Ўзбекистон | 17:56 / 13.04.2021
31608
2 дақиқада ўқилади

Ижарада яшовчи талабалар учун тўловнинг ярми давлат томонидан қоплаб берилади

Президент Ўзбекистонда 130 мингдан зиёд талабалар ижарада яшаётганига тўхталиб, 1 майдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилишини маълум қилди.

Ёшлар муаммоларини ечишга бағишланган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари талабаларни қийнайдиган муаммоларга тўхталиб ўтди.

«Бугунги кунда 130 мингдан зиёд олийгоҳ талабалари ижарада яшамоқда. Бу масалани ҳал қилиш бўйича Ҳукумат томонидан алоҳида дастур тайёрланмоқда. Унга кўра, бундай фарзандларимизга 1 майдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади.

Дастлабки босқичда ушбу тизим орқали 60 минг нафар ёшлар қамраб олинади. Шу билан бирга, эҳтиёжманд талабаларга ушбу харажатлар ҳокимликлар ва олийгоҳлар маблағи ҳисобидан ҳам қоплаб берилади.

Ишметов ушбу мақсадлар учун 100 миллиард сўм ажратсин. Буям катта пул, лекин мен бунга розиман. Қишлоқдан келган фарзандларимиз давлат ғамхўрлигини ҳис қилиши керак.

Тошқулов, Ишметов, ректор ва вилоят молия бошлиқлари икки ҳафта муддатда ижарада турган талабалар билан учрашиб, 1 майдан тўловларни бошласин», – деди президент.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов сўзга чиқди.

«2021-2025 йилларда 92500 ётоқхона ўринлари қурилади ва бу 2017-2021 йилларга нисбатан 20 баробар кўп дегани. Бунинг учун 4,4 трлн сўм маблағ ажратилади. Кўпчилик талабаларга ўз уйини ижарага беришни истамайди. Энди тўловлар муаммоси ҳал бўлгач, биз ўзимиз талабаларга бериладиган уй-жойларни текшириб кўрамиз», деди вазир.

Мавзуга оид