Жамият | 09:00 / 15.09.2019
23013
5 дақиқада ўқилади

Ҳазрат қаламига мансуб, ҳали нашр қилинмаган ўн бешта китоб мавжуд — Исмоил Муҳаммад Содиқ

14 сентябрь куни «Hilol-nashr» нашриётида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг навбатдаги китоби тақдимоти ўтказилди. У кишининг қаламига мансуб ушбу китоб «Олам ва одам, дин ва илм» деб номланган.

Тақдимот тадбири анъанага мувофиқ Қуръони карим тиловати ва дуои хайрлар қилиш билан бошланди. Сўнгра сўзга чиққанлар мазкур китобнинг ёзилиш тарихи, унда кўтарилган масалалар, жамият ва инсон ҳаётидаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

«Олам ва одам, дин ва илм» муаллифнинг вафотидан кейинги нашр қилинган тўртинчи китоби.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ўғли Исмоил Муҳаммад Содиқ муаллиф ҳаётлигида таълиф ва таржима қилган ва вафотидан кейин нашр этилаётган китоблар ҳақида маълумот берди.

«Ушбу китоб ҳазрат ўзлари таълиф қилган, вафотидан кейин нашр қилинган тўртинчи китоб ҳисобланади.

Шунингдек, 2 та таржима китоблари ҳам нашр қилинган. Бундан ташқари ҳали нашр қилинмаган 2 та таълиф ва 13 та таржима — жами 15 та китоблари бор. «Исломда уч бало: Ислом гиёҳвандлик, ароқхўрлик ва кашандаликка қарши» номли китобни ўзлари таълиф қилган. Шунингдек, умрлари охирида қазо ва қадар номли китоб ҳам ёзган. Таржима китоблардан аксари уламоларнинг асарларидан қисмларни масжид имомлари, мадраса мударрисларига ўтилган дарслар асосида тузилган. Хусусан, улардан бири Ҳаким Термизийнинг «Нодир асарлар» ва «Янги ҳаёт» деб таржима қилинган «Муридлар одоби» китобларидир. Шунингдек, замонамиз уламоларидан бўлган шайх Тақий Усмонийнинг «Замонавий фиқҳий муомалалар баҳслари» деб номланган китоблари ҳам ҳазрат томонидан таржима қилинган.

Ҳазрат бу китобни 2014 йил 4 июль жума куни ёзиб тугатган. Мана орадан беш йилдан зиёд вақт ўтиб ушбу китоб нашр қилинди».

Устозимиз айтардики, «Менинг ҳар куни китоб ёзишдан вирдим бор».

Тақдимотда сўзга чиққан Ҳасанхон қори Яҳё Абдулмажид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф суҳбатларида бўлган айрим хотиралари билан бўлишди.

«Устозимиз айтардики, қўлидан иш келадиган одам уйда тасбеҳ ўгириб ўтириб қолмайди. Зикрини қилади-да, бошқа вирдларга ўтади. Масалан, бой одамнинг вирди садақа қилиш; толиби илм бўлса, унинг вирди китоб ўқиш; олимнинг вирди эса китоб ёзишдир.

Баъзида кишилар бизникига ҳам ташриф қилинг деганда, агар уйда бўлсам бир кунда ўн варақ китоб ёзаман, дер экан.

Яна айтардилар, киши бир вазифага ўрганса, ўша иши битмаса уйқу келмайдиган бўлиб қолади».

Маълумот учун, вирд деганда тақводор мусулмоннинг ўзига кунлик бажаришни белгилаб олган вазифаси тушунилади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Руҳий тарбия» китобида вирд ҳақида шундай дейилган: «Кундалик вирдлар ва уларнинг тартиби деганда бугунги куннинг таъбири билан айтганда, муриднинг кун тартиби кўзда тутилади. Албатта, бунда муриднинг ёши, илми, касби, шахси ва бошқа барча омиллар ҳисобга олинади».

Олам одам билан обод, одам дин билан мукаммал, дин эса илм билан ривожланади.

Зокиржон домла ушбу китоб аҳамияти ҳақидаги ўз фикрларини шундай билдирди:

«Олам одам билан обод, одам дин билан мукаммал, дин эса илм билан ривожланади. Бу китобнинг аҳамияти шундаки, математиками, физиками ё бошқа — илмга кириб келаётган ёшларни пул ва мансабга қараб ўтирмай, илмий ихтиролар қилишга «ўқлаб қўяди».

«Ҳар битта иқтибосни ўқиганда манбаларни қидириб топгинг келади» — ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад.

«Бу китоб муаллифнинг узоқ йиллик илм ўрганиш, ҳаётий тажриба ва хулосалари самарасидир. Китобни маълум тайёргарликсиз ўқиб бўлмайди. У ниҳоятда маълумоту ахборотга, мулоҳаза ва иқтибосларга бой китоб. Ҳар битта иқтибосни ўқиганда манбаларни қидириб топгингиз келади.

Илмий китобнинг табиати китобхонни ўқишга, фикрлашга, мушоҳадага ундайди. Мазкур китоб ҳам худди шундай. Дунё нимага яралган? Дин нимага керак ва зурурати нима? — Ҳаммаси илм, усиз ҳеч нарса йўқ. Ушбу китобдаги оддий битта саволга берилган жавобнинг ўзида қанча илм бор», дея ўз муносабатини билдирди таниқли ёзувчи.

Мавзуга оид