Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқандда: уч нафар француз ўқитувчиси мактабда иш бошлади
Самарқанд шаҳридаги 43-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабига Франциядан уч нафар ўқитувчи келди. Улар энди ўқувчиларга француз тилини мукаммал ўргатишга ҳаракат қилади. Улар маҳаллий ўқитувчилар билан тажриба алмашиб, фаолият олиб боришади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 30 майдаги фармойиши асосида умумтаълим тизимига “Финландия тажрибаси”ни жорий этиш ва хорижий тилларни ўқитиш учун чет эллик ўқитувчилар шартнома асосида таклиф қилинмоқда. Самарқанд шаҳридаги 43-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби ушбу тажрибани амалга оширишга киришди.

Мактаб директори Гулноза Чўтбоеванинг айтишича, хорижлик ўқитувчилар 2023 йилнинг биринчи сентябридан 2024 йилнинг 31 майига қадар шартнома асосида фаолият олиб боради. Бу вақт давомида улар нафақат ўқувчиларга француз тилини ўргатади, балки маҳаллий ўқитувчилар билан ҳам яқин ҳамкорлик қилади. Тўгараклар фаолиятини йўлга қўйишади.

Франциялик ўқитувчилар шартномалари, режалари ва илк таассуротлари ҳақида Kun.uz мухбирига гапириб берди.
Ўқитувчилардан бири Анне Сузуки Ўзбекистон тарихи, маданияти ҳақида анчагина тасаввури, билими борлигини айтади.

“Ўзбекистон ҳукумати бизга сўров жўнатди. Кўнгилли тарзда шу мамлакатда ўқитувчилик қилишни танладик. Қолаверса, Ўзбекистон таълим тизими биз учун ҳам қизиқ. Келгусида методик ёрдам кўрсатишдан ташқари, маҳаллий ўқитувчилар билан ҳам тажриба алмашмоқчимиз”, – деди Сузуки хоним.

Яна бир ўқитувчи Лила Там Ўзбекистонга келганига беш кун бўлса-да, илиқ таассурот олганини айтди. Агар имконият бўлса, келгусида ҳам шартномани узайтириб Ўзбекистонда ўқитувчилик қилмоқчи.

“Дунёнинг кўплаб давлатларида ўқитувчилик қилганман. Ўзбекистонга келишимдан асосий мақсад, мен Ўрта Осиёга жуда қизиқаман. Болалар билан ишлашни ёқтираман, сизлар ҳақингизда ҳам кўпроқ билишни истайман.
Ҳозирча мен турган уйнинг ошхоналари кичик экан. Катта ошхонам бўлиб, ўзбек миллий таомларини ҳам ўзим тайёрлашни хоҳлаяпман”, – дейди Антонин Гагнант.

Икки томонлама манфаатли келишувга кўра келгусида бу шартнома узайтирилиши ёки тўхтатилиши мумкин.
Исомиддин Пўлатов.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
17:23 / 17.01.2026
Фарғонада 3-, Самарқандда эса 4-синф ўқувчиси B2 сертификатини қўлга киритди
21:43 / 12.01.2026
Самарқанд шаҳри кенгайтирилади ва Самарқанд тумани тугатилади
10:01 / 07.01.2026
Самарқандда шифокорлар бемор қорнидан 200 грамм мих чиқариб олди
11:10 / 30.12.2025