Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Маданият маскани ери кимга сотилди? – Яккабоғ ҳокимлиги фуқароларни алдаб келмоқда
Таҳририятга Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Гулистон МФЙдан мурожаат келиб тушди. Унда маҳалланинг Геофизика кўчасидаги эски клуб, маданият уйи, ёзги кинотеатр ва кутубхона бинолари бузилгани, бу бинолар жойлашган ер майдони ноқонуний эгаллаб олиниб, атрофи бетон девор билан ўраб олингани айтилади.
Мурожаатни ўрганиш мақсадида Геофизика кўчасида бўлганимизда, юқорида номлари келтирилган бинолар ҳақиқатан ҳам бузилгани, атрофи эса ўраб олинганига гувоҳ бўлдик.


Маҳаллий фуқароларининг сўзларига кўра, ушбу маданият уйи, кутубхона ва ёзги кинотеатрдан 2000 йилгача фаол фойдаланиб келинган ва секин-аста қаровсиз ҳолга кела бошлаган. Шундай бўлса-да, 2008 йилгача турли байрам ва кўнгилочар тадбирлар ўтказилган. Кейинги 5-6 йилда бу жойдан фойдаланилмаган.
«Биз учун қадрдон бўлган маданият маскани: клуб, маданият уйи, кутубхона, ёзги кинотеатр 2007-2008 йилларда сотиб юборилган. Биз эса бу ҳақда анча кейин хабар топдик. Қизиғи, 2017 йилда бу жойда уй-жой қуриш ва умрбод фойдаланиш учун аукционда савдо ўтказилган.
Биз ҳалигача тушунмаяпмизки, маҳалладаги фуқаролар фойдаланиб келаётган маданият маскани нега аввалига тадбиркорга сотилди-ю, кейин эса уй-жой учун аукционга қўйилди?!
Шу жой аҳоли учун кўнгилочар марказ қилинса яхши эмасмиди? Бу иморатларни бузиб, вайрона қилиб, кейин кимгадир пуллаш қайси мантиққа тўғри келади? Бу маданият уйи бўлса, буни фақат маданиятсиз одам бузиши мумкин», – дейди фуқаро Актам Аҳмедов.

Клуб атрофидаги муаммолар 2018 йилдан кўтарила бошланган. Чунки шу йилдан бошлаб, маҳаллада яшовчи фуқаролар таъкидича, бу жойни сотиб олганини даъво қилган тадбиркор томонидан бино томи бузилган, қурилишга ишлатишга яроқли барча ашёлар эса ташиб кетилган.
Биз маълумот олиш учун Яккабоғ туман Геофизика экспедициясига борганимизда, ташкилот директори У.Соатов клуб биноси 2005-2007 йилларда Яккабоғ посёлкаси МФЙ балансига ўтказилганини маълум қилди.

Шунингдек, ташкилот бош ҳисобчиси Ф.Муродова: «Геофизика клуби ташкилот таркибида ҳам нархсиз ҳолатда, яъни баланс қиймати нолда турарди, 2007 йили МФЙ балансига ўтказилаётганда ҳам нархсиз ҳолатда топширилди. Бизга келган буйруққа асосан, топшириш-қабул қилиш далолатномасини қилганмиз. Клуб ичидаги кутубхонанинг китобларини ташкилот архивига ҳужжатлаштириб киритганмиз.
2013 йилда ташкилотимиз қайта кадастрлаштирилганда клуб бизнинг ҳисобда бўлмаган», дея қўшимча қилди.

Ушбу клуб биноси жойи ҳақида янада батафсил маълумот олиш учун Яккабоғ туман кадастр бўлимида бўлиб, кадастр ҳужжатлари билан танишганимизда, туман ҳокимининг 2016-2017 йилги қароридан олдинги маълумотлар йўқлиги аниқланди.
«Геофизика маҳалласи ҳудудида жойлашган маданият уйи, клуб, ёзги кинотеатр бинолари ҳеч қандай ҳужжатлаштирилмаган. Фақатгина туман ҳокимининг 2016 ва 2017 йилги қарорларига асосан очиқ аукционга чиқарилгани ҳамда аукционда ютиб олингани тўғрисида кадастр ҳужжатлари мавжуд холос», – деди туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Уйғун Турдиев.
Бизга тақдим этилган ҳужжат – туман ҳокими Ж.Бобоевнинг 2016 йил 31 августдаги 3393/08-сонли қарорида Гулистон МФЙ ҳудудидаги туман захира ер фондидан жами 0.13 га қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонларини фуқароларга кимошди савдоси орқали сотиш мақсадида якка тартибда уй-жой қуриш учун танлаб ажратиб берилиши белгиланган.

Шундан сўнг 2017 йил 16 январда туман ҳокими Ж.Бобоевнинг Гулистон МФЙ ҳудудидан фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиш ва уни очиқ аукцион асосида реализация қилиш тўғрисида Х-82/01-сонли қарори чиққан. Унга кўра, ҳар бири 400 кв/м.дан иборат бўлган жами 3та ер майдонига бўлган ҳуқуқлар белгиланган тартибда очиқ аукционда сотилиши айтилган.

Лекин фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратилган ер майдони деб кўрсатилган жойда маданият уйи, клуб, кутубхона бинолари мавжуд бўлган, бинолар ўша пайтда ҳали бузилмай турган.
Туман ҳокими қарорида нима учундир қатор биноларга эга маданият маскани бўлган «ер қишлоқ хўжалиги учун фойдаланилмаётган, маҳалла ҳудудидаги бўш ер майдони» деб кўрсатилган.
Маҳалла фуқароси Актам Аҳмедовнинг сўзига кўра, туман ҳокими қарори билан аукционда сотилган 0.13 га ер майдони – умуман бошқа жой. Буни у қарорда ажратиб кўрсатилган ер майдонининг тархи билан асослайди.
«Ҳоким чиқарган қарор бўйича сотиб олинган ер майдони тархи бошқа жой қилиб кўрсатилган, бу қарор тархида акс этган, лекин унга эгалик даъво қилаётганлар ерни эгаллаб олган», дейди у.

2017 йил 25 декабр куни туман ҳокими Ж.Бобоевнинг Гулистон МФЙ ҳудудидан фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиш ва уни очиқ аукцион асосида реализация қилиш тўғрисида Х-82/01-сонли қарори асосида ҳар бири 400 кв/м.дан иборат бўлган жами 3та ер майдони бўйича ўтказилган очиқ аукционда Мейлиев Камолиддин (2та ер майдонини) ва Очилов Баҳриддин ютиб олган.


Икки томонлама ўйин. Ҳокимият фуқароларни нега алдаб келмоқда?
Фуқароларнинг ушбу муаммо юзасидан президент порталига йўллаган бир неча мурожаатларига жавобан туман ҳокимлиги бинонинг гўёки бузилмагани ҳақида турли ёлғон маълумотлар бериб келган.

2019 йил 15 март санасида Яккабоғ туман ҳокими Ш.Донаевнинг Геофизика кўчасида яшовчи фуқаро З.Шариповга йўллаган хатида Геофизика экспедицияси клуби биноси сотиб юборилмагани ва ГФЭ балансида тургани айтилади. Аммо фуқароларнинг сўзларига кўра, бу пайтда бинолар томидан айрилган, деворлари эса бузилган эди.
Хўш, туман ҳокимияти нимани хаспўшлашга уринган, фуқароларни алдашдан нима наф?

Шунингдек, ушбу хатда бу маҳалла «Обод қишлоқ» дастурига киритилиши, шу асосда 2019 йилнинг ўзида маҳаллада чойхона, кутубхона, маҳалла гузари ва бошқа ижтимоий объектлар қуриб берилиши айтилган. Афсуски, бу ишлар уёқда турсин, ақалли маҳалланинг ичимлик суви муаммоси ҳал этилмаган, одамлар баъзан ариқда оқаётган сувни ичишларига тўғри келаётганини айтишди.
Бундан ташқари, 2020 йил 27 июнда фуқаро Ҳамраева Гўзалга Президент виртуал қабулхонасига қилинган навбатдаги мурожаат юзасидан туман ҳокимининг билдиришномаси юборилган. Унда айтилишича, фуқаро Ҳамраева Гўзалнинг маҳаллада жойлашган футбол стадиони, бассейн ва маданият уйи одамларга бериб юборилгани ва ушбу объектлар маҳалла тасарруфига қайтарилишини сўраб қилган мурожаати туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган.

Туман ишчи гуруҳининг ўрганиш натижасига кўра, ГФЭ кўчасида жойлашган клуб, ёзги кинотеатр ҳамда кутубхона бинолари кимошди савдоси орқали тадбиркор З.Муқимова томонидан сотиб олинган ҳамда фуқароларга сотиб юборилмаган.
Ҳа, азиз ўқувчи, сизнинг миянгизни шиширган тескари мантиқ фуқароларни ҳам қийнаб келмоқда. Нега туман ҳокимлиги бир-бирига зид қарор ва билдиришномалар чиқармоқда? Туман ҳокимининг бўш турган ерни очиқ аукционга сотиш ҳақида баҳсли қарори чиқиб, кейинги ҳокимлар даврида эса аҳолига нотўғри маълумотлар тақдим этиш кимга керак?
Йигитали Маҳмудов
Мавзуга оид
08:50 / 25.12.2025
Қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш тартибига ўзгартиришлар киритилди
15:15 / 24.12.2025
Уй-жой ва ер бўйича якуний хулоса чиқариш муддати 3 баробарга қисқариши мумкин
12:37 / 19.12.2025
Яккабоғ ҳокимлигининг ўзбек “демократияси”га қаршилиги синди. Қайрағоч аҳолиси сув билан таъминланади
16:14 / 18.12.2025