Ўзбекистон | 18:29 / 02.05.2023
11431
4 дақиқада ўқилади

“Сиёсат ҳақидаги гапириш – футбол ҳақида гапиришдек эркин” — тадқиқотчи АҚШ демократиясининг асослари ҳақида

Америкада 3 та ҳокимият – парламент, ижро ва суд ҳокимиятлари бир-бирларини тийиб туришининг асосий сабаби бу ерда сиёсий институтлар яхши шаклланган. Бу эса эркинлик тушунчасига бориб тақалади. Яъни эркинлик муқаддас саналади ва сиёсий институтларга тўғридан тўғри таъсири бўлади, дейди Иллинойс университети докторанти Икромжон Тўхтасинов.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Икромжон Тўхтасинов – Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети бакалаври. Магистратурани эса АҚШдаги машҳур Нотр Дам университетида тамомлаган. Айни пайтда Иллиноис университетида докторантура қилмоқда.

— Америкадаги сиёсий тузум ҳавас қиларли. Бу ерда ҳокимиятлар бир-бирини тийиб туриши кўп ҳолларда мисол тариқасида келтирилади. 200 йилдан ошиқ вақт давомида қудратли армия, таъсири кучли президентлар бўлишига қарамасдан, суд ва парламент мустақил. Доимий ривожланишда. Бунинг сабаблари нимада?

— Қисқа қилиб айтганда, сиёсий институтлар яхши шаклланган. Бу нарсалар эркинлик тушунчасига бориб тақалади. Яъни эркинлик муқаддас саналади ва сиёсий институтларга тўғридан тўғри таъсири бўлади. Турли давлатларнинг бой-камбағаллиги, кучли-кучсизлиги у ердаги сиёсий, иқтисодий институтларга боғлиқ. Агар иқтисодий институтлар одамларни қўллаб-қуваатласа, интеллектуал мулки ҳимоя қилиниб, патентлаштириш бўлса, ривожланиш бўлади. Иқтисодий институтларнинг яратилишига эса сиёсий институтлар асос бўлади, яъни барибир сиёсатга тақалади.

Американинг ташкил топиши ва ҳозирги кунга қадар қудрат билан етиб келишига сабаблардан бири сифатида конституцияни, тийиб туриш механизмларини айтиш мумкин. Бундай сиёсий институтлар давлатнинг ўзига боғлиқ эмас, вазиятларга боғлиқ.

— Ўзбекистонда сиёсатга аралашма деган тушунча бор. Айниқса олдинги маъмурият даврида кучли эди бундай қараш. Бу ерда одамларнинг сиёсатга қизиқиши, аралашуви қай даражада?

— Бу ерда сиёсат ҳақида гапириш муаммо эмас, одатий ҳол. Келиб чиқиши, мансаби, ёши муҳиммас. Кимнингдир сиёсий билими яхшироқ, кимнингдир билими етарли бўлмаслиги мумкин, лекин фарқи йўқ, ҳаммада гапириш, фикр билдириш эркинлиги бор. Сиёсатни муҳим деб билиш учун эса сиёсий билим бўлиши шарт эмас. Сиёсат ҳақидаги суҳбатлар худди оддий футбол ҳақида гаплашгандек гап, яъни эркин.

Нафақат сиёсат ҳақида гапириш, балки давлат хизматчиларига ҳам ўз фикрини билдириши, фуқаролар норози бўлиши ҳам мумкин. Бунинг учун ҳеч ким айбламайди. Конституцияда давлат фуқароларнинг сўз эркинлигини буза олмайди, деб белгилаб қўйилган. Агар давлат ташкилоти томонидан сўз эркинлиги бузилса, бемалол судга бериш мумкин.

Инқилобдан сўнг конституция бундай қабул қилинганига сабаб ўша пайтда фуқароларда қурол бўлган, яъни давлат билан кураша олган. Шу сабабдан штатларни бирлаштириш учун фуқаролар манфаати кўзланган конституция қабул қилинган. Иккинчи тарафдан Британия қироллигига қарши туриш ҳам бўлган. Ва бу сиёсий институтлар – аҳоли ва элита ўртасида рақобат натижасида пайдо бўлган. Давлат ва фуқаролар ўртасида мувозанатни сақлаш муҳим ҳисобланган. Чунки қайсидир тараф ҳаддан ортиқ кучайиб кетса, ривожланиш бўлмас эди.

— Америкада эркинликни таъминлашда конституция ва хартиялар муҳимми ё уларнинг ижроси ва ижрочиларими?

— Конституция – давлат ва фуқаролар ўртасидаги келишув. Жамият ва элита конституциясининг муҳимлигига ишониши керак, йўқса, қадри пасаяди. Қонунлар, қарорлар қабул қилишда конституциядан четга чиқилмаган, чунки оқибати ёмон бўлишини билишган, келажакни ўйлашган. Олий суд доим конституцияни ҳимоя қилган. Бошқа сиёсий институтлар ҳам конституциядан четга чиқмасликка ҳаракат қилган. Давлат ва жамиият биргаликда кучайиб борган бу жараёнда.

Масалан, аёлларга сайлаш ҳуқуқи берилиши жараёнида давлат ҳам, аёллар жамияти ҳам кучайган. 2020 йилдаги президент сайловларида ҳам амалдаги президент ўз лавозимидан фойдаланиб сайловга таъсир ўтказмоқчи бўлди, лекин сиёсий институтлар йўл қўймади, тийиб турди.

·       Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видео орқали кўришингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов 

Мавзуга оид