Ўзбекистон | 10:47 / 04.08.2023
15077
14 дақиқада ўқилади

Темирчилар нега қоронғи устахонада ишлайди? – “Заковат”нинг ёзги мавсум навбатдаги ўйинидан репортаж

Амир Олимхон тўйларда одам сонини камайтириш учун қандай чора кўрган? Шароф Рашидов қайси хизмати учун вафотидан кейин Навоий давлат мукофоти билан тақдирланган? – “Заковат” телеўйини ёзги мавсумининг тўртинчи ўйинида Жобир Аҳмедов жамоаси иштирок этди.

Фото: Заковат

Жамоа аъзолари (суратда чапдан ўнгга):

  • Темур Мирзаев – таржимон;
  • Рушана Ражабова – филолог;
  • Хушнуд Худойбердиев – ҳуқуқшунос;
  • Жобир Аҳмедов – шифокор (жамоа сардори);
  • Ҳаётилла Раҳмонов – алоқачи;
  • Муҳаммадали Валихонов – ИНҲА университети талабаси.

Ўйинни суратга олиш жараёнидан лавҳалар

Жобир Аҳмедов жамоаси 2023 йилнинг ёзги мавсум бешинчи ўйинида иштирок этади.

Мавсумнинг аввалги жамоалари қаторида ушбу тажрибали жамоа олдида ҳам мушкул вазифа турибди – финалга чиқиш учун 6:0 ёки 6:1 ҳисобида ғалаба қозониш керак. Яқин ўтмишда икки бор ўйиннинг ўзидан (ва-банксиз) 6:0 ҳисобида ғалаба қозонган жамоадан мухлислар бу ишни яна бир марта такрорлашини кутишга ҳақли.

1-раунд саволи Шароф Рашидовнинг вафотидан кейин, 1994 йилда қайси хизмати учун Навоий давлат мукофоти билан тақдирлангани ҳақида бўлди. Муҳокама давомида жамоа тўғри жавобга яқинлаша олмади ва ҳисоб телетомошабинлар фойдасига очилди – 0:1.

2-раундда бразилиялик қишлоқ аҳолиси ўз ниятига қараб ибодатхонага турли рангдаги либосда бориши, қайси ҳолатда аҳоли ибодатхонага жигарранг кийимда бориши ҳақида савол ўйналди. Жамоа муҳокама давомида саволнинг жавобига чиройли тарзда етиб борди ва ҳисобни тенглаштирди. Ҳисоб – 1:1.

Жамоа аъзоси Хушнуд Худойбердиев

3-раунд саволи Амир Олимхон даврида тўйларда одам сонини камайтириш учун дастурхонга фақат битта овқат тортишдан ташқари яна қандай чора кўрилган, деган мазмунда бўлди. Ушбу саволда жамоа жавобдагидан бошқачароқ вариант берган бўлса-да, бироз баҳс-мунозаралардан сўнг жамоанинг жавоби саволда айтилган маълумотларга мос келгани сабабли тўғри деб топилди ҳамда жамоага очко берилди. Ҳисоб – 2:1.

Жамоа аъзоси Муҳаммад Али Валихонов

4-раундда яна бир қизиқ савол ўйналди. АҚШнинг Куба қирғоқларидаги ҳарбий базаларида ўтказиб туриладиган экскурсияларга кубаликлардан қайси тоифадаги инсонлар киритилмайди, деган мазмундаги саволда жамоа қийинчиликка учради ва телетомошабинлар ҳисобни тенглаштирди – 2:2.

5-раундда суратлардан иборат блиц саволлари ўйналди. Биринчи саволга тўғри жавоб топа олган жамоа иккинчи саволда омадсизликка учради. Ҳисоб – 2:3.

Кейинги раунд саволи темирчининг устахонасидаги одатий ҳолат ҳақида бўлди. Тажрибали жамоа темирчининг устахонасидаги ҳолатни тасаввур қилиб, тўғри жавобга етиб бора олди. Ҳисоб – 3:3.

Жамоа аъзоси Темур Мирзаев

7-раундда италян ёзувчиси Никола Макиавеллининг "Ҳукмдор" асарида нимага нисбатан “у йўталга ўхшаб олдиндан билиб бўлмайдиган ҳолат. Даволаш осон-у, лекин ҳеч ерда охиригача даволай олишмайди”, дея таъриф берилгани ҳақида савол ўйналди. Хоинлик деб жавоб берган жамоа ушбу саволга тўғри жавоб топа олмади ва ҳисобда яна телетомошабинлар олдинга чиқиб олди – 3:4.

Жамоа аъзоси Рушана Ражабова

Кейинги раундда машҳур футболчи Йохан Кройф даврида футболчилар нимага симуляция қилмагани ҳақида савол ўйналди. Жамоа саволнинг жавобига анча яқин келган бўлса-да, муҳокамалардан сўнг жавоб нотўғри деб топилди. Ҳисоб – 3:5.

Жамоа сардори Жобир Аҳмедов

9-раундга келиб, ҳисоб қалтис кўриниш олди. Энди биргина нотўғри жавоб жамоанинг мағлубиятига ва финалдан қуруқ қолишига сабаб бўлиши мумкин.

9-раундда Ўткир Ҳошимов нима нарсага “у баъзан тасодифан, баъзан атайлаб одам қалбига бегонадек бош суқиб кириб келади, сўнг ётоқдан жой сўрайди. Охирида хўжайиндек жойлашиб олади. Унга бир бора йўл бердингизми, тамом, кейин унинг измидан чиқа олмайсиз”, дея таъриф бергани ҳақидаги савол ўйналди. Афсуски, жамоа саволга тўғри жавоб топа олмади ва ёзги мавсум финали учун курашдан чиқди. Ҳисоб – 3:6.

Жамоа аъзоси Ҳаётилла Раҳмонов

Эндиликда мавсум финалида Отабек Ҳамзаев бошчилигидаги ёш жамоа иштирок этадиган бўлди.

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

1-раунд. Савол муаллифи: Холбика Эшмуродова, Яккабоғ тумани, Қашқадарё

Бошловчи: Юртига сидқидилдан хизмат қилган инсонлардан бири бу — Шароф Рашидов бўлади. ХХ асрдаги энг улуғ сиймоларимиздан бири. Ўз даврида у кишига жуда кўп мукофотлар топширилган. 1994 йилда, ўлимидан сўнг Навоий давлат мукофоти билан ёдланади.

Диққат савол: Давлат мукофоти аниқ қайси хизматлари учун берилган?

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Танлаш қийин бўлган вариантлар бўлди, масалан, ёзувчилиги учун, лекин бошидаги юртига сидқидилдан хизмат қилганлиги бизни кенгроқ ўйлашга мажбур қилди ва бизнинг фикримизча, Навоий вилоятининг ташкил топишида катта ҳисса қўшган ва Навоийнинг номи берилишида, янги ташкил топган вилоятда катта ташаббускор бўлганлиги учун Навоий давлат мукофоти берилган.

Тўғри жавоб: У киши сиёсат арбоби, шоир, ёзувчи ҳам бўлганлар. Бу борада у кишини бир катта асарлари қолмаган, бир-иккита романлари бор холос. Аммо бир хизматлари борки, маҳобат билан шаҳримизни қоқ ўртасида ҳалигача халққа хизмат қилиб келмоқда. Мукофотни "Халқлар дўстлиги" санъат саройининг ғоя муаллифи, ижодий раҳбарлиги учун олганлар.

Ҳисоб: 0 - 1

Савол муаллифи Холбика Эшмуродова 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

2-раунд. Савол муаллифи: Мавжуда Султонова, Янгийўл тумани, Тошкент вилояти

Бошловчи: Бразилиялик қишлоқ аҳолисида шундай одат бор. Улар оилаларга омонлик тилашни хоҳлашса, ибодатхонага борганда, албатта, оқ рангли либосда келишаркан. Агар ёмғир сўрамоқчи бўлишса, ҳаворанг либос кийишаркан. Олисга кетган яқинларининг эсон-омон қайтишини хоҳлашса, қизил рангли кийимда ибодатга боришар экан.

Диққат савол: Нимани хоҳлаганда ибодатга жигарранг кийимда келишади?

Жавобни Ҳаётилла Раҳмонов беради: Кофе ҳосилининг яхши бўлишини сўрашмоқчи бўлишса, жигарранг кийишган.

Тўғри жавоб: Гап Бразилиядаги қишлоқ аҳолиси ҳақида кетяпти. Ҳосил йиғим-теримидан олдин жигарранг кийимни кўп кияди, агар ҳосиллари мўл бўлишини хоҳлашса, ибодатга жигарранг кийимда келишган.

Ҳисоб: 1 - 1

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

3-раунд. Савол муаллифи: Гулмира Раҳмонова, Когон тумани, Бухоро вилояти

Бошловчи: 1910 йилда Бухоро тахтига келган Амир Олимхон 1911 йили март ойида фармон чиқаради. Унга кўра, тўйларда фақат битта палов тортилиши талаб қилиб қўйилади. Бундан бошқа нарсага изн йўқ, чой, нон, албатта. Тўйда одамлар сонини қисқартириш ҳам назарда тутилган. 

Диққат савол: Одам сонини камайтириш мақсадида фармонга яна қандай банд киритилган?

Жавобни Темур Мирзаев беради: Амалдорни тўйга таклиф қилиш тақиқланган. Шундан кейин бевосита исрофгарчиликнинг ҳам олди олинган, яъни уларга алоҳида овқат ёки дастурхонни тўкин-сочин қилиш шартмас.

Тўғри жавоб: Мақсад нима? Одам сонини камайтириш тўйхонада. Одам қачон кўп йиғилади, ўзбекларнинг тўйида, айниқса, қишлоқларда. Бу тўйда кўпкари ва улоқ томошалари ўтказилса, кураш мусобақалари ўтказилса, одамларни сиғдириб бўлмай қолган. Шунинг учун мана шу нарсаларни тўхтатган. Жамоа берган жавоб савол жавобига зид бўлмаганлиги сабабли билимдонларга 1 балл берилади.

Ҳисоб 2 - 1

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

4-раунд. Савол муаллифи: Камронбек Бахтиёров, Фарғона шаҳри

Бошловчи: АҚШ ҳарбий денгиз флотининг айрим базалари анча йиллардан бери Куба қирғоқларида фаолият олиб боради. Оммага бу лойиҳа тинчлик мақсадида ташкил этилган деб кўрсатиш учун баъзан маҳаллий аҳолини база ичига экскурсияга олиб киришади. Албатта, унга кирувчилар шахси ўрганилган, текширилган.

Диққат савол: Оддий аҳоли орасидан кимларни базага киритишмаган?

Жавобни Темур Мирзаев беради: Америка ҳарбийлари экскурсияга танлаб олган одамларнинг инглиз тилини билмаслиги биринчи ўринда бўлган. Чунки базага киргандан кейин ускуналарнинг устида, маълум бир инструкцияларнинг ичида матнларни ўқиб тушуниб қолмаслиги керак бўлган.

Тўғри жавоб: База ичи АҚШ ҳудуди ҳисобланади, у ерга аҳолининг ҳамма қатламидан вакиллар киритилган. Аммо зинҳор ҳомиладор аёллар киритилмаган. Мабодо у аёл база ичида туғса, унга АҚШ фуқаролиги берилган. Тўғри жавоб — ҳомиладор аёллар.

Ҳисоб: 2 - 2

Савол муаллифи Камронбек Бахтиёров 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

5-раунд. Блиц саволлари.

1-савол муаллифи: Марат Мамутов, Нукус шаҳри

Бошловчи: Суратга эътиборингизни қаратинг.

Бу суратни чизган рассом Эрон шоҳи Тахмасп ва Бобурий ҳукмдор Ҳумоюн Мирзони тасвирлаган?

Диққат савол: Рассом бу суратни нима деб номлаган?

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Шатранж ўйини

Тўғри жавоб: Жавоб тўғри

5-раунд. Блиц саволлари.

2-савол муаллифи: Ғанишер Ҳасанов, Пахтачи тумани, Самарқанд

Бошловчи: Экрандаги суратга эътибор қаратинг.

Бу сурат ХХ аср бошларида Анадолуда олинган.

Диққат савол: Бу сурат қандай муассасада олинган?

Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Балки ўша пайтларда илк расмга олиш жараёнлари бошланган бўлган. Фотостудиядаги ҳолат.

Тўғри жавоб: Наҳотки улар қўлидаги кўзгу эканлигини сезмадингиз. Улар кўзгуга қараб ўз нутқларини ривожлантиришмоқда, бу сурат карлар мактабида олинган.

Ҳисоб 2 - 3

Савол муаллифи Ғанишер Ҳасанов 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритади.

6-раунд. Савол муаллифи: Алишер Қулмуродов, Жиззах шаҳри

Бошловчи: Савол муаллифи ёшлигида темирчи устахонасида шогирд бўлиб ишлаган экан. Энг биринчи кундаёқ унинг диққатини устахона ичидаги бир ҳолат тортгани, нега бунақа деганда, уста, шунақа бўлмаса уни англаб бўлмаслигини тушунтирган. Дастлаб кўниколмадим, лекин вақт ўтиши билан кўникдим, дейди савол муаллифи.

Диққат савол: Шогирд нима деб сўраган ва албатта устознинг жавоби керак?

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Балким ўша устахонанинг ёруғлиги деярли бўлмаган. Салкам қоронғиликда ишлашган. Шунинг учун, нега бунақа, деб сўраса, темирнинг қай даражада чўғи қизиганини, сифатини англаш учун, деб жавоб берган.

Тўғри жавоб: Шогирд шундай сўраганки, нега хонанинг ичи нимқоронғи, устоз, темирнинг тобига етганини назорат қилиш учун дейди.

Ҳисоб: 3 - 3

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

7-раунд. Савол муаллифи: Нигора Райимбердиева, Гулистон шаҳри, Сирдарё вилояти

Бошловчи: Италян ёзувчиси Никола Макиавелли "Ҳукмдор" романида унга шундай таъриф берган: у йўталга ўхшаб олдиндан билиб бўлмайдиган ҳолат. Даволаш осон-у, лекин ҳеч ерда охиригача даволай олишмайди. Сезган бўлсангиз, аниқлаш осон-у, даволаш қийин нарса назарда тутилмоқда.

Диққат савол: Макиавелли йўталга нимани ўхшатган?

Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Балки у сотқинлик, хоинлик ҳақида айтган бўлиши мумкин. Буни биринчидан олдиндан билиб бўлмайди, ким бу нарсани қилади, орқадан келиб пичоқ уради. Нима учун уни охиригача даволаб бўлмайди? Айтайлик, сиз шу одамни тўғрилаганингиз билан, кечирганингиз билан шу нарсани қанақадир асорати, изи кўнгилда қолади. Ишонч аввалгидек бўлмайди.

Тўғри жавоб: Уни йўталга бекорга ўхшатмаган, тўсатдан келади ва даволашга киришади, лекин охиригача ҳеч ким даволамайди уни. Худди шундай унда ҳам мана шу ҳолатларни кўришингиз мумкин. Макиавелли бу фикрни порахўрликка нисбатан айтган.

Ҳисоб: 3 - 4

Савол муаллифи Нигора Райимбердиева 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

8-раунд. Савол муаллифи: Саидаъзам Хўжаев, Олмазор тумани, Тошкент шаҳри

Бошловчи: Машҳур футболчи Ёҳан Кройф, бизнинг авлод футболчилари ҳозирги ўйинчилардек симуляция қилишни ёқтиришмайди ва билишмайди. Сабаби футболни ўрганиш жараёнида биз билан уларнинг орасида катта фарқ бўлган. Шундан янги авлод бемалол симуляция қиляпти, бизнинг авлод буни ҳеч қачон қилмайди.

Диққат савол: Айтинг-чи, Кройф авлоди нега симуляция қилмаган?

Жавобни Рушана Ражабова беради: Фикримизча, ҳозирги майдонларга нисбатан, Ёҳан Кройф давридаги майдонлар сифатсиз ва қаттиқ бўлган. Ҳозир биламиз, чим, йиқилса ҳам камроқ жароҳат олиш эҳтимоли бор. Ўша вақтларда жароҳат олиш эҳтимоли кўп бўлганлиги сабабли футболчилар йиқилмасликка ҳаракат қилишган ва шунинг учун симуляция ишлатишмаган.

Тўғри жавоб: Кройф айтган, бизнинг авлод кўчаларда асфалт устида футбол ўйнаган. Ҳатто рақиб чалса ҳам, мувозанат сақлаб қолганмиз, йиқилсак ҳам, лат емасликка ҳаракат қилганмиз. Янги авлод чим устидаги майдонларда ўйнайди, ўрганади. Шунинг учун сал туртсаям йиқилиб симуляция қилишади.

Ҳисоб: 3 - 5

Савол муаллифи Саидазам Хўжаев 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

9-раунд. Савол муаллифи: Шафоат Абдуллаева, Янгиҳаёт тумани, Тошкент шаҳри

Бошловчи: Машҳур ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов фикрича, у баъзан тасодифан, баъзан атайлаб одам қалбига бегонадек бош суқиб кириб келади, сўнг ётоқдан жой сўрайди. Охирида хўжайиндек жойлашиб олади. Унга бир бора йўл бердингизми, тамом, кейин унинг измидан чиқа олмайсиз. Ундан узоқ бўлмоқликни таклиф қилган, ёзувчимиз.

Диққат савол: Нима ҳақида гап бормоқда?

Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Кибр

Тўғри жавоб: Бу ерда бир жойига чуқурроқ эътибор қаратиш керак эди: унга бир бора йўл бердингизми, тамом, кейин уни измидан чиқа олмайсиз, доимо сизни эзиб туради, доимо сизни қалбингизни эгаллаб туради демоқчи. Тўғри жавоб - гуноҳ.

Ҳисоб: 3 - 6

Савол муаллифи Шафоат Абдуллаева 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг энг фаол билимдони — Хушнуд Худойбердиев

Хушнуд Худойбердиев 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Энг яхши савол муаллифи — Мавжуда Султонова, кофе ҳосили ҳақидаги савол

Мавжуда Султонова 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг тўлиқ видеосини ушбу ҳаволада томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид