Ўзбекистон | 09:00 / 17.05.2021
22364
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Тожикистонга ташрифи доирасида Хўжандга ҳам боради - ОАВ

Фото: Президент матбуот хизмати

Жорий йил 10-12 июн кунларига режалаштирилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи доирасида унинг Хўжанд шаҳрига бориши ҳам мўлжалланган. Бу ҳақда «Азия-Плюс» Тожикистон ҳукуматидаги манбага таянган ҳолда хабар берди.

Қайд этилишича, Хўжандга Шавкат Мирзиёев билан бирга Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам боради.

Душанбеда музокаралар ўтказилиб, 30дан ортиқ ҳукуматлараро битимлар имзоланганидан сўнг, икки мамлакат раҳбарлари Сўғд вилояти маъмурий марказига бориши кутилмоқда.

“Шавкат Мирзиёев Сўғд вилоятининг савдо-иқтисодий салоҳияти билан танишмоқчи, у бир қатор саноат корхоналари ва маданий-тарихий жойларни зиёрат қилади”, дейилади хабарда.

Сўғд ва Ўзбекистоннинг қўшни вилоятлари ўртасида алоқаларни ўрнатиш масалаларини вилоят раҳбарияти билан муҳокама қилиш ҳам режалаштирилган.

Шу билан бирга, 15 май куни Тошкентда Ўзбекистон ва Тожикистон бош вазирлари Абдулла Арипов ҳамда Қоҳир Расулзода раислигида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар беришича, Ўзбекистон президентининг Тожикистонга бўлажак ташрифига тайёргарлик кўриш нуқтайи назаридан икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Савдо ҳажмини янада ошириш имкониятлари, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш бўйича қўшма чора-тадбирлар, тоғ-кон ва электротехника саноати, энергетика, транспорт соҳаларида ҳамкорлик кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунлари бўйича эришилган келишувлар ва келгуси ҳамкорликнинг асосий йўналишлари акс этган баённома имзоланди.

Шунингдек, Тожикистон делегацияси Ўзбекистонга ташрифи доирасида бир қатор саноат корхоналарига ҳам борди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид