Ўзбекистон | 17:47 / 11.09.2024
13367
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади

Камбағалликни қисқартириш бўйича “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури тайёрланмоқда. Президент ҳар бир маҳаллани тўлиқ хатловдан ўтказиб, улардаги “камбағал оилалар портрети”ни ишлаб чиқишни топширди. Ҳар бир оила бўйича индивидуал дастур қилиниб, ҳар бир вазирликнинг аниқ вазифаси белгиланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида камбағаллик қисқартириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан селектор бўлиб ўтмоқда.

Президент топшириғига кўра, мутасаддилар масалани ичига чуқурроқ кирди, энг оғир маҳалладаги ночор оилаларга бориб, нимага кўпроқ эътибор бериш кераклигини ўрганди.

Бу масалада савдо, сервис, тўқимачилик, тиббиёт, овқатланиш, қурилиш, касаначилик, электротехника, транспорт соҳаси тадбиркорлари билан аниқ муҳокамалар ўтказилди.

Ўрганишлар камбағалликни фақат пул тарқатиш билан ҳал қилиб бўлмаслигини кўрсатмоқда.

Ҳозирда 3-5 миллион сўмгача ойлик бераман деган корхоналарда 250 мингта бўш иш ўрни бор. Лекин, камбағал оилани 35 фоиз ишга лаёқатли аъзоларида билим ва кўникма кам.

Бола парвариши билан банд бўлгани учун ишлаш хоҳиши бўлган аёлларнинг 43 фоизи ишга бора олмаяпти.

Камбағал оилаларнинг 83 фоизида катта томорқа бор. Лекин, уларнинг 62 фоизида – сув, 48 фоизида – электр муаммоси бор, яна 50 фоизи марказдаги бозорга боришга қийналмоқда.

Давлат раҳбари камбағалликка тушиш сабаблари ҳар хил экан, ечими ҳам алоҳида-алоҳида бўлиши кераклигини кўрсатиб ўтди.

Ҳозирда камбағалликни қисқартириш бўйича кейинги йиллар учун жуда катта “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури тайёрланаётгани маълум қилинди.

Унда еттита имконият ва масъулият тамойили асосида Ўзбекистоннинг навбатдаги янги ёндашувлари белгилаб берилади.

Бундан буён камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади.

Мутасаддиларга ҳар бир маҳаллани тўлиқ хатловдан ўтказиб, улардаги “камбағал оилалар портрети”ни ишлаб чиқиш топширилди. Камбағал оила бўйича индивидуал дастур бўлади, ҳар бир вазирликнинг аниқ вазифаси кўрсатилади.

Иқтисодий комплекс – Жамшид Қўчқоров тизими оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш билан шуғулланса, ижтимоий ҳимоя – Мансурбек Оллоёров тизими кимни реестрга киритиш, қайси оилани ундан чиқаришга жавоб бериши белгиланди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид