Ўзбекистон | 17:31 / 19.11.2020
14731
3 дақиқада ўқилади

Мамлакатларнинг инглиз тилини билиш халқаро рейтинги янгиланди. Ўзбекистон 7 поғона юқорилади

Дунё бўйича инглиз тилини билиш даражасини аниқловчи энг нуфузли рейтинг натижаларини юритадиган EF English Proficiency Index 2020 йил бўйича натижаларни эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон 88-ўринни эгаллади.

Фото: Shutterstock

EF English Proficiency Index томонидан тузилган рейтинг дунёнинг 100 та мамлакатида умумий 2,2 миллион нафар инсонларни инглиз тили бўйича билимларини синовдан ўтказиш орқали шакллантирилган.

EF English Proficiency Index инглиз тилини билиш индекси ҳисобланиб, у ёши катта инсонларнинг инглиз тилини билиш даражаси бўйича турли мамлакатларнинг кенг қамровли рейтингини юритади. EF English Proficiency Index ҳар йили эълон қилинади. Катталар учун инглиз тилини билиш эса муҳим халқаро ўлчов ҳисобланади.

EF English Proficiency Index ҳисоботлари турли мамлакатларда инглиз тилини ўрганишнинг умумий заиф томонларини аниқлайди ва уни ўрганиш учун энг самарали стратегияларни таклиф этади.

Бу йил 100 та мамлакатда 18 ёшдан катта бўлган турли иштирокчилар синовдан ўтказилган. Иштирокчиларнинг ўртача ёши 26 ёшни ташкил этган. Унда аёллар ва эркаклар сони деярли тенг бўлган.

EF English Proficiency Index рейтингида бу йил нидерландияликлар 1-ўринда қайд этилган. Бу мамлакат аҳолиси 2019 йилда ҳам 1-ўринни эгаллаган эди. Ўзбекистон мазкур рейтингда ўтган йил 95-ўринни эгаллаган бўлса, бу йил 7 поғона юқорилаб, 88-поғонага жойлашди.

EF English Proficiency Index рейтингида мамлакатлар бешта кўрсаткич даражаси бўйича тақсимланади. «Жуда юқори», «юқори», «ўртача», «паст», «жуда паст» даражаларда жами 100 та давлат кўрсаткичлари келтирилган. «Жуда юқори» кўрсаткичга эга бўлганлар рейтингидан 12 та давлат жой олган. Булар:

1. Нидерландия

2. Дания;

3. Финляндия;

4. Швеция;

5. Норвегия;

6. Австрия;

7. Португалия;

8. Германия;

9. Бельгия;

10. Сингапур;

11. Люксембург;

12. ЖАР;

Рейтингда 77-ўриндан 100-ўрингача «жуда паст» кўрсаткичга эга давлатлар ўрин олган. Ўзбекистон 88-ўрин билан улар орасидан жой олган. Рейтингни Тожикистон якунлаб берган.

Рейтинг минтақалар бўйича таснифланганда, Европада Нидерландия, Осиёда Сингапур, Лотин Америкасида Аргентина, Африкада ЖАР, Яқин Шарқда Эрон юқори ўринларни эгаллаган.

 

Тайёрлаган:  Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид