмайди. Қоидага кўра, хусусий мактабларда мураккаб дастурни ўзлаштиришга қийналадиган ўқувчилар ўқийди. Ўқиш тахминан - ойига 500 доллар.

Хусусий мактабларда ҳам, давлат мактабларида ҳам фаррошлар йўқ. Биринчи синфдан тозалик учун ўқувчилар жавоб беради.

Синфни биргаликда тозалаш, спорт мусобақалари, жамоавий лойиҳалар — барчаси кичик мактабдан бошлаб ўқувчиларни кўп соатлик коллектив меҳнатга ўргатишга йўналтирилган.

Катталар мактаби мажбурий бўлмаса-да, 94 фоиз ўқувчи ўқишни давом эттиради. "Ўрта мактабдан кейинги босқични ўқимаганлар фақат жисмоний меҳнат талаб қилувчи қийин  ишларга умид қилиши мумкин - ё қурилиш, ёки санитарлик", - дейди Токиодаги "Тинчлик" рус маданий-таълимий маркази асосчиси Наталья Березовская. Таъкидлаш жоизки, бу каби ишларда иш ҳақи паст эмас — мамлакатда ўртача турмуш тарзига 1800 доллар кетса, дейлик санитар ойига 4000 доллар олиши мумкин. Японияда минимал иш ҳақи - соатига 9 доллар.

Олий таълим

Февраль ойида бутун мамлакат бўйлаб "Сэнта сикэн" - марказлашган битириш имтиҳони бўлиб ўтади. У бирйўла бир неча фандан ўтказилади: инглиз тили, япон тили, математика, ижтимоий фанлар. Университетларга кириш имтиҳонлари январь ва март ойларида бўлиб ўтади. Давлат олий таълим муассасалари ўқувчи мактабдаги таълими давомида тўплаган қўшимча балларни ҳисоблайди: олимпиадалардаги ғалабалар, бир неча тилни билиши, қўшимча курслар сертификатлари. Хусусий университетлар учун ички тестлар муҳимроқ.

Япониянинг энг нуфузли давлат университетлари — Киото ва Токио университетлари. Хусусийлардан — Кэйо, Васэда ва иезуитлар томонидан асос солинган Олий София донишмандлиги университети. Танлов бир ўринга 10 кишини ташкил қилади.

Бакалавр босқичида таълим олиш, университет турига қараб 7 000 доллардан бошланади, магистратура ва докторантурада - 7 000 доллардан 12 000 долларгача. Энг қиммат таълим - Васэда Университетида табиий-илмий ёки технологик факультетда академик йил (42 000 долларгача).

Чет элликлар учун бир неча стипендиал дастурлар бор - Япония ҳукумати стипендияси ва Таълим, маданият, спорт, илм-фан ва технологиялар вазирликлари стипендиялари, лекини улар таълим ва яшаш харажатларини тўлиқ қопламайди, бу ойига тахминан 1200 долларни ташкил қилади.

Чет эллик талабаларга таълим даврида ҳафтасига 28 соатгача ишлашга рухсат берилади. Олий таълим тизими стандарт: 4 йил - бакалавриат, 2 йил - магистратура ва 3 йил - докторантура.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти маълумотларига кўра, япон абитуриентларининг бор-йўғи 1 фоизигина хорижда олий таълим олишни танлайди. JASSO маълумотларига кўра, япон талабаларининг 80 фоизи Америка, Австралия, Канада, Буюк Британия ва Янги Зеландия университетларини танлашади. Бу инглиз тилидаги билимларини такомиллаштириш истаги билан боғлиқ. Москва - балет ва фигурали учиш мактаблари, АҚШ - технологик ихтисосликлари, Европа (Италия, Франция, Германия) эса - вино ва қандолатчилик маҳоратлари билан жалб қилади. Қолган соҳаларда япон олий таълим муассасаси дипломи хорижий дипломдан афзал саналади.

Япония ОТМларига фақат 18 ёшдан ўқишга кириш мумкин. Вундеркиндларга қизиқиш йўқ. Ҳужжатлар фақат мактабдаги 12 йиллик таълимни тасдиқловчи абитуриентлардан қабул қилинади.

JASSO маълумотларига кўра, 2017 йилда Японияда 267 042 нафар чет эллик таҳсил олган. Улардан 249 242 нафари - Осиё мамлакатлари (Хитой, Вьетнам)дан, Европадан эса - 8 669 киши келган. Шулардан бор-йўғи 3 220 нафаригина олий таълим муассасалари талабаларидир.

Фото: REUTERS

Дмитрий Малышев 2000 йилда Хитоцубаси Университети магистратурасини тугаллаётганида Япония ОТМларида 999 чет эллик талаба ўқиган. Дмитрий семинарлардан катта таассурот олган: "Маъруза тайёрлаган талаба уни қолганлар олдида тақдим этган. Муҳокамалар шу қадар қизғин тус олганки, кўп ҳолатларда ҳатто ёқимсиз гапларни эшитишга тўғри келган".

2020 йилга бориб Япония ҳукумати таълим тизими ислоҳотини ўтказиш ва олий таълимни инглиз тилини кўпроқ ўрганишга йўналтиришни режалаштирмоқда, бундан мақсад - хорижий талабаларни жалб қилиш ва инглиззабон мамлакатлар ОТМлари билан алмашув дастурларини ривожлантириш.

Иш топиш

Талабаларнинг иш излаш мавсуми бакалавриатнинг учинчи курсида бошланади ва март ойидан августгача давом этади. Университетдаги таълимнинг охирги ойига бориб талабалар қаерда ишлашлари ҳақида аниқ билишади.

Талаба ишга қабул қилинаётганда унга фақат «найтей»расмий хати йўлланади: "Компаниямиз сизнинг номзодингизни кўриб чиқиб, ишга таклиф қилишни жоиз деб топди. Ишга киришишга рози ёки норозилигингиз ҳақида фалончи санагача хабар қилинг".

"Ишга қабул қилинаётганда ОТМ аҳамиятли, лекин суҳбат чоғида дипломдан кўра кўпроқ инсоний фазилатларга эътибор қаратилади. Ишчи меҳрибон, ёқимтой ва гапга кирадиган бўлиши муҳим, - дея изоҳлайди Наталья Березовская. - Агар ишга қабул қилинмаган бўлса, эҳтимол, директор бошқа тоифадаги ходимни излаётган бўлиши мумкин".

Япониянинг йирик компаниялари хорижий мутахассисларни ишга таклиф қилади, айниқса, муҳандислар ва IT-мутахассислар машҳур. Amazon'нинг Япониядаги бўлими, Indeed, NTT Data, Fujitsu, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари, Toyota, Sony, Kubota, Komatsu корпорациялари ишчиларни шартнома асосида қабул қилади. Токиода тажрибали муҳандисларнинг иш ҳақи 5000-6000 доллардан бошланади, бемалол оила аъзолари билан қулай шароитда яшаш мумкин. Таклифнома асосида университетларга ишлашга келувчи илмий ходимларга ҳам яхши маош тўланади, ассистент иш ҳақи - 4500-5000 доллар, профессор маоши эса - 22000 долларгача.

 

Янги ходимлар компанияларда бизнес-мулоқот ва иш этикетига ўргатилади.

Бизнесда "тўғри йўл тутиш" тизими японлар томонидан ўнлаб йиллар давомида тузилган. Янги ходимлар ёзишмалар ва оғзаки мулоқотда қўллашлари учун бизнес-шаклларни ёд олишларига тўғри келади.

"Менинг фикримча, ҳар қандай фаолият учун мукаммал қоида - одамларнинг жамоавий иш юритиши ва бирор ишдан бир-бирини хабардор қилиши. Ҳа, бунинг ўзига яраша салбий томони бор, масалан, фаол ташаббус билдириш мумкин эмас, барча қарорларни гуруҳда қабул қилиш керак", - дейди Наталья Березовская.

"Камтарга камол" — Японияда бу шунчаки мақол эмас. Масалан, Японияда сизнинг япон тилида яхши гапиришингизни айтиб мақташса, бунга жавобан "Бу менинг "соям" (менга япон тилини ўргатган инсон) шарофати билан" дейиш керак.

Японча ишлаш

Япония — меҳнаткаш инсонлар мамлакати. 2018 йилда ишсизлик даражаси 3,2-3,3 фоиз даражасида. Японлар иши билан ёниб яшайди — уларда бизнес ва ҳаёт чамбарчас боғлиқ.

Соат 22:00-23:00 гача ишлаш - Японияда одатдан ташқари эмас, одатий ҳолат. Березовская буни кичик ёшлигиданоқ меҳнатсеварлик ва жаомавийликка содиқлик хислатларини ривожлантирувчи таълим тизими билан изоҳлайди. Барча муҳим бошқарув қарорлари менежерлар жамоасида қабул қилинади.

"Японияда ўз компаниясини очган инсонга жуда катта ҳурмат билан қарашади. У ходимлар учун отаси кабидир, ходимлар компания манфаати йўлида ҳамма нарсага тайёр, чунки иш ҳақи шунга боғлиқ. Бу ерда ҳамма ўз олдига эмас, ҳамма бир-бирига боғлиқ", - дейди у.

Японияда бизнесни йўлга қўйиш

Қоидалар бўйича ҳаракат қилиш ва машаққатли меҳнат япон жамияти томонидан муносиб мукофотланади. Жаҳон банки ҳисоботига кўра, Япония шахсий бизнес очиш осонлиги бўйича 34-ўринда (1-ўринда — Янги Зеландия). Ҳужжатларни расмийлаштиришга 12 кун кетади ва бу тўққиз босқичда амалга оширилади. Ишбилармонлар учун ахборот тизими жуда яхши йўлга қўйилган - мамлакатда 300 дан ортиқ ахборот билан қўллаб-қувватловчи маслаҳат марказлари фаолият кўрсатади. Барча зарур маълумотлар Япония кичик, ўрта бизнес ва инновациялар ташкилоти маълумотлар базасида бор.

Мамлакатдаги асосий бизнес - хизмат кўрсатиш соҳасидаги кичик ва ўрта бизнес. Япония иқтисодиёт вазирлигининг Кичик ва ўрта ишбилармонлик агентлиги ҳисоботига кўра, 2017 йилда мамлакатдаги кичик ва ўрта бизнес улуши 99,7 фоизга етди. Айнан кичик ва ўрта бизнес мамлакатдаги энг кўп иш ўринларини таъминлайди, меҳнатга лаёқатли аҳолининг тахминан 80 фоизи шу секторда банд. Йирик компаниялар умумий компанияларнинг 0,3 фоизини ташкил қилади ва асосан мегаполисларда жойлашган. Бизнеснинг тан олинган пойтахтлари — Токио ва Осака.

Фото: REUTERS

Япон тили

Хорижликлар учун Японияда ишлаш тил мактаби орқали амалга ошади. Маълумотларга кўра, европалик 9 ёшгача япон тилини ўрганишни бошламаган бўлса, уни тўлалигича эгаллай олмайди: 50 000 га яқин иероглиф, юқори ва паст усуллар, ўқишнинг бир неча варианти. Япон алифбоси ("хироган")да 46 асосий белги ва 100 бирикма мавжуд. Японларнинг барчаси ҳам ўз тилини мукаммал эгалламаган, масалан, биолог физикадаги иероглифлар маъносини тушунмайди ва аксинча. Боз устига, мамлакатнинг турли ҳудудларида талаффуз турлича.

Базавий япон тилисиз чет элликлар бирор университет ё компанияга ишга қабул қилинмайди. 2-даражадан кам бўлмаган тил имтиҳонини топширганлик тўғрисидаги сертификат талаб қилинади. Ҳозир хорижликлар учун энг машҳур дарслик — «Минна но Нихонго», унда компанияларда ишлаш учун зарур асосий шакллар тўпланган. Хусусий университет қошидаги тил мактаби ва курсларда йиллик таълим нархи - 6800 доллардан 8700 долларгача.

Япон тилида ишончли мулоқот қилиш ва ёзиш учун катта ёшли кишига камида 5 йил керак бўлади. Японияда малака оширмай, япон тилини ўрганиш қийин. Қоидага кўра, масалан, бошқа мамлакатда япон тилини ўрганган талаба Токиога келганида дўкондан сабзавотларни харид қилишнинг ўзидаёқ коммуникацион муаммолар юзага келади.

IT-технологиялар, архитектура ҳамда япон моделлар саноати японча гапирмайдиган ходимларни қабул қилади. Моделлар билан инглиз тилида сўзлашишади, қулайлик учун уларга япон менежери бириктирилади. Бироқ япон модалар саноати гўзаллик стандартларига мувофиқ келиш учун модель японлар тушунчасидаги ташқи кўринишга эга бўлиши керак.

Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид