Жаҳон | 16:08 / 04.11.2023
22540
11 дақиқада ўқилади

Булдозер ёки «Killdozer» - америкалик тадбиркор ўзига ноҳақлик қилган компания ва шаҳар маъмурияти биносини нега бузганди?

АҚШда бетон заводи эгаси ёнидаги устахонани сотиб олишда ғирромлик қилади. Келишилган нархни бекор қилиб, ер-мулкни арзонга олмоқчи бўлади. Устахона эгаси кўнмагач унинг ерига борадиган йўлни тўсиб қўяди. Чорасиз қолган уста катта булдозер билан аввал бетон заводини, сўнг ўзига ноҳақлик қилган шаҳар маъмурияти биносини бузади. Бу ҳодиса АҚШда жуда катта шов-шувларга сабаб бўлади.

Фото: wikipedia.org

Дунё тараққий этар экан, турли давлатларда эски бинолар бузилиб, янгиси қурилади. Давлат тасарруфида бўлган ер ё бино қайсидир тадбиркорга сотилади. Ёки бир тадбиркор иккинчисининг ер-мулкини сотиб олади.

Гап «снос»лар ёки мулк олди-сотдиси ҳақида кетар экан, бу иш турли давлатларда турлича амалга оширилади. Қайсидир давлатда ижро ҳокимияти томонидан ер-мулк тортиб олиниб, арзимаган ҳақ тўланади.

Бошқасида эса жараёнга ижро ҳокимияти аралашмайди, шунчаки пули кўп компания бошқаларнинг ер-мулкларини арзонга олишга уринади. Бундай ишларда айрим ҳолатларда харидор компания турли ғирромликлардан ҳам қайтмайди.

Ана шундай ғирром савдолардан бири 2004 йилда Американинг Колорадо штатида содир бўлади. Бетон ишлаб чиқарувчи компания ўз корхонасига туташ ерда жойлашган устахона эгаси Марвин Химейерга ғирром ўйин қилади. Шунда ўз мижозларидан айрилган уста сўнгги чорани қўллайди.

Марвин Химейер \ Фото: dirty.ru

Ҳодисадан аввал

1951 йилда Жанубий Дакотада туғилган Марвин Химейер ўз вақтида Ветнам урушида ҳарбий муҳандис бўлиб қатнашганди. У ўша урушда асосан ҳарбий самолётлар ҳамда вертолётларни таъмирлаш билан шуғулланади.

Урушдан қайтгач узоқ йиллар давомида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари таркибида аэродром техник ходими сифатида ишлаб, нафақага чиқади.

1990-йиллар бошида Марвин Колорадо шататига, Грэнби шаҳри яқинидаги Гранд-Лейк шаҳарчасига кўчиб келади. 1992 йилда у Грэнби шаҳар четидан 2 акр (8,1 минг метр квадрат) ерни 42 минг долларга сотиб олади.

Марвин у ерда автомобилларни таъмирловчи устахона очади. Бошқа қисмига автомобиллар учун эҳтиёт қисм ишлаб чиқарувчи корхона қуришни режа қилади.

2001 йилгача Марвинда ҳеч қандай муаммо бўлмайди ва у анчагина мижоз орттиради. Бироқ ўша йили вазият тубдан ўзгариб кетади ва у иш фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлади.

Гап шундаки, 2001 йилда Марвиннинг ери ва устахонасига туташ бўлган ерни маҳаллий компаниялардан бири сотиб олади ва бетон ишлаб чиқарувчи завод қуради.

Мазкур компания анча йирик бўлиб, бошқа жойларда ҳам унинг бетон тайёрловчи заводлари бор эди. Иш бошлаганидан кўп ўтмай компания атрофдаги ер-мулкларни сотиб олиб, бетон заводни кенгайтиришга қарор қилади.

Марвин Химейер \ Фото: mogilev.by

Компания эгаси бўлган аёл энг аввал Марвинбилан оғзаки келишувга эришади. Уста унга ўз ер-мулкини 250 минг долларга сотишга рози бўлади. Бироқ аёл бетон заводга туташ бошқа ер-мулкларни арзонроққа ола бошлагач Марвин билан келишувни бекор қилади.

Кўп ўтмай аёл атрофдаги барча ерни сотиб олгач Марвиннинг ер-мулки унга қарашли бўлган ернинг ўртасида қолиб кетади. Марвиннинг устахонасини катта йўл билан боғлайдиган кўча қолади.

Шунда аёл Марвинга ер-мулкини арзонроқ берса сотиб олиши мумкинлигини айтади. Табиийки, у кўнмайди. Шунда аёл Марвиннинг устахонасига келадиган йўлни ёпиб қўяди. Оқибатда, уста чорасиз қолади ва ўз мижозларидан айрилади.

Марвин компаниянинг ишидан шикоят қилиб, Грэнби шаҳар маъмуриятига боради. Бироқ у ердагилар Марвинга компания эгаси билан ўзи келишиши кераклигини айтади.

Кейинчалик масала шаҳар маъмуриятида кўриб чиқилганда аёл Марвинга туҳмат қилади. У устанинг ер-мулкини 250 минг долларга сотиб олмоқчи бўлганини, бироқ Марвин бу таклифни рад этиб, нархни оширганини маълум қилади.

Бироқ Марвин нархни оширмаганини таъкидлайди. Уни яқиндан танийдиганлар буни тасдиқлашади ва аксинча компания эгаси ерни арзонроқ олиш учун дастлабки таклифидан воз кечганини айтади. Бироқ шаҳар маъмурияти буни эътиборга олмайди.

Грэнби шаҳри маркази \ Фото: isitestespark.com

Чорасиз қолган Марвин компания эгаси билан музокара ўтказиб кўради, бироқ натижа бўлмайди. Шундан сўнг у компанияни судга беради ва ютқазади.

Охир-оқибат Марвин мутлақо чорасиз қолади ва бетон завод эгалари ҳамда ўзига нисбатан ноҳақлик қилган шаҳар маъмуриятига қарши ноодатий йўл билан курашишга қарор қилади.

Зирҳли булдозер

2002 йилда Марвин Калифорнияга боради ва ўзига бошқа йўл очиш учун Япониянинг Komatsu компаниясида ишлаб чиқарилган йирик ўлчамли, занжирда ҳаракатланадиган Komatsu D355A булдозерини сотиб олади.

Komatsu D355A булдозери \ Фото: kolesa.kz

Бироқ булдозерни келтирганидан сўнг унинг фикри ўзгаради ва ер-мулкини сотувга қўяди. Марвиннинг ерига олиб борадиган йўл йўқлиги учун аукционда унга бор-йўғи 45 минг доллар нарх белгилашади.

Бироқ савдо Марвин учун омадли тугайди. Унинг ер-мулкига бошланғич нархдан қарийб 10 баробар кўп пул таклиф этишади ва 425 минг долларга сотилади.

Марвинга булдозерни ўқ ўтмас техникага айлантириш учун жой керак эди. Шу сабабли у ўзи сотган устахонани янги эгасидан ижарага олади ва булдозерни ўқ ўтмайдиган зирҳли техникага айлантириш учун иш бошлайди.

Икки йил давомида Марвин булдозернинг устини икки қаватли қалин металл бўлаклари билан ўраб чиқади. Сўнг улар орасига бетон қуяди ва зирҳнинг қалинлиги 30 сантиметрга етади.

Марвин булдозернинг тўрт томонига камера, ичига бир нечта экран ўрнатади. Камераларни 6-7 сантиметр қалинликдаги ўқ ўтказмайдиган шаффоф пластик билан ўраб чиқади.

У шу тариқа темир бўлаклари билан ёпиб ташланган булдозерда ҳамма ёқни кузатиш имкониятига эга бўлади. Марвин камераларни чанг қоплаб қолмаслигининг олдини олиш учун уларга шамол пуркайдиган мослама ўрнатади.

Булдозер кабинасида кондиционер ўрнатилганди. Мабодо у ишламай қолса, ичкаридаги ҳавони алмаштириб туриш учун шамол парраги тайёрлаб қўйилганди.

Булдозер зирҳли кўринишга келтирилгандан сўнг \ Фото: adfaver.ru

Ўч олиш учун ҳужум 

2004 йил 4 июн куни Марвин зирҳланган булдозер ичига сув, озиқ-овқат захираси, бир нечта ўқотар қурол билан кириб олади ва бетон завод эгаси ҳамда унга тарафкаш бўлганлардан ўч олиш учун ҳаракат бошлайди.

Марвин энг аввал тўсиқни бузиб кириб, бетон завод ва унинг маъмуриятини вайрон қилади. Сўнг Грэнби шаҳри марказига қараб ҳаракатланади. У манзилга етгач бетон завод томонида туриб ўзига қарши бир нечта мақола эълон қилган маҳаллий газета таҳририяти жойлашган бинони бузиб ташлайди.

Ўша пайтда ҳодиса жойига дарҳол полиция бўлинмалари етиб келади. Бироқ булдозерни тўхтатиш ва унинг ичидан Марвинни чиқариб олишнинг иложи йўқ эди.

Полициячилар томонидан булдозерга қарата 200 дан ортиқ ўқлар узилади, бироқ улар зирҳни тешиб ўта олмасди. Полициячилар булдозерни уч марта портлатишга уринишади. Бироқ барча ҳаракат беҳуда кетади.

Марвин Киллдозер билан бетон заводни бузмоқда.

Шундан сўнг булдозер ҳаракатланаётган томонда жойлашган биноларда бўлган одамлар зудлик билан эвакуация қилинади.

Марвиннинг навбатдаги нишони ўзига ноҳақлик қилган судянинг уйи бўлади. У судя ҳам бетон заводи эгасининг томонида туриб ноҳақлик қилди деб ҳисоблайди. Ундан кейин шаҳар маъмурияти биносига зарар етказади.

Зирҳланган катта булдозер турли биноларни бир ҳамладаёқ текислаб ташлар экан, маҳаллий маъмурият, полиция, ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар унга қарши нима чора қўллашни билмасди.

Булдозерга яна ўқотар қуроллардан ўт очиб кўришади, уни бронтоминомёт билан мўлжалга олишади, нафи бўлмайди. Зирҳланган улкан транспортни тўхтатишнинг мутлақо иложи йўқ эди.

Шундан сўнг Колорадо штати губернатори Бил Оинс Марвинни тўхтатиш учун иккита вариантни муҳокама қилади. Бири Миллий гвардия вертолёти билан тепадан туриб булдозерга ракета зарбасини бериш ёки уни танкларга қарши қўлланадиган «Жавелин» ракетаси билан нишонга олиш эди.

Бироқ булдозерни нишонга олишга ҳожат қолмайди. Марвин булдозер билан ҳамма ёқни текислай бошлаганига 2 соатдан ошганда техникада носозлик кузатилади ва у ҳаракатдан тўхтайди.

Марвин полицияга таслим бўлишни хоҳламайди ва булдозер кабинасида ўз жонига қасд қилади.

Ўша куни Марвин умумий ҳисобда 13 та турли бинога зарар етказади. Одамлардан ҳеч ким жароҳатланмайди. Кейинчалик ҳисоблаб қўрилганда етказилган зарар миқдори 7 миллион доллар экани маълум бўлади.

Ҳодиса ҳақидаги хабар Америка ОАВ, телеканаллар ва интернет тармоғида тарқалар экан, ушбу нохуш ҳодиса туфайли ўзига гард юқтиришни хоҳламаган шаҳар маъмурияти Марвинни руҳий хаста деб маълумот тарқатади.

Интернетда тарқатилган маълумотларда уни бюрократик тўсиқларга ва ҳокимият вакилларининг йирик компанияларга «сотилиши»га қарши исён билан чиққанини ёза бошлашади. Шу сабабли Марвин билан содир бўлган ҳодиса ҳақида эшитганлар уни «Американинг сўнгги қаҳрамони» деб атай бошлашади.

Булдозер тўхтаб қолгандан сўнг унинг тепа қисмидаги люкни очиб, Марвиннинг жасадини чиқариб олиш учун бир сутка вақт сарфлашади.

Фото: wikipedia.org

Ҳодисадан сўнг

Марвин булдозери билан шаҳардаги биноларни текислар экан, ҳодиса бутун мамлакат бўйлаб овоза бўлади. Кўп ўтмай Марвин содир этган иш ҳақида суриштирув бошланади.

Энг аввал Марвиннинг Гранд-Лейкда жойлашган уйида тинтув ўтказилади. У ердаги компютердан булдозерни зирҳли техникага айлантириш бўйича чизмалар топилади.

Шунингдек, компютердан Марвин ўз акасига жўнатган бир нечта овозли хабар топилади. У ўз хабарида Худо унга оила ва фарзандлар бермай, шу қасос ишга тайёрлагани ҳақида гапирган экан.

Бундан ташқари, Марвиннинг уйидан уни хафа қилган одамларнинг исм-шарифлари ёзилган рўйхат топилади. Бетон завод тегишли бўлган компания эгасининг исм-шарифи рўйхатда биринчи бўлиб турарди. Пастда эса судя, шаҳар маъмурияти, газета редактори кабиларнинг оти ёзилганди.

Бошқа бир ёзувда эса мақсади фақат қурилаётган бетон заводини бузиш бўлганини қайд этганди.

Ҳодисадан сўнг америкаликлар «Killdozer» деб атай бошлаган булдозер қарийб бир йил қаровсиз ҳолатда туради. 2005 йилда Марвиннинг тарафдорлари эсдалик сифатида бўлаклаб кетмаслиги учун булдозерни металлоломга топшириб юборишади.

Кейинчалик Марвин ҳақида бир нечта ҳужжатли филмлар суратга олинади. Мақолалар эълон қилинади. Бугун Америкада уни жуда кўпчилик адолатсизликка қарши курашган қаҳрамон сифатида эслайди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид